Тил учидаги ва дил тубидаги гаплар

Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномаларида халқимиз дилидаги орзу-умидлари ҳақида гапирдилар. Азал-азалдан порахўрлик ёки коррупцияга қарши кураш тўғрисида сўз борса-да, бу гал “Коррупция — ёвуз бало!” — деган халқона сўз ишлатилди. Журналист эмасманми, жамият танасидаги бу доғ қачон йўқолиши ҳақида кўп ўйлаганман.

Мурожаатномада яширин иқтисодиётга қарши курашга  алоҳида эътибор қаратилди. Дарвоқе, бюджет маблағлари ҳисобига “бойвачча”лик қилган мутасаддиларни кўп кўрганман.

Президентимиз одамлар ҳали эшитмаган, эҳтимол чуқур ўйлаб ҳам кўрмаган яна бир мулоҳазани ўртага ташладилар: “Давлат молиявий назорати”ни ташкил этиш. Қолаверса, коррупцияга қарши курашни изчил, тизимли олиб бориш учун алоҳида орган ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлди. Шунингдек, “Жамоатчилик назорат палатаси” тузишни ҳам таклиф этдилар. Албатта, бу таклифлар амалга оширилади, натижада ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаёти янада обод бўлади, адолат устуворлигини таъминлашга катта қадамлар қўйилади.

Бундан ташқари, Президентимиз солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, тадбиркорлар харажатларининг бир қисмини давлат қоплаб бериши сингари мутлақо кутилмаган таклифларни илгари сурдилар. Дарҳақиқат, солиқ тизимини ислоҳ қилишда катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Эндиги мақсад тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизимини яратишга қаратилди.

Кейинги уч йил давомида Ўзбекистонимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб кўп қаватли бинолар қад ростлади. Олис қишлоқларда ҳам турар-жойлар қурилмоқда. Юртбошимиз “Ватан ичра ватани — уй-жойи бўлса халқ ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади!” деганларида кўзимиз қувончдан ёшланди. Айниқса, кам таъминланганлар 12-15 фоизни ташкил этиши, бу дегани 4-5 миллион одам камбағаллик касридан қийналаётгани, камбағал тушунчасини камайтириб бориш ҳаётий зарурат экани, бунда Фарғона водийсидаги 22 та қишлоқнинг аҳолиси учун берилган кредитлар, уларнинг турмуш шароитини  яхшилаш йўлида иш билан таъминлангани, бу тажриба республикадаги бошқа қишлоқларда ҳам жорий этилиши  таъкидланди. Бу мақсадлар учун 700 миллион АҚШ доллари сарфланиши айтилди.

Энг муҳими, ўзбекистонликлар республикамизнинг ўзи истаган жойида “прописка”дан ўтиши масаласи ўртага ташланганда неча минглаб одамларнинг узоқ йиллардан буён “дарди”га малҳам бўлди, десак асло хато бўлмаса керак.

Халқ ҳаёти фаровонлиги фавқулодда ечим топаётибди. Шахсан Юртбошимиз: “Менга садоқатли ёшлар керак, билмаганини ўзим ўргатаман”, деганларида нақадар ҳақ эканликлари мана бугун ўз исботини топ­моқда.

Ҳаммамиз табиат фарзандларимиз. Қарийб 30-40 йил давомида “Орол! Орол!” — деб келдик. Ундаги қурғоқчилик ҳақида ёзилган китоб-дафтарлар, қоғозу қаламлар ўрнига сув сотиб олинганда эди, Оролнинг маълум қисми тўлармиди? Ҳа, рост, гап кўп, иш оз бўлди.

Муҳтарам Президентимиз бунинг ечимини ўзлари топиб бердилар: “Бу ишни бизга биров келиб қилиб бермайди! Оролни ўзимиз қутқаришимиз керак!” Бу чақириққа ўтган йили барча вилоятликлар “Лаббай!” деб жавоб қайтардилар. Юзлаб километр, минглаб гектарларга саксовулзорлар ташкил этилди. Юзлаб тракторлар жўяк очиб, шўр ювишга киришилди.

“Нима учун Бош вазирдан бошлаб барча ҳукумат аъзолари, вилоят ҳокимлари парламентга ҳисобот беради-ю вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида Маҳаллий кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?”

Юртбошимиз бу ҳаққоний талабни қўйганларида маҳаллий раҳбарлар бир “қўзғалиб” олишгани рост. Уларни тушунса бўлади. Негаки, улар орасида “ўзини хон, кўланкасини майдон”, “бу тизимда мендан ақлли, тажрибали, доноси йўқ”, дегувчилари ҳам йўқ эмас-да…

Президентимиз тил учидаги ва дил тубидаги гап­ларни айтдилар. Нега “тил учида” деяпман. Халқда “Тилимни учида турибди-ю айтолмаяпман”, деган ибора бор.

Энди бир-бирини такрорлайдиган турли идораларга ана шу юмушларнинг ярми олиб бериладиган бўлди. Бу масалада Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлигига қатор вазифалар юклатилди.

Бир неча кун аввал қабулимга ушоққина кампир кирди. Наманган шаҳридаги Меҳнатобод МФЙда яшовчи Раъно Дадахонова экан. Ёшлигида болалар уйи­­да катта бўлган. Турмуш қуриб фарзандли ва набирали бўлган. 2002 йили 684-сонли қарор билан адирликдан ер олиб, боғ яратган. Аммо 2018 йилда 656-сонли қарор билан унинг еридан Нигина Рўзиевага участка ажратилганини, тўғриси, тушунолмадим. Шаҳар қурилиш бўлими, давлат кадастр идораси муштипар кампирнинг кириш эшиги ва йўлини ҳам Н.Рўзиевага қўшиб берибди. Р.Дадахонованинг: “Бир-икки сотих олса олар, аммо кириш эшигимни қайтариб берсин!” — деб ёзган аризасига шаҳар ҳокими ўринбосари А.Бобомирзаев: “Судга беринг! Мен ҳал қилмайман!” — дебди жавоб хатида. Энди икки қўшни бир умр судлашиши керакми? “Судга ҳам бордим, — дейди Р.Дадахонова, — биз ҳал қилганмиз деяпти-да…”

Президентимиз: “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” — деганларида юз бора ҳақ албатта. Шунингдек, давлатимиз раҳбари немис файласуфи Иммануэл Кантнинг фикрини келтириш билан адолат тарозуси қўлида бўлганларни инсофга чақирдилар. Адолатсизлик, коррупцияга қарши гапира туриб, уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш масаласини ўртага ташладилар.

Муҳтарам Президентимиз сўнгги уч йил ичида сўз эркинлиги, журналистлар учун эркин ишлаш, бунинг учун ҳуқуқий асос ва имкониятлар яратилганини таъкидладилар. Қаердаки, маддоҳлик ҳукм сурар экан у жойда истиқболда ўзгариш бўлмайди. Аксинча, “Танқид келажак меваси”, деб билганлар бундан тўғри хулоса чиқариб, олдинга интиладилар.

Раҳимжон Ирисов,

Наманган вилояти Ахборот ва

оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + twenty =