Нозик адабий завқ соҳиби

Заҳириддин Муҳаммад Бобурни Ҳиндис­тоннинг Биринчи Бош вазири Жавоҳарлаъл Неру ўзининг “Ҳиндис­тоннинг кашф этилиши” асарида: “Уйғониш даврининг типик ҳукмдори”,  дей­ди. Инглиз тарихчиси Эдуард Холден эса: “Юлий Цезарга қараганда юксак­роқ фазилатларга эга инсон” деса, атоқли таржимон Уильям Эрскин: “Илм-маърифатга ихлос борасида Осиёда тенги йўқ подшоҳ”, француз олими Лен Пуль: “Нозик адабий завқ соҳиби, турмушни танқидий идрок эта олган олижаноб инсон”, дея юксак баҳо беради.

Тарих солномаларида қайд этилганидек, 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда дунё­­га келган Бобур мирзо 1494 йилда Фарғона, 1497 йилда Мовароуннаҳр, 1504 йилда Кобул, 1507 йилда Кандаҳор, 1511 йилда Самарқанд,  1526 йилнинг 30 апрелидан эса Ҳиндистондаги бобурийлар сулоласи ҳукмдори эди. Бобур тузган буюк бобурийлар империяси қарийб уч ярим аср мобайнида ҳукм сурди.

Буюк сиймо шахсияти ва ижодиётининг фидойи тадқиқотчиларидан бири Аннет Беверижнинг таърифига кўра: “Бобур мирзо барлос туркларига мансуб бўлиб”, Фарғона подшоҳи Умаршайх мирзонинг ўғли, Султон Абу Саид мирзонинг набираси, Султон Муҳаммад мирзонинг чевараси, Мироншоҳ мирзонинг эвараси ва буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг абираси, онаси Қутлуғнигорхоним эса Чингизхоннинг авлодларидан бўлган.

Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида: “Мен Самарқандни олганимда ўн тўққиз ёшда эдим. На кўп иш кўриб эдим, на таж­рибам бор эди. Иккинчиси шуки, менинг ғанимим Шайбонийхондек тажрибали, кўп иш кўрган ва улуғ ёшли киши эди. Учинчиси шуки, бизга Самарқанддан ҳеч киши келмасди. Агарчи шаҳар халқи менга нисбатан кўнгиллик бўлсалар-да, бироқ Шайбонийхоннинг қўрқинчидан ҳеч киши бу хаёлни қила олмас эди”, деб ёзган эди. (“Бобурнома”. Тошкент. “Ўқитувчи”, 2018 йил, 148-бет).

Бобур “Бобурнома” асарини “Танг­­ри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, саккиз юз тўқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшимда подшоҳ бўлдим”, деб бошлаган. Жаҳон тарихидаги энг буюк салтанатлардан бири бўлган, бир неча асрлар давомида дунё харитасидаги салмоқли ҳудудни бирлаштирган сулоланинг юлдузли онлари ҳам, жудолик доғлари ҳам кўп эди.

Бобур номидаги халқаро илмий-экспедиция раиси Зокиржон Машрабов бошчилигида мустақиллик йилларида жаҳоннинг ўттизга яқин мамлакатларига сафарлар уюш­­тирилиб, шоҳ ва шоир ҳаёти, ижоди, адабий мероси билан боғлиқ кенг кўламли ишларни уддалади. Сафарлар чоғида нафақат Бобур мирзо, балки она заминимизнинг фахр-ифтихорига айланган бош­­қа кўплаб буюк зотларнинг илмий, адабий мероси ҳам изланди, сўнгги манзиллари зиёрат қилинди ва керакли ўринларда қайта таъмирланди.

Илмий экспедиция хориж сафарларидан юзлаб ноёб қўлёзмалар, нодир китоблар, бетакрор осори-атиқаларни юртимизга олиб келди. Халқаро жамоат фонди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийларга оид ноширлик ишларини ҳам бажармоқда. Академик А.Аъзам бош муҳаррирлигида 2014 йилда чоп этилган “Бобур энциклопедияси” 2018 йили тўлдирилган нусхада қайта нашр этилди. Фонд Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, “Мубайян”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, “Бобур абадияти” (жамоа тўплами), Хондамирнинг  “Ҳабиб ус-сияр”, таниқли инглиз адиби Румер Годеннинг “Гулбадан”, америкалик шарқшунос адиб Ҳарольд Ламбнинг “Бобур — йўлбарс”, Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, Вильям Рашбрукнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Самюэль Бьоркнинг “Акбар — бобурийларнинг энг буюги” ва яна бош­­қа ўнлаб ноёб китобларни ҳамда ўз адибларимиз ва хорижлик муаллифларнинг ўттиздан ортиқ янги асарлари, романлари, монографияларининг чоп этилишига эришди.

Бобур сиймоси кейинги йилларда юксак қадр-қимматини топмоқда. Андижондаги Бобур номидаги миллий боғда “Бобур ва жаҳон маданияти” экспозицияси, шоирнинг рамзий мақбараси бунёд этилди. Улуғ ватандошимизга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди.

— Буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини улуғлашга, унинг номи билан боғлиқ қадамжоларни обод қилишга, бебаҳо асарларини ўрганиш, бошқа тилларга таржима этишга, ёш авлод қалбида шу зот ҳамда бошқа улуғларимиз шахсига эҳтиром уйғотишга зиғирча ҳисса қўшадиган ҳар бир одамни бошимга кўтаришга тайёрман, — дейди Бобур номидаги халқаро илмий-экспедиция раҳбари З.Машрабов. — Биз Бобур илмий-адабий меросини пухта биладиган профессионал кишиларнинг қимматли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, муҳим янгиликка дахлдор асарларнинг дунё юзини кўришида яқиндан ёрдам беришга бел боғлаганмиз.

Янгибой Қўчқоров,

Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Қорақалпоғистон

минтақавий бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат 

кўрсатган маданият ходими.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 12 =