Шунчаки қишлоқ шароитими?

Қизириқ тумани мутасаддилари “ўқишмасин!”

Сурхондарё вилояти, Қизириқ туманидаги “Гиламбоб” маҳалласининг Ислом Каримов номидаги кўчада 4-умумий ўрта таълим мактаби жойлашган. Энг аянчлиси, кўчанинг мактабга яқин жойида аҳоли томонидан ўрнатилган абгор ва қўлбола симёғоч “қўлингни теккизсанг ағнайман” қабилида бир тарафга қийшайиб қолган. Ҳозирча бу сим­ёғочни симлари қулаб тушишдан сақлаб турибди, халос.

Сурхондарёда ҳам электр тармоқлари бор, бу тармоқнинг туман бўлимлари ҳам йўқ эмас. Уларга мутасадди раҳбарлар тайинланган, аммо улар фақат, ишлатилган электр қуввати учун пул йиғиш керак бўлганда кўриниш берадиган бошлиқлар, холос. Нима қилсин, аҳоли иложи бўлмагач, ўз имконияти даражасида симёғочлар ўрнатиб, электр токидан фойдаланади-да. Маҳалла раиси ва фаоллари ҳам бепарво, шунчаки қишлоқ шароити, деб эътибор беришмайди. Аввало, Худо кўрсатмасин-у, эрта бир кун симёғоч ағнаб кетиб, бирор кор-ҳол рўй бермасин-да…

Бўлажак “дорбозлар” билим оладиган маскан

Қизириқдаги собиқ маиший хизмат кўрсатиш коллежининг бўшаб қолган биносида 35-умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилган. Ўқувчилар мактабга катта зовур устида ўрнатилган сув қувуридан ўтиб боришади. Тўғри,  ёш бола-да, чамаси юз метрлар узоқликда қурилган кўприкдан айланиб ўтишга эриниб, хавф-хатарли бўлса ҳам қувурнинг устидан юриб ўтишни афзал билишади.

Қиш, баҳор фаслларининг қорли, ёмғирли кунларида бу “қил кўприк”дан ўтиш ўта хавфли, чунки ўқувчи кийган пойабзал сирпаниб кетса, Аллоҳ сақласин, анча чуқур бўлган зовур ичига тушиб кетиш ҳеч гап эмас.

“Кун чиқиш” маҳалласи фаоллари, мактаб маъмурияти ўқувчиларни келажакда дорбоз қилиб тайёрлашга аҳд қилишган шекилли, акс ҳолда ҳалигача бу ҳолатга томошабин бўлиб туришмасди.

Тўра Чоршанбиев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + seven =