Ҳаёт кипригидаги ўқлар

Шундай тақдирлар бўладики, ҳаёти оловли гирдоблар ва пўртана тўлқинлар силсиласида ўтади. Садоқат алангасида тобланиб чиниққани сари ўзбек аёллари тимсолига айланиб боради…

Буюк ўзбек элининг навқирон истеъдодли вакилларининг ижоди авжи гулга кирган дамлар, Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Усмон Носир  ва Абдулла Қодирий асарлари халқ мулкига айланиб улгурган, Ғафур Ғулом, Абдулла  Қаҳҳор, Ойбек ва Ҳамид Олимжонлар шоҳ асарларини битган, Ҳалимахоним, Тамарахоним санъатининг довруғи оламни тутган пайтларда, яъни 1937 йилда Саида Зуннунованинг илк шеъри матбуотда эълон қилинади.

Тиришқоқ, интилувчан, шу билан бирга, маъсума адибанинг илк шеърий тўплами эса урушдан кейинги, тикланиш йилларида чоп этилган. Камтар, содда ва ҳалол хонадон фарзанди бўлган Саида Зуннунова ёшликнинг ҳузурбахш онларини, чўлларни ўзлаштириш, қурилиш зарбдорлари меҳнатини куйлади, аёл бахтини улуғлаб, самимиятга йўғрилган шеърлари билан адабиётга кириб келди. Катта адабиётимизнинг жўшқин оқимларига унинг инсон қадрини куйлаган дилбар овози пайваста бўлди.

Саида Зуннунова 1947-1952 йилларда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида таҳсил олди. Аввалига “Гулхан” журналида адабий ходим бўлиб ишлади. Теран фикрли, ҳаракатчан ташкилотчилиги туфайли, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1962 йилдан умрининг сўнгигача) адабий маслаҳатчи бўлиб фаолият юритди.

Ўша йиллари “Қизингиз ёзди” илк шеърий китоби билан устоз Ғафур Ғуломнинг назарига тушди. Адабий оламнинг серқирра ижодкорига айланди. Шоира прозада “Янги директор”, “Олов”, “Одамлар орасида” каби қиссалар, “Она”, “Кўзлар” пьесаларини битди.

Саида Зуннунова “Садоқат” шеърида шундай ёзади:

Сира чидолмайман, қувноқ чеҳрангда,

Қайғунинг шарпаси кезса бир нафас.

Кўнглимга тикандек оғир ботади,

Сенинг йўлларингда кўрсам хору хас.

Мен уни сочим-ла супуриб олгум,

Поёндоз деб йўлга жонимни солгум.

Хоҳи билгил, хоҳи билмагил,

Садоқатда бир умр қолгум…

Албатта, бу шеърни шоира умр йўлдоши Саид Аҳмадга бағишлаб ёзган. Саид Аҳмад қанчалик ўзига мағрур бўлмасин, Саида Зуннунова ҳам ўзига ишонган, бениҳоя ғурурли қиз эди. Халқ­она тилда айтганда, икки улуғ ғурур бирлашиб, зулғурур бўлганди.

— Бошдан-оёқ ибрат, — деб ёзганди Иброҳим Ғофуров, “Саид ва Саида” китобининг кириш қисмида берилган “Узилмас япроқлар” сўзбошисида.

Дунёнинг талотўплари кўп, замона зайли билан Саид Аҳмад қамалган пайтлар шоирани ишдан ҳайдаганлари камлик қилгандай, Ёзувчилар уюшмасига чақириб, унга ё эрингни, ё партбилетингни дейсан, қабилида пўписа қиладилар. Ўша пайтлари партия билетини топширган одам, шубҳасиз, қамаларди.

— Эрим “халқ душмани” эканини исботлаб беринглар! Мен партия билетини сизлардан олган эмасман, Ойбекнинг табаррук қўлидан олганман, — деб ҳайқирган экан ўшанда Саида Зуннунова.

Шоира ишдан ҳайдалган кунлари шаҳарда ижара уйда яшаб, ёзувчиларнинг қўлёзмаларини машинкада кўчириб кун кечиради. Шунда ҳам ўз ёрига садоқати кам бўлмади. Шоира ҳаёт кипригидаги ҳар бир ўқни ана шундай матонат билан енгди.

1970 йил 20 март куни ўзбек адабиёти ана шундай садоқат шевасини зиммасида кўтарган матонатли аёл, ажойиб шоира Саида Зуннуновадан айрилиб қолган кун эди. Бетакрор истеъдод соҳибаси Саида Зуннунова ҳозир ҳаёт бўлганларида 94 баҳорни қаршилаган бўлар эди.

У барибир ўз севган халқига, мухлисларига, шогирдларига ибратли йўлларини, меҳр ва эҳтирос жамланмаси бўлган баракали ижод меросини қолдириб кетди.

Зулфия Аминова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =