Интернет матбуот ўрнини босмайди

Аксар мутахассислар Герберт Маршал Маклюэнни Ньютон, Дарвин, Эйнштейн каби буюк файласуфлар  қаторига киритишади. Сабаби унинг қарашлари ахборот элтувчиси сифатида маълумотга айланганида. Бугун «The medium is the message» ҳамда глобал қишлоқ  «Global village», яъни қишлоқларнинг шаҳарлашувини билдирувчи иборалар замонавий ғарб маданияти ҳамда менталитетининг асосига айланганидек, Маклюэн телевидениенинг жамиятга таъсирини, рекламанинг моҳиятини, интернет пайдо бўлганидан кейинги ўзгаришларни бундан қирқ йил аввал айтган эди.

Вақт кўрсатдики, ОАВнинг  жамият тараққиёти ва мада­нияти, инсонлар ўртасидаги муносабатга таъсири камайгани йўқ. Замонавий ахборот технологиялари тараққиёти натижасида журналистика амалиёти ва назарияси янгиланди. ОАВ фао­лиятини оммавий коммуникация кесимида таҳлил қилишга туртки берди. Маклюэн  башорат қилганидек,  ўзаро мулоқотга киришувчи ҳар бир рес­пондентнинг ўзи — маълумотга,  он-лайн тизимидаги дунёга, яъни катта қиш­лоққа айлана бошлади. Эндиликда мутахассисларни босма матбуотнинг афзалликларини таҳлил қилиш, муаллифлик ҳуқуқини, этика меъёрларини қонунийлаштириш, рекламаларнинг қанчалик самарадорлигини ўрганиш қизиқтирмоқда.

Ҳозирда ОАВлари интернет ва телетасвир билан аудитория қамровида аёвсиз рақобатга киришган. Албатта, бунда тасвир кучига кўра, телевидение устунроқ, интернет эса тезкорлиги билан афзалроқдир, аммо Москва шаҳрида ўтказилган “Шарқий Европадаги журналистиканинг келажаги” ҳалқаро медиа-форумда журналистлар халқаро федерацияси масъул котиби Айдон Уайт замонавий журналистиканинг муаммолари хусусида шундай деганди: “Ҳа, интернет миллионлаб одамларга расмий ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Лекин у жамият учун кўтарилган муаммонинг моҳиятини таҳлил қилиб берувчи шарҳларни тақдим эта олмайди”.

А.Уайт яна ўша йиғинда: “THE GUARDIAN, New York Times, El Pais,  Le Monde, Der SPEIGEL каби нашриётларнинг чоп этган жиддий материаллари демократия учун малакали журналистиканинг аҳамиятини исботлаб беради. Бундай журналистика жамият учун ҳақиқатга,  инсоний ҳурматга асосланади. Жиддий таҳлил қилинган, ишончли маълумотни тақдим этади. Кўплаб твиттерлар ҳамда ижтимоий тармоқлар сифатли журналис­тиканинг ўрнини боса олмайди. Бундай таъкид ҳар қандай давлат ҳамда ҳар қандай минтақага тегишлидир”, деганди.

ОАВларининг афзалликларини тушунган аудиториянинг тез орада босма матбуотга талаби ошади. Шунда мутахассислар уларнинг қизиқиш ва талабларини ўрганишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишади. Чунки вақт келиб ОАВлари,  замонавий тилда айтганда, “медиа бизнес” соҳасида фаолият кўрсатишга ўтади. Шундан ҳам мутахассислар рақамли медианинг босма матбуотнинг ўрнини босишидан чўчишмоқда: “Энди гипер ўзгаришлар даври келди. Улкан молиявий инқироз ҳамда рақамли медианинг тараққий этиши рўзномалар бозорида ўзгаришлар ясади. Обуналарнинг ҳажми камайиши кузатилса-да, умумий сотув ўсмоқда. Аудиториянинг умумий қамровида рўзномалар интернетга нисбатан 25 фоиз самаралироқдир. Чунки, рўзномаларни 2,5 миллиард ўқувчи мутолаа қилса, интернет истеъмолчилари 1,9 миллиардни ташкил этади”, дей­ди А.Уайт. Сабаби аудито­рияни анъанавий журналистиканинг афзалликлари жалб этади. Албатта,  бунда интернет журналистикаси кўтарган бир қатор муаммолар ечимсиз қолаётганига ҳам бефарқ қараб бўлмайди.

Кун келиб мутахассислар томонидан амалиёти талаб даражасида  ўрганилмаган ҳамда назарияси етарлича  таҳлил қилинмаган интернетнинг бир қатор муаммолари юзага чиқаверади. “Известия” газетасининг бош муҳаррири Виталий Абрамовнинг фикрича: “Телешоу, wiki-журналистика, ахборий шовқин, паркет журналистикаси касбимизнинг асоси бўлган воқеа-ҳодисаларнинг таҳлилидан узоқлашмоқда… Истаган одам хоҳлаган нарса ҳақида ёза оладиган википедия вужудга келмоқда. Wiki-журналистикада хоҳлаган одам хоҳлаган нарсаси ҳақида ёзади. Бу қизиқдир, аммо…

Журналистика  борасидаги анъанавий тушунчалар нималардан бошланади? Авваламбор, ҳар қандай маълумотнинг муаллифи бўлиши керак. Уни ёлғон гап ёки ҳақорат учун судга бериш мумкин. У ўзининг сўзи учун жавоб бериши зарур. Бу — журналистиканинг асосидир. Wiki да эса ҳар доим ҳам муаллифни  топиб бўлмайди. Натижада турли воқеа-ҳодисаларга нисбатан бир дунё норози­ликларни эшитамиз. Улар ижтимоий онгга бевосита таъсир кўрсатади. Интернетдаги wiki журналистикасининг фаолияти шу”.

Интернет журналистиканинг ижтимоий аҳамиятини босма матбуот манфаатлари нуқтаи назаридан эмас, балки аудитория учун яратилаётган қулайликлар кесимида ўрганилганда шундай фикр туғилади: интернет истеъмолчилари шунчаки ахборот истеъмолчилари бўлишмаяпти — улар таҳрирга аралашишни, муҳарририят билан ҳамкорлик қилишни исташяпти. Улар маълумот етказиб беришни, ўз нуқтаи назарларини ифодалашни, журналистик текширувларда иштирок этишни, воқеа-ҳодисаларни аниқлаштиришни, фотолар юборишни хоҳлашяпти. Кўпинча эплашолмаётган бўлса, бу уларнинг айби.

Интернет журналистиканинг энг катта муаммоси муаллифлик ҳуқуқи  ҳамда этика меъёрларининг бузилишида кўринади. Маълумотларнинг ишончсизлигига келганда, унинг афзалликларига қайтариқли алоқа — интерактивликни таъкидламасдан иложимиз йўқ. Чунки аудитория вакилларининг ўз фикрини тўла баён этиши, журналистларга ҳаммуаллиф бўлишидек имконияти йўқ. Журналистлар халқаро федерациясининг президенти Джим Булила “New York Times” рўзномаси ҳақида гапирар экан: “New York Times” ижтимоий тармоқлар билан доимий интерактив алоқада бўладиган журно-хакерлар бўлимини очиб, “ижтимоий муҳаррир” тайин этган биринчи газеталардан. Ушбу бўлимни бош­қараётган Арон Пихофернинг фикрича, ахборот оқимининг таҳлили барча воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш билан бирга, уларнинг орасидан катта ҳикояларга  сабаб бўлувчи маълумотларни топиш имкониятини ҳам яратади”, деганди.

Демак, ОАВ самарадорлиги ҳамда аудиторияга яратиб берадиган қулайликлари учун интернет тармоғининг ижтимоий аҳамияти ҳам бор экан. Тезкор ахборот етказиш билан бирга турли муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар бўлган интернетнинг интерактивлик хусусиятини ҳеч ким инкор эта олмайди. Муаллифлик ҳуқуқи, этик меъёрларнинг бузилиши, ахборотнинг ноаниқлиги каби муаммолар қонун даражасида эмас, инсоний одатлар, ўз-ўзини бошқариш нуқтаи назаридан  ўрганилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки чексиз тармоқни чегаралаш, назорат қилиш ёки ёшлар учун таъқиқлаш билан муаммонинг ечимини топиб бўлмайди. Автобус ёки метрополитенда катталар учун жой бериш ҳар бир йўловчининг ихтиёрида бўлгани билан, бу унинг савияси, одоб-аҳлоқи, маънавий даражаларига ҳам боғлиқ бўлиб, интернетда ҳам одоб, маданият меъёрларга риоя қилишни эзгу одат сифатида такомиллаштирилиши амалий натижа беради. Ана шунда тармоқ — интерактивлик хусусияти  жиҳатидан аудиториянинг фаоллашуви, жамиятнинг демократлашувига хизмат қилади.

Кўпинча ҳаёт тажрибасига эга одамлар бирор янгиликдаги камчиликларни топишга ошиқади. Қайсидир маънода, улар ўзларини эҳтиётлайди ва янгиликларни ўзидан чеклайди. Ҳаётга  қизиқиши катта бўлган ёшлар аксинча, даврий янгиланишлардан унумли фойдаланади. Йўл-йўлакай бир дунё хатоликлар қилишга ҳам улгуришади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ОАВ ривожланиш даврида катталар доимо уларнинг камчиликлари борасида бонг уришган, ёшлар эса доимо пешвоз чиқиб, тараққиёт сари илдам қадам ташлашган. Маклюэн кабилар эса катталар тажрибаси ёрдамида энг сўнгги янгиликларни таҳлил қилиб, келажак учун зарурий сабоқларни чиқаришга ҳаракат қилишган.

Телевидение ихтиро қилинганда: “Кино санъати ҳамда саноатига нима бўлади?” — дегувчилар кўп бўлган. Вақт шуни кўрсатдики, телевидение билан кино бир-бирларини ўзаро  тўлдириб келаяпти. Ҳозирда интернет оммалашаётганини кўрган мутахассислар ҳам босма матбуот келажагидан ноўрин чўчишмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, интернет билан матбуот ҳам, вақти келиб, бир бирини тўлдиради.

Бугунги кун олдида муаллифлик ҳуқуқи ва этика меъёрларининг бузилишидан тортиб, ахборот хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш, қонунийлаштириш каби долзарб вазифалар турибди.  Шу билан бирга, ОАВ тамойилларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, интерактив журналистиканинг ижтимоий аҳамиятини  таҳлил  этиш масалалари ҳам ўз ечимини кутмоқда.  Шундагина  техника  ривожланиши кимларнингдир манфаати учун эмас, балки жамият тараққиёти учун хизмат қилади.

Юлдуз Ортиқова,

филология фанлари номзоди,

ЎзЖОКУнинг катта ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − eleven =