Лавозимидан воз кечган сайёҳ ёки Американи Америго номлаганми?

Олам ва одам

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон ватаним маним…

Абдулла Орипов

Американинг кашф этилиши деганда, албатта, кўз олдимизга буюк сайёҳ Христофор Колумб келади. Аммо тақдирнинг ўйинини қарангки, Х.Колумб ўзи кашф этган ерларни Ҳиндистон деб ўйлаб, ҳеч бир асарида “Янги дунё” деб атамаган. Янги қитъани номлаш эса буюк сайёҳнинг замондоши, флоренциялик Америго Веспуччининг замондошлари чекига тушганди. У Колумбдан кейин қадами етган бепоён ерларни хотира дафтарига ёзар экан, битикларида бутунлай янги заминни таърифлаган эди…

Америго Веспуччи 1454 йил 9 март­да Италиянинг Флоренция шаҳрида туғилган. Унинг амакиси Гвидо Антонио Веспуччи 1478-1480 йилларда Флоренциянинг Париждаги элчиси эди. У амакисининг таклифи билан элчихонада фаолият олиб боради. Аммо қисматни қарангки, Францияга турли мамлакатлардан келган элчилар билан мулоқотлар чоғида ёш Америгода узоқ ўлкаларга саёҳат қилиш орзуси уйғонади.

А.Веспуччи ўз орзусини амалга ошириш учун лавозимидан бўшаб, Испаниянинг Севилья шаҳрида жойлашган флоренциялик Ж.Берардининг савдо уйига хизматга киради. Ж.Берардининг вафотидан кейин, яъни 1495 йилда А.Веспуччи савдо уйи раҳбари вазифасини эгаллайди. Испан ҳукумати 1495 йилда Х.Колумб билан алоқаларини тўхтатгач, А.Веспуччи Ҳиндистонга экспедицияга жўнайдиган кема таъминоти ҳуқуқини қўлга киритади.

Сайёҳнинг илк сафари Испания қироли Фердинанд Аргонскийнинг рухсати билан 1497 йилнинг 10 ма­йида бошланган.

Аммо биринчи уриниш натижа бермайди. Етарли исбот ва далиллар бўлмаганлиги боис, юқори доирадаги одамлар экспедициянинг янги қитъага етиб борганига шубҳа билан қарайди.

1499 йил 20 майда Америго Веспуччи, янги заминга борганлигини исботлаш учун, Испаниянинг Кадис шаҳри яқинидаги Пуерто Де-Санта-Мария портидан яна саёҳатга жўнашга мажбур бўлади. Экспедиция Х.Колумб томонидан 1498 йил октябрда тузилган янги харита асосида Суринам қирғоқларига етиб бориб, шимолий кенг­ликни ўрганиб чиқади. Аммо бу ҳам унга омад келтирмайди.

А.Веспуччи навбатдаги сафарини 1500 йилнинг охирида, Португалия қироли Мануел таклифига биноан, ушбу мамлакат байроғи остидаги кемаларда, Лиссабон қирғоқларидан янги дунёга уюштирилган саёҳатда иштирокидан бошлайди.

У экспедицияда космограф, картограф ва кема бошқарувчиси сифатида қатнашади. Фақатгина Бразилия қирғоқларининг катта қисми ўрганилган иккинчи экспедициядагина, у кемага қўмондонлик қилган.

Гарчи у 1508 йил мартда навбатдаги саёҳатда бош кема бошқарувчиси этиб тайинланган бўлса-да, тўплаган маълумотлари янги қитъа ҳақида етарли тушунча бермасди. Х.Колумб Жанубий Америкадан қидирган олтинни ҳам тополмайди. Энг муҳими, янги замин Ҳиндистон эмаслигини, балки бутунлай ўрганилмаган, Ер шарининг янги бўлаги эканлигини сайёҳ А.Веспуччи дўстларига ёзган хатларида ва ўз хотира дафтарида битган эди. Лекин “Янги ер”­га барибир янгича ном ўйлаб топилмайди. У 58 ёшида Севильяда вафот этади. Унинг шуҳрати шундан кейин дунёга ёйилади…

Америго Веспуччининг таниқли шахс­ларга ёзган хатлари, хотира дафтари — буюк сайёҳдан қолган ягона ёзма эсдаликлари ҳақида дўсти Лоренсио Ди-Перфранческо Дел-Медичи географик кашфиётлар ишқибози бўлган Лотарингия қироли Ренега айтади. Шундай қилиб, Рене кўмаги билан  сайёҳнинг битиклари Флоренцияда илк бор китоб бўлиб нашр этилади.

Шу тариқа, китоб савдоси билан шуғулланувчи Иоганн Оттмар савдода мўмай даромад келтираётган нав­батдаги “Учинчи саёҳат” китобини чоп этишга қизиқиб қолади. Ва оммани ўз нашрига янада жалб этиш учун “Янги дунё”ни А.Веспуччи номи билан “Америго ери” деб атайди…

Замондошларининг таърифига кўра, А.Веспуччи ҳалол, жуда заковатли ва кузатувчан киши бўлган. Ҳатто Х.Колумб ҳам ўлимидан олдин, сайёҳликка ўта ишқибоз ўғлига А.Веспуччини ҳалол ва ишончли шахс сифатида таърифлаб, у билан бирга ишлашни тавсия этган экан.

Ширин Мадаминова,

Урганч туманидаги 3-умумтаълим

мактабининг география фани ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 9 =