Пок ниятлар, хайрли ишлар ижобати

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбековга

Ҳурматли Озодбек Аҳмадович!

Сизни аввало Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири этиб тайинланганингиз билан самимий табриклайман. Бу шарафли лавозимга ҳар жиҳатдан лойиқсиз. Соҳани яхши биласиз. Ипидан-игнасигача десам, асло муболаға бўлмайди. Чунки, кўп йиллардан буён вазирнинг ўринбосари, биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаб катта тажрибага эга бўлдингиз. Сизга кўпроқ давлат одами, соҳанинг асосий раҳбари сифатида мурожаат қиляпман. Айни пайтда халқимизнинг севимли ва ардоқли санъаткори сифатида ҳам.

Мен салкам 40 йилдан буён матбуотда санъат ва маданият журналистикаси бўйича фаолият юритиб келаётганим боис, тил учида турган айрим мулоҳазаларимни айтишни лозим топдим. Бунга озгина бўлсаям маънавий ҳаққим бор, деб ўйладим. Қолаверса, бу дадилликка Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам ундади.

Мурожаатномада шундай ибратли сўзлар бор: “Шарқ донишмандлари айтганидек: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”

Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”.

Шубҳасиз, “юксак маданият”ни шакллантириш, одамлар онгига сингдириш осон жараён эмас. Айниқса, бу ёшлар тарбия­сида катта аҳамиятга эга.

Келинг, яхшиси гапни Сизга бевосита яқин ва алоқадор бўлган миллий қўшиқчилик ва ашула санъатига оид мулоҳазаларимни билдиришдан бошласам. Ўз вақтида камина ҳам ушбу мавзуда кўплаб ижобий ва тан­қидий мақолалар ёзганман. Камчиликларни бартараф этаман, деб ёзавериб сочларим оқариб кетгани ҳам рост…

Бугунги кунда миллий мусиқа ва қўшиқчилик, эстрада санъати соҳасида ютуқлар билан бирга анча-мунча муаммолар, камчиликлар тўпланиб қолгани – бор ҳақиқат. Бундан асло кўз юмиб бўлмайди.

Ўзингиз ҳам яхши биласизки, ҳар бир даврнинг ўз санъаткорлари, уларнинг ўз мухлислари, тингловчилари бўлади. Бу табиий ҳол. Масалан, машҳур қўшиқчилар ҳаёти ва фаолияти билан танишсангиз, улар ҳамиша халқ билан бирга бўлган. Фақат тўй-маъракалар билан чекланиб қолмай, қаерда улкан ишлар, бун­ё­д­корликлар бошланган бўлса, улар ҳам фаол қатнашиб, ўзларининг бетакрор куй-қўшиқлари билан одамларга куч-ғайрат бағишлаб, мададкор бўлганлар. Санъат тарихида бунга мисоллар кўп. Лекин улар ҳозирги айрим санъаткорларга ўхшаб, пулни биринчи ўринга қўймаганлар.

Масалан, биз болалигимиздан Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров қўшиқларини тинглаб вояга етганмиз. Эсимда: 3-синфда ўқиётган давримда ўша пайтда машҳур бўлиб кетган Фахриддин Умаровнинг “Олма тўла саватингни ерга қўй” қўшиғини айтиб бериб 5 баҳо олганман. Болаликда нималар бўлмайди дейсиз? Аслида бу қўшиқнинг юксак таъсир кучи эди…

Мамлакатимиз мустақил бўлганидан сўнг миллий куй-қўшиқларга кўп томонлама муносабат ўзгариб кетди. Қўшиқчиликнинг кўлами, долзарблиги ортди, мавзуси янгиланди. Эл севган кўплаб хонандалар кашф бўлди. Мавриди келди айтиб ўтай, Сиз ҳам мустақиллик даврида халқимиз қалбидан ўрин олган таниқли санъаткор бўлиб танилдингиз. Бугун кўплаб истеъдодли шогирдларнинг устозисиз.

Бугун қўшиқчилик санъатимиз батамом ўзгариб кетганлигининг ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Ижобий томони кўплаб ёш истеъдодлар пайдо бўлаётир. Халқаро кўрик-танловларда ғолиб бўлиб, Ватанимиз шарафини юксакларга кўтармоқда. Салбий томони эса шоу-бизнес билан эстрада қоришиб, тўғриси қовушиб кетди. Уларни ажратиб олиш мушкул бўлиб қолди.

Устоз санъаткор Бобомурод Ҳамдамов айтганидек: “Илгари фақат овози борлар, ҳозир эса кўпинча оғзи борлар қўшиқ айтаяпти”. Шахсан мен бу фикрга қўшиламан. Сиз-чи?..

Пала-партишлик, саёзлик, бачканалик, бақир-чақир оқибатида эстрада қўшиқчилик санъатининг обрўси бир қадар тушиб кетди. Тингловчи бундай “қўшиқлар”ни тингламайдиган даражага етди. Дийдаси ҳам, қулоғи ҳам тошдай қотди. Бир нарсага ҳайронман: “Ўзбекнаво” (ҳозирги “Ўзбекконцерт”) деган ташкилот лицензия бериб, лицензияни бекор қилиб, яна уч кундан сўнг яна қайтариб берадиган бозор­қўмга ўхшаб қолди. Катта саҳналарда берилаётган концертларнинг дастурларини кўриш, уларга керакли маслаҳатлар бериш “Ўзбекконцерт”нинг асосий фао­лияти бўлиши керак эмасми? Қачонки, бугун эстрада қўшиқчилиги боши берк кўчага кириб бораётган, бачканалик ва саёзлик тобора авж олаётган экан, бунга кимдир жавоб бериши лозим, албатта.

Яна бир жиддий сабаби ўтган йигирма беш йил ичида қўшиқчилик, айниқса, эстрадага билиб-билмай аралашиш оқибатида, бир қатор камчиликлар рўй берди. Айрим эл севган таниқли ҳофизлар саҳналардан, телеэкранлардан четлаштирилди. Йиллар давомида қўшиқлари берилмади. Бундай шафқатсизлик фақат қўшиқчиликда эмас, санъатнинг бошқа соҳаларида ҳам рўй берди. Баъзан билиб, баъзан билмай шўро даврини рўкач қилиб, кўпгина қадриятлардан, ҳаётимизга сингиб кетган миллий урф-одатлар, анъаналардан воз кечилди. Афсуслар бўлсинки, шўро даври “маҳсулоти” деб кутубхоналардаги ноёб ва керакли китоблардан ҳам воз кечилди. Юксак маҳорат билан яратилган бадиий ва телефильмлар, айрим видеофильмлар ўчириб ташланди. Салла ва соқолли қаҳрамонлар акс этган барча турдаги фильмлар ҳамда айрим спектакллар қатағонга учради. Аслида асосий нуқсон фильмлардаги қаҳрамонларнинг салласида эмас, балки яхши китобларни аёвсиз йўқотган, айрим фильм ва спектаклларни тақиқлаган, нўноқ кимсаларнинг калласида эди.

Яратганга шукрки, муҳтарам Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганларидан сўнг АДОЛАТ қарор топди. Сўнгги уч йилдан буён Президентимиз раҳбарлигида изчил олиб борилаётган барча соҳалардаги улкан ислоҳотлар, инновацион юксалишлар қаторида миллий адабиёт, санъат ва маданият гуриллаб ривожланмоқда. Дарёлар ўзанларига қайтмоқда. Топталган тақдирлар қадр-қиммати тикланмоқда. Президентимизнинг фармонлари билан “Мақом” ва “Бахшичилик” санъати бўйича халқаро кўрик-танловларнинг ўтказилиши тарихий воқеа бўлди. Бу қадим санъатлар барҳаётлик фаслига кирди.

Сиздан илтимосим шуки, мамлакатимизнинг улуғ мутафаккир бобомизнинг муборак номлари билан аталадиган Навоий вилоятида театр умуман йўқлигидан яхши хабардорсиз. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилади ва реконструкция қилинади”, деб қатъий белгилаб қўйилган. Навоийликлар замонавий театр бун­ёд этилишига умид қилсалар бўлади. Шундай эмасми?

Яна бир таклифим: бадиий кенгашларни янада жонлантириш, уларнинг фаолиятини қайтадан жиддий кўриш – замон талаби. Бадиий кенгашнинг қарори адолатли ва ҳақиқий қарор бўлсин. Ишламаган ва ўзгартирилган қарордан путур кетади. Оқибатда бачкана, енгил-елпи қўшиқлар кўсак қуртидай болалаб кўпаяди.

Айниқса, клипларни ҳам тартибга солиш пайти аллақачон келган. Чунки, олинаётган клиплар ниҳоятда ачинарли ва шармандали аҳволга тушиб қолди. Аксарият қизларимиз ўзбеклигини, ҳаёсини, ор-номусини унутиб қўяётган бўлса? Ўйлаб қоламан, жилла қурса уларнинг ота-оналари қаёққа қараяпти?

Қадрли Озодбек Аҳмадович!

Гапирсак гап кўп. Муаммолар ҳам, камчиликлар ҳам етарли. Мен аввало, юқорида айтганимдек, сиз машҳур санъаткор ва қўшиқчилик санъатини теран тушунадиган янги вазир бўлганингиз учун ўз мулоҳазаларимни эътиборингизга ҳавола этдим. Бундан ранжимайсиз, деган умиддаман. Чунки ниятимиз битта — миллий маданият ва санъатимиз жаҳонга чиқсин, янада ривож топсин.

Гўзал маданиятимиз ва санъатимиз сиз Маданият вазири бўлган даврда яна юксакларга кўтарилади деб умид қилиб қоламиз.

Ҳурмат билан,

Ашурали Жўраев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + eleven =