“Бобур мирзога меҳрим мени Ўзбекистонга етаклайди”

Бу йил ҳам 14 февраль — буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Андижонда тантанали маросим ва илмий конференция ташкил этилди. Унда юртимиз илм-фан ва маданият намояндалари ҳамда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган таниқли бобуршунос олимлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, жаҳоннинг турли кутубхоналарида буюк аждодларимизга тегишли нодир манбалар сақланмоқда. Айниқса, Бобурийлар уч асрдан зиёд ҳукмронлик қилган Ҳиндистонда аждодларимизга тегишли кўплаб маънавий хазиналар мавжуд.  Юртимизга анжуманда иштирок этиш учун келган хорижлик меҳмонлардан бири, Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Ҳиндистондаги бўлими раҳбари, Рампур Ризо кутубхонаси вице-президенти, шоир ва олим, доктор Сйед Нақи Аббас билан  суҳбатлашдик.

Юртимизга хуш келибсиз. Сизнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган заминга ташрифингиз биринчи марта эмас. Биламиз, ижодийилмий ишларингиз кўп. Вақтингиз тиғиз. Аммо ҳар йили Ўзбекистонга ташриф буюришни канда қилмайсиз. Албатта, биз бундан хурсанд­миз. Айтингчи, сизни бу диёрга нима етаклайди?

—  Юртингиз мени мафтун қилган бир қўлида қиличу бир қўлида қалам билан яшаб ўтган улуғ инсон таваллуд топган жой. Ҳазрат Бобур жуда олижаноб фазилатлар эгаси бўлган. Меҳр-оқибат, кечиримлилик, мардлик, тантилик, бағрикенглик, босиқлик каби характеридаги ижобий жиҳатлар туфайли ҳам элнинг меҳру муҳаббатига сазовор бўлган. Айниқса, унинг нозик дидли, нуктадон олим, аруз илмини чуқур эгаллаган дилбар шоирлиги мени ҳайратда қолдиради. Ҳар йили февраль ойида маҳоратли саркарда ва дилбар шоирга бўлган меҳрим мени Ўзбекистонга, Андижонга етак­лайди.

Иккинчидан, бу давлатда менинг энг яхши дўстларим бор. Олимлар, шоирлар, илм-фан, маърифат аҳлидан бўлган замондошларимиз билан фикр алмашиш, янги тадқиқотлар ва ижодий ишларимизни намойиш этиш, бир-биримиз билан дўстона суҳбатлашиш менга улкан завқ беради. Янги таассуротлар, янги фикр ва ғоялар билан юртимга қайтаман.

— Маълумки, Ҳиндистонда бобурийлар ва бошқа улуғ зотлардан бой маънавий мерос қолган. Сиз фаолият юритаётган Рампур Ризо кутубхонасида бизнинг буюк зотларга оид қандай нодир асарлар бор?

— Кутубхонамизда бобурийлар даврига оид ноёб асарларнинг асл қўлёзмалари сақланаётгани бизнинг фахримиздир. Бизда ҳазрат Бобурнинг “Девон”и, “Бобурнома”, “Ҳумоюннома”, Камрон Мирзонинг “Девон”и, қолаверса, бошқа жуда кўплаб ноёб китоблар бор. Уларнинг ҳар бири бебаҳо бойлик.

Шу ўринда эҳтиром билан тилга олиш керакки, Ҳазрат Бобур Ҳиндис­тонга ўзи билан бирга ўрта осиёлик кўпгина мутафаккир олим, беназир шоир, хаттот, табиб, ҳунарманд ва бошқа касб эгаларини олиб борган. Ўша даврда бизнинг юртимизда яшаган илм ва адабиёт аҳлидан жуда гўзал асарлар мерос бўлиб қолди. Ана шундай уламолардан бир қанчаларининг қўлёзма китоблари кутубхонамизда сақланади.

Мисол учун, Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида яшаган Табибий тахаллуси билан машҳур бўлган мутафаккирнинг кейинчалик Ҳумоюн мирзога атаб ёзган бетакрор асарлари мавжуд. Тиб, фалсафа, ахлоқ ҳақидаги бу китоблар бугунги кун учун ҳам катта аҳамият касб этади. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.

Бундан ташқари, Ризо кутубхонасида бугунги замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг ҳам кўплаб ки­тоблари мавжудлиги бизни ҳамиша қувонтиради.

— Кутубхонангизда Бобурий маликалар ва ўша даврда яшаб, қалам тебратган мовароуннаҳрлик бош­­қа аёл ижодкорларнинг ҳам асарлари сақланса керак…

— Албатта. Айтиш керакки, Бобурий маликалар жуда саводли, маърифатпарвар, нозик қарашли, ўз даврининг барча илмларидан хабардор ва баҳодир аёллар бўлган. Мисол учун, Шоҳ Жаҳоннинг қизи Жаҳон Оробегим ниҳоятда зиёли ва тафаккурли шоира бўлган. Унинг жуда катта шахсий кутубхонаси бўлган экан. Тарихий манбаларда ёзилишича, подшоҳ отаси қўлига тушган ҳар бир яхши асарни қизига туҳфа қилган. Қолаверса, унинг кутубхонасида Ўрта Осиёдан келтирилган нодир асарлар ҳам кўп бўлган. Бизда Жаҳон Оробегим мутолаа қилган асарлар ҳам бор. Қизиғи, уларнинг айнан шу малика ўқиган асарлар эканини ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкин. Чунки уларда бу истеъдодли аёл ўз қўли билан дастхат, қайдлар, изоҳлар ёзган. Мисол учун, “Рисолаи Хожа Абдуллоҳ Ансорий”да Жаҳон Оробегим ўз ҳуснихати билан ёзган дастхатини ўқиш мумкин. Бундай китоблар кўп. Эътироф этиш зарурки, бу малика тасаввуф ва илмда ниҳоятда закий эди.

Бобурийзода Аврангзебнинг қизи Зебуннисобегим ҳам бетакрор шоира бўлган. Мен бир ривоятни сизга айтиб берай. Таржима қилиб, ўзбекистонлик дўстларга етказсангиз, хурсанд бўлардим.

Ривоятларга кўра, Аврангзеб оламгирга Чин ўлкасидан туҳфа келтиришибди. У қимматбаҳо кўзгу экан. Шоҳ уни қизи Зебуннисобегимга берибди. Кунлардан бир куни маликанинг канизаги уйни тозалаётиб, бехосдан ўша ойнани синдириб қўйибди. Шундан сўнг у минг бир қўрқув ва хижолат билан Зебуннисобегим ўтирган хонага кириб, бир бурчакда қимтинибгина, айбдорона тураверибди. Мутолаа билан машғул бўлган малика ундан нима гаплигини сўраганда, табъи назмга эга канизак шундай дебди:

Аз қазо оинаи чини шикаст”.

(Таржимаси: Бехосдан чин кўзгуси синди).

Шунда Зебуннисобегим ҳозиржавоблик билан:

“Хуб шуд, асбоби худбини шикаст”

(Таржимаси: Яхши бўлибди, худбинлик асбоби синибди), деб жавоб берибди.

Бунда, биринчидан, Зебуннисобегимнинг нақадар раҳмдил ва бағрикенг аёллигини билиш мумкин. Яъни, минг бир хижолат билан қилган ишини, подшоҳ совғасини синдириб қўйганини айтиб, жазо кутиб турган канизакни кечириш ва шу билан бирга унга тасалли бериш соҳибкарамлик белгиси. Иккинчидан эса маликанинг нақадар фасоҳат эгаси эканини англаш мумкин.

Айтмоқчи бўлганим, бобурий маликалар ана шундай гўзал хулқ ва маърифат эгаси бўлишган. Кутубхонамизда Зебуннисобегим, Гулбаданбегим, Жаҳон Оробегим ва бошқа кўп­лаб маликаларнинг нодир қўлёзмалари сақланади.

— Биз “Рамаяна”ни жуда яхши кўрамиз. Ҳатто, у асосида яратилган фильм ўзбек тилига таржима қилинган, уни томоша қилмаганлар кам бўлса керак. Яъни, ҳинд халқининг миллий қаҳрамонлари ва улуғ мутафаккирларига нисбатан ҳурматимиз юқори. Сизларда-чи? “Бобурнома” қай даражада ўрганилмоқда?

— Мамнуният билан тилга олиш керак: “Рамаяна” ҳам, бошқа ҳинд асарлари ҳам бобурийлар ҳукмронлиги даврида форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Бобур ва унинг авлодлари томонидан Ҳиндистонда китобга, миллатидан қатъи назар халқ маънавий бойлигига эҳтиром кўрсатилган. Буни биз жуда яхши тушунамиз, хурсанд бўламиз. Шунга монанд Ҳинд халқи ҳам Бобур ва бобурийлар яратган нодир асарларга эҳтиром билан муносабатда бўлади. “Тузуки Бобур” (“Бобурнома”)да шоҳ ва шоир фақатгина кўрган-кечирганларини ёзган. Ёлғон ёзмаган. Бу асарда Ҳинд тарихига оид ҳам ноёб маълумотлар бор. Шу боис ҳам бу асар бизнинг мамлакатимиз, бутун ҳинд эли учун ҳам қимматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Бизда бобуршунослик билан шуғулланаётган олимлар кам эмас. Қўлёзмаларни ўқиётган, тадқиқ қилаётганлар бор. Шунинг учун ҳам “Бобурнома” ўрганилишда давом этяпти, деб айтиш мумкин.

— Сиз ҳам матншунослик билан шуғулланаётган олимсиз. Шоҳ ва шоирнинг асл қўлёзма асарларини мутолаа қилиш бахтига эришгансиз. Айтингчи, сизни Ҳазрат Бобурнинг қайси асари кўпроқ ҳайратлантиради?

— Мен матншунослик билан шуғулланаётган мутахассис сифатида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳар бир асарини ўта қимматли санайман. Аммо шоир сифатида “Аруз рисоласи”га меҳрим бўлакча. Ҳазрат Бобурни бир қўлида қилич билан яшашга мажбур бўлган шоир деб ҳис қиламан, тушунаман. Унинг шеър илмидан чуқур хабардорлиги бағоят эътирофга арзирли.

Қолаверса, кутубхона ишини юритаётган мутахассис сифатида Ҳазрат Бобурнинг бу касбни ҳам чуқур билганидан ҳайратланаман. “Тузуки Бобур”(“Бобурнома”)да Ҳиндистонда кўп ёмғир ёғиши натижасида намгарчилик юқори эканини айта туриб, шу сабабдан бу мамлакатда китобларга зиён етишидан хавотир олади. Китоб­ларни асраш, келажак авлодга бенуқсон етказиш учун қўлёзмаларнинг жилдини қалин чармдан қилишни буюради ва унинг ҳар бир вароқлари орасига юпқа қоғоз қўйиладики, бу намни тортиб олишга хизмат қилган. Бу ҳам Ҳазрат Бобурнинг китобга меҳри, авлодларга ғамхўрлиги нишонасидир.

— Айни пайтда қандай илмий ёки ижодий ишлар билан машғулсиз?

— Яқинда янги китобларим нашр этилиш арафасида. Биринчиси, “Жаҳонгирномаи Толиби Амулий”. Бобур подшоҳнинг набираси Жаҳонгир ҳақида.  Иккинчи китобим “Тазкирайи шоми ғарибон” деб номланган бўлиб, унда бобурийлар даврида Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга бориб яшаган 475 нафар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларни жамлаганман. Қолаверса, “Феҳристи мероси хати Ўзбекистон дар китобхонаи Ризо Рампур”(Рампур Ризо кутубхонасидаги Ўзбекистоннинг қўлёзма мероси) деб номланган катта илмий тадқиқотга қўл урганман. Бу китоб ҳам яқин вақтларда чоп этилса керак.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мен билишни, ўрганишни истаган манбалар ҳали жуда кўп. Келажакда ҳам Бобур ва бобурийларнинг нодир қўлёзмаларини ўқиш ва ўрганиш, тадқиқ этишда давом этаман.

— Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган илмий конференцияда қатнашдингиз. Таассуротлар қандай?

— Таассуротларим бир олам! Ҳар йилгидек илмий конференцияга юқори даражада тайёргарлик кўрилган. Бу йил ҳам янги дўстлар орттирдим. Дунё­нинг бир неча давлатларидан келган тажрибали олимлар билан фикр алмашдик. Бобуршуносликка оид янги тадқиқотлар, илмий, бадиий асарлар билан танишдим. Ўзимнинг бир неча китобларимни туҳфа ҳам қилдим.

Конференция давомида яна бир нарса мени ҳайратлантирди: кекса олимларимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида гапирганда жисмлари кучга тўлиб, ғайрат, шижоат билан сўзлашаётганини кузатиб, хурсанд бўлдим. Демак, Ҳазрат Бобур — Худо берган улкан шахс. Унинг асарларини ўқиётганлар, илмий изланишлар қилаётганлар ёки бадиий асар ёзаётганлар ҳеч қачон қаришмайди. Ҳали ёш бўлсам-да, ярми ҳазил, ярми чин бу фикрни кўнглимга жо қилиб, янада куч ва меҳр билан бу улуғ саркарда ва бетакрор шоирнинг асарларини ўрганишда давом этавераман.

Ҳар биримизга Аллоҳ ёр бўлиб, Ҳазрат Бобур руҳлари мададкор бўлсин!

—  Дилдан суҳбат учун ташаккур.

Ситора Тожиддинова

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =