Қора кўланка

Ўтган йилнинг айни ёз чилласи, Урганчнинг гавжум даҳасида, айнан кундузи аянчли воқеа  юз берди…

Қотиллик содир бўлган куни Эдуард бошига келиб урилган жисмнинг оғир зарби остида ҳушидан кетгани, шу боис ҳеч нимани эслай олмаслигини билдирди. Унинг айтишича, ўша кунги воқеалар чошгоҳ маҳали, ичкилик сабаб бошланган.

Соат 10 лар чамаси эди, — дейди Эдуард терговда, — кўчада елим идишларни йиғиб топширдим, кундалик ишдан қўлим бўшагач уйга кетдим. Йўл-йўлакай дорихонадан тиббиёт спирти сотиб олдим, сабрим чидамади, кўчадаёқ сипқордим, уйга келиб ухлаб қолибман. Тушда уйғониб, яна ишга отлансам, остонада укам Александр ва ичкуёвим Дониёр ўртасидаги жанжалга дуч келдим. Иккаласи ҳам маст эди. Уларни ажратишга уриндим, аммо кучим етмади. Шу орада бошимга келиб урилган шиша стаканнинг оғир зарбидан ҳушимни йўқотибман. Ўзимга келганимда Дониёр ҳовлида қорнини чангаллаганча, оёғида зўрға чайқаларди. Александр эса ерда мажолсиз чўзилиб ётарди”…

Бўлган воқеадан карахт Сўғдиёна, Сабина, Сирожбекларнинг фаҳми хонадонда содир бўлган фожиани тасвирлашга камлик қиларди. Сабирзяновларнинг катта хонадонида ичкуёв мақомида яшаётган Дониёр Машарипов ҳар қалай айбини бўйнига олди. Қайинукасининг ўлимига ўзи сабабчи бўлгани, ошхона пичоғи билан унга ҳамла қилгани ва кўксига зарба урганини тан олди…

Эдуарднинг таъкидлашича, укаси Александр аслида дурустгина одам. Бироқ ароқ ичса, тамомила бошқа одамга айланади. Ўзини йўқотади, қўрслик ва қўполлик гирдобига тушади. У афтидан ана шу машъум қусурнинг қурбони бўлган. Ичкилик қайни ва поччани инсонийлик неъматидан жудо этган.

Аммо суд жараёнида орага бошқа тахмин ва шубҳа-гумонлар оралади. Чунончи, марҳум Александр Сабирз­янов ўзига тегишли бир хонали хонадонни, ушбу уйда ижарада турган, Ж.Юсуповга 67 миллион сўмга сотади. Сотиб олувчи уйнинг пулини ойма-ой тўлаб келган, баъзида бир қисмини Д.Машарипов олиб қолиб ва ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Ўртадаги жанжалнинг асосий сабаби ҳам пулга бориб тақалган, деган гумон пайдо бўлди.

Э.Сабирзяновнинг баданига етказилган жароҳат ҳақидаги даъвоси гумондорни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга доир 97-моддасининг 2-қисми “в” ва “и” бандлари, қасддан баданга енгил шикаст етказишга тааллуқли 109-моддаси 2-қисми билан айблаш учун асос қилиб олинди.

Судда гувоҳлик берган фуқаро Ж.Юсупов эса ўзи ижарада яшаган мазкур уйни ҳақиқатан ҳам А.Сабирзяновдан 67 миллион сўмга сотиб олгани, ушбу пулни бир неча ой мобайнида тўлаш бўйича зиммасига олгани, пулни кўпинча сотувчи А.Сабирзяновнинг ўзига, баъзан эса унинг синглиси, Д.Машариповнинг турмуш ўртоғи, Э.Сабирзяновага элтиб берганини айтди.

Э.Сабирзянова Дониёр Машариповга пул бермаганини тан олди. Юзага келган бошқа мантиқий ҳолатлар ҳам уйни сотиш ва пулини ўзлаштиришга Д.Машариповнинг дахли бўлмаганлигини кўрсатди. Бундай вазиятда судланувчини таъмагирлик йўли билан қотилликка қўл урганликда айблаб, исботини топмаган тахминлар, шубҳа-гумонлар асосида жавобгарликка тортиб бўлмайди. Шу муносабат билан суд мазкур айбни унинг зиммасидан соқит қилди.

Айбланувчининг қилмиши мазкур кодекснинг 97-моддаси 1-қисми билан қайта малакаланди. Ишни кўриш асносида судланувчи Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми бўйича юклатилган айб ҳам олиб ташланди. Аён бўлишича, Д.Машариповни атайлаб шикаст етказганлик учун жавобгарликка тортишни сўраб, ҳеч ким мурожаат қилмаган. Буни жабрланувчи мақомида судга тортилган Э.Сабирзянованинг ўзи ҳам инкор этди.

Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор — ўртада бир инсон вафот этди. Буни назардан қочириб бўлмасди. Судланувчи 97-модданинг 1-қисми бўйича айбланди ва озодликдан маҳрум қилинди.

Аслида, суд жараёни ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, оила аъзолари жиноий қилмишга мойил ва ўткир зиддият гирдобидаги шахслар эмаслиги маълум бўлди. Фактлар ҳам шундан далолат беради. Оила аъзоларининг ўзаро муносабати ҳеч маҳал қуюшқондан чиқмаган. Можароли ва жиддий ижтимоий-ҳуқу­қий оқи­батларга етакловчи ҳолатлар қайд этилмаган. Судланувчининг ахлоқи маҳалладаги яшаш жойидан ижобий тавсифланган. Муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган.

У ҳолда хонадонда рўй берган даҳшатли қотиллик учун ким жавобгар, жиноятнинг туб сабабларини қаердан ва нимадан изламоқ даркор?

Шу ўринда, суд ҳужжатларида айтилганидек, Урганчни ларзага солган ушбу қотиллик мастлик оқибатида содир этилгани аён бўлади.

Инсон фазилат бобида қанчалар беназир бўлмасин, ичкилик, гиёҳвандлик сингари иллатлар уни бир кунмас-бир кун барибир хор ва абгор этади. Фожиа юз берган хонадон аъзолари гарчи ўзаро муроса-ю, мадора бобида эътирозга ўрин қолдирмайдиган алфозда умргузаронлик қилган бўлишса-да, ичкиликнинг қора кўланкаси уларни тинмай таъқиб қилгани айни ҳақиқат. Катта хонадоннинг аксарият аъзолари шишанинг қулига айланганлиги жуда ачинарли. Ичкиликка берилган одамдан эл тугул, ҳатто унинг яқинлари ҳам рўшнолик кўришмайди, ундан ҳазар қилишади.

Сардорбек Тоғонов,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилоят суди судьяси.

Абдулла Собиров,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 5 =