Ўзбек журналистикаси антологияси яратилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 октябрдаги “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжатга илова қилинган “2019-2021 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш бўйича комплекс дастурнинг 22-банди (Ўзбекистон миллий журналистикаси ривожланиш тарихи антологиясини яратиш, унга ривожланишнинг муҳим босқичлари, мамлакатнинг машҳур олимлари ва журналистларининг медиа-соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақидаги мақолаларини киритиш) ижросини таъминлаш бўйича Миллий матбуот марказида Ўзбе­кистон  журналистикасининг  ривожланиш тарихи ва бугунги тараққиётига оид  антологияни яратиш  масалаларига  бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда миллий журна­листика соҳасининг  таниқли олимлари,  тадқиқотчилари ва  журналистлар иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов очиб, юртимизда кейинги йилларда  журналис­тика соҳасини ри­вожлантиришга катта эътибор  қаратилаётгани,  бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

— Ўзбек журналистикаси кеча пайдо бўлгани йўқ ва у  сермазмун, биз ғурурлансак арзийдиган  тарихга эга, деди у. —  Бу  тарихни  тадқиқ этиш,  ҳар бир даврнинг энг яхши асарларини   келгуси авлодларга  етказиш бурчимиз. Тўғри, журналистика бў­йича кўп китоблар чоп этилди, дарслик ва қўлланмалар яратилди. Буларни эътироф этган ҳолда, шу вақтга қадар Ўзбек журналистикаси антологиясига қўл урилмаганлигини ҳам тан олиш лозим.

Йиғилишда  антологияни яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, олим ва мутахассислар ўртасида ўзаро фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Журналистика тарихи даврлари бўйича гуруҳлар ва уларнинг раҳбарлари тайинланиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар  белгилаб олинди.

Антология  аввал  электрон шаклда тайёрланади  ва  Журналистлар ижодий уюшмаси сайтига жойлаштирилади. Кейин эса китоб шаклида  чоп этилади.

Антология  соҳа ходимлари,  мутахассислар, журналист-кадрлар тайёрловчи  олий ўқув юртлари ва кенг  ўқувчилар  оммасига  мўлжалланади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 1 =