Хоразм эҳроми

Мен Хоразмда туғилмаганимда қаерлик бўлардим, деган савол  ўйга толдиради гоҳида. Отам Онамни учратмаганида, Онам гўзал Идил мавжларининг товушини Жайҳуннинг паҳлавон мусиқий садоларига алишмаганида нима рўй берарди? Албатта, булар аҳён-аҳёнда хаёлларимни бир жимирлатиб ўтадиган сўроқлар, холос. Худога шукрки, мен хоразмлик бўлиб кўз очганман, янаям шукрки, Отам ҳам, Онам ҳам бир умр шу юртни Ватан билиб яшаб ўтишди.

Мен устознинг илк суҳбатларидан сўнг Хоразмни юрагимнинг тўрт томони билан кашф этганман. Сўзни, асл маънодаги адабиётни ва инсон деган вужуднинг ичида қўним топган жуда кўп эзгу ва ноэзгу тушунчаларни Урганч­нинг Тинчлик кўчасидаги ўша камтаргина иш кабинети гувоҳлигида тамоман бошқа томондан кашф этганман. Ўзимни, туйғуларимни  қаттиққўл муҳаррир бўлиб таҳрир қилишга киришганман.

Ҳа, ростлик билан учрашганимда жуда ёш қизалоқ эдим. “Кўзойнак”им йўқ эди. Шу боис жуда кўп нарсаларни, турфа ранг­ларни Матназар аканинг кўзи билан кўришга одатландим. Ичимда ўзим англаб — анг­ламаган “Бу кўзлар мени адаштирмайди” деган мантиқий ва ҳиссий тўхтам бор эди. Ана шундай, Матназар ака туҳфа этган ботиний кўзойнакдан сўнг мен чинакамига яшашни бошлаганман. Агар инсон нафас олишни бошқа бир инсондан ўрганиши мумкин дейишса, мен бу табиий заруратни Матназар акадан ўрганганман деган бўлардим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилояти бўлимига борадиган кунларим мен учун чинакам байрамга айланарди. Чунончи, у ерда мени ҳамма эзгу тушунчалар жамулжам бўлиб кутарди: меҳр, муҳаббат, ҳайрат, титроқ, камтарлик, жонфидолик ва дунёдан, ҳаётдан бетаъма бўлган Шеър ишқи, адл Сўз хумори!  Суҳбатларда Матназар ака китоб жавонидан “Лайли ва Мажнун”ни олиб ундан мисралар ўқиса, мен  бир неча кун мобайнида Лайлига эврилиб, томир-томирларимда қоврилардим. Бедилдан шеърлар ўқиса маржонга айланар, “Эллада” ҳақида мушоҳада қилса, асар қаҳрамони бўлган кичкина болакайдай кўксимдаги Ватанни қутқариб қолар, Карл Юнг ё Зигмунд Фрейд асарлари ҳақида фикр­ласа, шулардаги хоҳлаган бир предмет, дейлик соябонга дўниб, ҳамманинг миясини бўлмағур фикрлардан муҳофаза қилишга тушардим.

“Бундай қилма эмас, бундай бўлма”, деб ёзарди Устоз мактубларида. Шунингдек, ҳар битта мактубнинг энг охирида “Қаттиқ ишлай(миз)!” деган иловалар бўларди. Мен дунёга, инсонга, ҳаётга Матназар аканинг юраги орқали қарашни хоҳлардим. “Бундай фикр юритсам, Матназар ака қандай қабул қилган бўларди?”, “Бу тахлит ишласам, Матназар ака нима дерди?”, “Дейлик, бирор-бир кўнгилсизликка учраганда Устоз бу чоҳлардан қандай чиқиб кетган бўларди?” Хуллас, Миср эҳромлари монанд бир-бирини такрорламайдиган пирамидалар пайдо бўлди ичимда. Бироқ булар Адабиёт эҳромлари эди. Уларнинг ҳар бирига Матназар Абдулҳаким деб ёзиб қўйилган эди.

Мен Москвада Максим Горький номидаги Адабиёт институти қошида ташкил этилган Олий адабиёт институтида таҳсил олдим. Ўтган йили Американинг Халқаро Адабиёт шаҳри деб эълон қилинган Айовада 35 мамлакатдан йиғилган шоир-ёзувчилар ичида Матназар Абдулҳаким шеърияти хусусида маърузалар қилдим. Бир неча Халқаро адабий фестивалларда иштирок этдим. Шуни ёруғ эътироф ва мажнуна меҳр  билан айтмоқчиманки, мукаммал Сўзни айтаётган Шоирнинг ўзи ҳам, туй­ғулари ҳам мукаммал бўлишинида Матназар ака сабаб англадим. У илк кашф этганимдаги баландлиги ва шижоати билан ботинимдаги “ободу вайрон устина” зарлар тўкиб яшайверади. Айованинг муҳташам залларидан бирида Устознинг “Битта ёмон китобга қарши битта яхши китоб ёзиб курашмоқ лозим” деган ҳикматли сўзларини айтгандаги қарсаклар уммонорти китобхонининг асл сўз учун олқишлари эди. Мени тақдир Матназар Абдулҳакимдай Устоз билан сийлагани учун ўз қисматнинг кўзларига миннатдор тикиламан бугун.

Россияда таҳсил олган йилларида беш йил ўзи билан Навоийнинг “Хамса”сини олиб юриб мутолаа қилганини гапирган эдилар. Ўйлайманки, устоз Навоий шеъриятининг бор маҳобати-ю гўзаллигини кўра олган.

Боғот туманига бориб Рўзибой Қулматнинг ҳикояларини, Гурландан Мурод Иброҳим ва Маҳмуд Ражабнинг, Қўшкўпирдан Йўлдош Эшмуроднинг, Хивадан Отабек Исмоиловнинг,  Хозараспдан Шокирбек ва Янгиариқдан Жуманазар Юсуповнинг шеърларини йиғиб марказ нашрларига жўнатиш устоз учун одатий машғулот эди. Буларни ҳеч қандай овозаларсиз, устозлик даъво қилмаган ҳолда қиларди. Ўзига ёққан бирор асарни оғзидан боли томиб гапирмасди, шундай бир нуқтасини топиб ҳикоя қилардики, бу завқ, бу ҳаяжон суҳбатдошга ҳам юқарди. Матназар акада ўз завқини, ўз ҳаяжонини юқтириш фазилати жуда кучли эди. Илоҳий ишора бор эди ҳар бир сўзида. “Маҳаллийчилик қилмаган ҳолда бир-бирларингни қўллаб-қувватланглар”, дея бизни аҳилликка ундарди. Ҳаётининг сўнгги кунларида берган “Мангулик жамоли” китобига ҳам “Юракка яқин қўлим билан ёздим” деб имзо чеккан экан.

Матназар ака Адабиётни қандай мезонларда баҳоларди? Ёлғон шеърларни эшитсам, мақоласийрат тизмаларни ўқисам, хитоб-шеър­лардан кажлансам, оламон дидини кийиб олган шеърларни тингласам ана ўша савол ичида яшай бошлайман. Ўтмишга, бадиий диди юксак бўлган аждодлар асрига кун сўраб кетгим келади. Кетолмайман. “Шеър шоирнинг юраги етиб, ақли етмаган нуқталардан бошланади”, дейди Устоз. Хўш, шеър­хоннинг шеърни қабул қилиш диди-чи, у қайси нуқталардан бошланади? Ширасиз шеърларга алданишдан тийиладиган вақтимиз келди-ку! Ҳа дарвоқе, Матназар аканинг шеър баҳолаш мезонлари ҳақида фикр юритмоқчи эдим. Бир томондан мумтоз адабиётни, иккинчи томондан бутун жаҳон мумтоз ва замонавий  адабиётини теран таҳлил қиладиган ижодкорда бир ёқламалик йўқ эди. Ғазаллару шеър ёзарди, шунинг баробарида сар­бастда ёзилган замонавий йўналишдаги  асарларни ҳам боридай қабул қиларди. Анъанавий ё ноанъанавий шеър деб адабиётдаги қайсидир  оқимларни ўгайсиратмаслик Устоз учун умрбод анъанага айланди. Хафа бўлса бадиий адабиётдаги йўналишлардан эмас, ёмон шеър ёзган шоирлардан  хафа бўларди.

Қорақалпоғистон республикасининг Эллик­қалъа тумани Бўстон шаҳрида “Дарсдан сўнг” шеърига ҳайкал қўйилган.  Матназар ака сўз тимсолида ҳали ҳаётлик чоғидаёқ ўзига ҳайкал ўрнатган.

Сўзни, қаламни ва юрагининг тилини топиб, ичидаги “мен”ни хор этмасдан яшади.

Ўз ўйларидан хижолат бўлмасди…

Хаёллари овоз чиқариб сургулик эди…

Ҳаётнинг, кўнгилнинг энг диққинафас, биқиқ нуқталарига юраги ва сўзи ҳам ета олган ШОИР эди.

Устоздан гўзал бир адабий муҳит, шеър­ни, Сўзни юракларига тумор қиладиган соғ­лом маънода матназарпараст шогирдлар қолди. Зеро, биз кафтни-кафтга иш­қаб эмас, қаламни юракка суриб шеърлар ёзамиз, полвон Сўз айтишга чоғланамиз. Зеро, “Арслонлар қўрққувчи китоблар”ни ёзган бу халқ­дан абадиятни уйғотадиган шоирлар, ёзувчилар чиқишига ишонаман, қаттиқ ишонаман.

Юқорида “Мен хоразмлик бўлмаганимда нима бўларди?”, деган саволни ўртага қўйдим. Ўйлаб кўрсам, бу у қадар ваҳимали эмас. Бироқ агар Матназар ака Хоразм­да туғилмаганида нима юз берган бўларди? Бу албатта жуда улкан бир бўшлиқни яратган, йўқликни яратарди. Ғовак юракларимиз билан “Адабиёт” деб унвон олган “ғимир”у жимирлар орасида қолиб кетишга маҳкум бўлардик, эҳтимол.

Шукрки, биз Матназар Абдулҳакими бор Ўзбекистон фарзандларимиз…

Гўзал Бегим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + thirteen =