Юлдуз тўла умид осмоним

Мен эгилсам сенга эгилдим

Мен эгилсам – сизга эгилдим,

Онажоним – Турон ерлари.

Мен топинсам – сизга топиндим,

Отажоним – Турон эрлари.

Мен Самарқанд, Бухородирман,

Исми-жисмим фарзанди Сурхон.

Мен элларга шод борадирман,

Амир Темур ўлмаган дебон.

Мен Улуғбек авлодидирман,

Юлдуз тўла умид осмоним.

Мен истиқлол байроғидирман,

Ҳур – бахтиёр Ўзбекистоним.

Аждодларим дўсти содиқ ёр,

Шеърга монанд дасту забони.

Садоқатли мустақил диёр,

Икки дарё – икки жаҳоним.

Ой чўккан кўл

Баҳор билан гуллар тердим,

Ой чўккан кўл қирғоғида.

Ширин-ширин хаёл сурдим,

Туннинг момиқ қучоғида.

Вақт ўтар, юлдузларнинг

Кўзларига ботар дунё.

Армон билан кундузларнинг

Ўртасида ётар дунё.

Бошим ойдан айланади,

Кўлнинг тинар қирғоқлари.

Юрагимга боғланади,

Севганимнинг мунчоқлари…

Баҳор билан гуллар тердим,

Ой чўккан кўл қирғоғида.

Ширин-ширин хаёл сурдим,

Туннинг момиқ қучоғида.

 Хоҳласак ҳам…

Йилларимиз ўтиб боради,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Йўлларимиз ортда қолади,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Ким севилиб, севилмай ўтар,

Ким кутилиб, кутилмай ўтар,

Меҳнатга ёр муродга етар,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Кимнинг озу, кимнинг кўп иши,

Кимнинг йўғу, кимнинг бор ҳуши,

Айланади фалак гардиши,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Ойу қуёш – борлиқ бу дунё,

Кимга каму, ортиқ бу дунё,

Ҳаммамиздан тортиқ бу дунё,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Ҳайдар Тўра борини айтар,

Юракдаги зорини айтар,

Меҳр-оқибат, яхшилик қайтар,

Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам.

Баҳоржон

Тушларимда сени соғиндим,

Ҳушларимда сени соғиндим,

Ишларимда сени соғиндим,

Баҳоржоним, келақол энди.

Муҳаббатим – борлиғим дея,

Ошиқларга ёрлиғим дея,

Элу юртга корлигим дея,

Баҳоржоним, келақол энди.

Қарғалар учмоқда шимолга,

Бойчечак етмоқда камолга,

Бунчалар берилдинг хаёлга,

Баҳоржоним, келақол энди.

Бору йўғим – шеърларим битиб,

Йўлларингга узоқ кўз тикиб,

Кутишлардан кетдим орзиқиб,

Баҳоржоним, келақол энди.

Иссиқ совуқларга қасд қилиб,

Бўйларингдан сочиб маст қилиб,

Ўзни баланд,бизни паст қилиб,

Майли, жоним, келақол энди.

Тушларимда сени соғиндим,

Ҳушларимда сени соғиндим,

Ишларимда сени соғиндим,

Баҳоржоним, келақол энди.

Эй ёронлар

Ўтар дунё – юракларинг минг бир пора,

Ўқиб-уқиб билдим шуни, эй ёронлар.

Шоҳу гадо охиратда бир бечора,

Ўқиб-уқиб билдим шуни, эй ёронлар.

Меҳр абад, тахту амал ўткинчидир,

Ой, Қуёшнинг тутилиши вақтинчадир,

Худо берган бутун умр бир кунчадир,

Ёниб-ёниб билдим шуни, эй ёронлар.

Кўп адашиб одам йўлин билар экан,

Ўн беш кунда ҳилол тўлин бўлар экан,

Катталар ҳам ёш боладай кулар экан,

Кўриб-кўриб билдим шуни, эй ёронлар.

Кўзламасдан отмас ўқин ҳеч бир овчи,

Ўйламасдан айтмас сўзин ҳеч бир совчи,

Мўлжал узоқ, манзил яқин, мен йўловчи,

Юриб-юриб билдим шуни, эй ёронлар.

Ҳайдар Тўра Ерда ётиб Осмонда юр,

Келажакни топай десанг ўтмишни кўр,

Дўст-ёрларинг дийдорига йўлингни бур,

Толиб-толиб билдим шуни, эй ёронлар.

Ҳайдар Тўра

Муаллиф ҳақида:

Ҳайдар Тўра — Шеробод туманида туғилган. 1973 йилда Тошкент давлат университетининг математика факультетини тугатган. Физика-математика фанлари номзоди. Унинг “Насиба”, “Муҳаббат”, “Онажон юртим” номдаги шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоир шу кунларда ўзининг қутлуғ ёшини нишонламоқда. Муштарийларимиз номидан чин қалбдан муборакбод этамиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =