“Матбуот тарқатувчи”даги қинғирликлар ёки қўйнингдан тўкилса қўнжинггами?

Юртимизда бой-бадавлат, тўқ, фаровон турмуш кечираётганлар сони кўп, уларнинг сафи тобора ортаяпти. Албатта, бу мақтовга лойиқ. Айни пайтда арзимаган маош олиб, камбағаллик ёқасида, ўртамиёна рўзғор тебратаётганлар ҳам кам эмас. Афсус, мана шу камхарж инсонлар сафида юртимиз тарғибот-ташвиқот машинасини ҳаракатлантираётган, элга эзгулик уруғини сочаётган, жамиятда рўй бераётган воқеа, хабар ва янгиликларни одамлар онггига тўхтовсиз етказаётган шарафли ва машаққатли касб соҳиблари — журналистлар ҳам бор.

“Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”, деган гапни кўп эшитганмиз. Буни қарангки, жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида кўрилган ишда маълум бўлдики, “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик жамиятининг Хоразм вилоят шўъба корхонаси раҳбарлари ўз ҳамкасбларининг ҳақини ўзлаштиришдан тап тортмайдиганлардан экан. Корхона директори Ойбек Қурбонов 2017-2018 йилларда обуначилар томонидан тўланган 1,3 миллиард сўм пул маблағларидан 562,3 миллион сўмини ўғлига қарашли “Урганч зиё”  МЧЖга ўтказиб юборади. Шўъба корхонаси негизида  ташкил этилган, “Хазорасп босмахонаси” балансида бўлган, ҳақиқий баҳоси 750 миллион сўмлик бинони ҳам “Урганч зиё” МЧЖга 16,7 миллион сўмга “сотиб” юборади. Ўз манфаати йўлидаги “ҳотамтойлик” ни қаранг!

Начора, олиб борилган суд ва тергов жараёнларида матбуотчиларни “чув” туширган “матбуотчи”нинг ҳақиқий башараси кўриниб қолди. Матбуотимизни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда қаламкашлар, таҳририятларнинг она сутидай ҳалол  ризқ-насибасига кўз олайтириш орқали мол-дунё орттиришга муккасидан кетган бу кимсаларни қандай аташ мумкин?

Ойбек Қурбоновнинг маълумоти ўрта махсус. Шунданми, мазкур  корхонада ҳисобчи лавозимида ишлаб  келган. Текширув натижасида шўъба корхонада муқаддам бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Муборак Нурматова директор ҳисобланса-да, ўзи “тобе” бош ҳисобчининг итоатида иш юритган. Фақатгина тегишли ҳужжатларга раҳбар сифатида имзо чекиш билан чекланганлиги маълум бўлди. Кўриниб турибдики, директорлик вазифасини тўлалигича О.Қурбоновнинг ўзи адо этган.

Шу жойда айтиш керакки, “Хазорасп босмахонаси” балансида бўлган 739,9 миллион сўмлик бино ва иншоотларни О.Қурбоновнинг ўғли А.Қурбонов тоғаси С.Шарипов билан бош­қараётган “Урганч зиё” МЧЖга ўз нархидан қарийб 46 баробар арзон баҳо эвазига “сотиб” юборилгани амалдаги қонунчиликка ҳам мутлақо тўғри келмайди. Чунки “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик жамиятида жорий этилган тартиб-қоидага мувофиқ бу тарздаги мулкий савдо  юқори органнинг рухсати ва розилиги билан амалга оширилиши керак эди.

Нега шўъба корхонаси мутасаддиси бу қоидага амал қилмади? Ҳатто босмахона раҳбари Ў.Қурбонов мазкур жой сотилганини янги “хўжайин” “ҳақини” сўраб келганида билиб қолади.

Шўъба корхонага йил мобайнида биргина обуна тадбирларидан келиб тушадиган пулнинг ўзи миллиардларча маблағни ташкил этади. Хоразмликлар ҳам газетхон одамлар. Биров қаршилик қилмаса, газета, журналларга обуна бўлишдан ўзини четга олмайди. Минг-минглаб жисмоний ва юридик шахсларнинг обуна пуллари шу тариқа шўъба корхонаси томон оқиб  келаверади.

Текширув ҳужжатларида қайд этилишича, ўғлига тегишли корхона ушбу маблағни “Кўрсатилган  хизматлар ва бажарилган ишлар”, яъни  газета ва журналларни  эгаларига тарқатиш соҳасидаги фаолияти учун сарфлаган дейилса-да, аслида матбуот йўналишида сариқ чақачалик ҳам хизмат кўрсатмаган. Буни босмахонани 2013 йилдан буён  бошқариб келаётган Ўктам Қурбонов ҳам: “Аслида шўъба корхонаси ушбу маблағни солиқ текширувида очилиб қолган қарзларини ёпиш учун ишлатган”, дея тасдиқлади.

Шу ўринда, жиноий фаолият юзасидан ўтказилган суд мажлисларида фуқаровий даъвогар сифатида қатнашган Жамолиддин Расулов: “Молиявий ёрдам тадбири заиф аҳволдаги корхонани моддий жиҳатдан соғломлаштириш ва оёққа турғазиш мақсадида уюштирилмоғи зарур. Таассуфки, шўъба корхонаси “ёшулли”лари ушбу ибратли таомилга қиё  ҳам боқишмади. “Қўйнингдан тўкилса қўнжингга”, қабилида  иш тутишди”, — деди афсус билан.

“Матбуот  тарқатувчи” АЖнинг Хоразм вилояти шўъба корхонаси билан  обуна ва нашрларни  чакана сотиш  бўйича  ҳар йили ҳамкорлик қилиб  келаётган “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда”, “Янгиариқ овози”, “Гурлан ҳаёти”, “Хоразм маърифати” каби газеталар таҳририятлари моддий ва молиявий жиҳатдан мураккаб ҳолга тушиб қолганига қарамай, қатор  етакчи нашрларнинг обуна пули, яъни 1 миллиард 366 миллион сўм маблағи кўр-кўрона ўзга шахсларга “тортиқ” қилиб юборилганига нима дейсиз?!

Шу тариқа шўъба корхонанинг мўмайгина маблағи моддий ёрдам баҳонасида “ёшулли” О.Қурбоновнинг ўғли А.Қурбоновга қарашли “Урганч зиё” масъулияти чекланган жамиятига, 2017-2018 йиллар оралиғида, шунчаки “ҳиммат” этиб ўтказиб юборган маблағи 934,2 миллион сўмни, амалда  уюштирилмаган обуна (ушбу жамият аслида обуна иши билан шуғулланмайди) тадбирлари учун 314,7 миллион, кўрсатилмаган хизматлар  учун эса 116,9 миллион, жами 1 миллиард 366 миллион сўмни ташкил этган.

Қинғир иш шу билан тўхтади дейсизми, йўқ, яна газак олди. Шундай қилиб, “Матбуот тарқатувчи”га мутлақо алоқаси бўлмаган “Интеллект сервис” МЧЖ 10 миллион, “Жабберган Кумуш” фермер хўжалиги 3,5 миллион, “Сирли Жайҳун дарё” хусусий корхонаси 20 миллион, “Аҳмад чўпон” фермер хўжалиги  5 миллион сўм ёрдам пули билан  сийланди. Келишув шартномаларга биноан ўтказилган маблағ маълум фоизлари билан эгасига қайтарилиши керак эди. Аммо бу масала муаллақлигича қолган. Энг муҳим жойи, моддий  ёрдам бегонанинг эмас, асосан “ёшулли”нинг ўз яқинлари ҳисоб-рақамидан жой олди. “Ўзим хон, кўланкам майдон”, дегани шу бўлса керак-да…

Ҳаётда бир бор  йўл қўйилган хато диёнатли одамлар учун катта сабоқ бўлади, ўзлигини билган инсон борки, қалтис ва хатарли манзилларга қайта қадам босмайди. Бу тоифадаги одамлар инсонийликка иснод амалларни такроран ихтиёр этмайдилар. Афсус, шўъба корхона мутасаддилари диёнатдан анча йироқ одамлар экан. Ҳатто содир этилган талон-торож ва унинг ортидан  қўзғатилган жиноят иши ҳам мутасаддилар учун сабоқ бўлмади. Аксинча, қилмишини хаспўшлаш ва изини  яширишга қаратилган ҳаракатлар юз берди. “Моддий ёрдам” маблағларини ортга қайтариш муддати  ўтиб  кетгани, бу ҳол тергов ва тафтиш учун яна бир дастакка, айбдор тарафга эса чинакам “бош  оғриғи”га айланди. Шу боис, “Ётиб  қолгунча отиб  қол” қабилида иш тутилди. Муқаддам расмийлаштирилган шартнома ҳужжатлари матни ўзгартирилди, тўлов муддатлари эса анча ортга сурилган  янги ёзувлар билан тўлдирилди. Бошқача айтганда, бир  қинғирлик бошқасига уланди. Ачинарлиси, зикр этилган янги ёзувлар тергов-тафтиш тадбирлари олиб борилаётган бир паллада рўй берган.

Корхонада гоҳ бош  ҳисобчи, гоҳ директор вазифасини бажарган М. Нурматова судда айбланувчи мақомида кўрсатма берар экан, раҳбарлик вазифасини амалда бош  ҳисобчи О.Қурбонов ўтагани, ўзи эса доимо унинг измида бўлгани, кўрсатмаларини канда қилмай бажарганини очиқчасига тан олди.

Судда гувоҳлик берган “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири С. Раҳимберганова обуна тадбирлари асосан “Матбуот  тарқатувчи” шўъба корхонаси ва “Хоразм почтаси” орқали уюштирилиши, мазкур ташкилотлар обуна маблағларини бошида бир қисмини,  сўнгра қолганини ҳисоб-рақамга ўтказиб бериши шарт эканлиги, бироқ, бу мажбурият йил якунида ҳам бажарилмаганини таъкидлади. “Янгиариқ овози” газетаси вакили Ж.Юсупов эса корхона раҳбари О.Қурбоновга бир неча бор мурожаат қилганини, аммо  бундан бирон натижа чиқмаганини, таҳририят шўъба корхонадан 33,9 миллион сўм миқдоридаги пулини ҳамон ундира олмаганини айтди.

Ғайриқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилган шўъба корхонаси собиқ директори Ойбек Қурбоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки қарздорлик йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилишга оид  167-моддаси 3-қисми “а” ва “г”  бандлари, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигига доир 205- ҳамда 209-моддаларининг 2-қисми “а”банди бўйича айбли, деб топган бўлса-да, суд  жараёнида таҳририятларнинг  ноқонуний ўзлаштирилган 619 миллион сўм маблағи ва “Хазорасп босмахонаси” МЧЖга қарашли 740 миллион сўмлик мол-мулклар  эгаларига қайтарилгани инобатга олинди. Кодекснинг жазони енгиллатишга қаратилган  57-моддасини айбнинг баъзи  ҳолатлари бў­йича қўллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланди.

Жазони енгиллатувчи ҳолатлар табиийки, бағрикенгликка етаклади. Айб­ланувчиларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо та­йинланди.

Улуғбек Бакдурдиев,

жиноят ишлари бўйича Хоразм

вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи.

Абдулла Собиров,

журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 8 =