Туркия: Ҳар қадамда Ўзбекистонни кўрдим

Ўрталиқда нима сир-синоат бор, билмадим-у башарият пайдо бўлганидан буён ҳамма экватор чизиғига яқин мамлакатларга ҳаддан зиёд қизиқади. Ана шу ўрталиққа жойлашган мамлакатларнинг бири – Ўзбекистон, яна бири – Туркия.

Ҳозиргача ўзбек зиёлисининг хорижга чиққан-чиқмагани, айнан қайси мамлакатларга бориб келганининг аҳамияти йўқолган эмас. Чунки, кўп асрлар дунёдан узилиб яшаганимиз аввалига халқни қолоқлик ботқоғига ботирди, сўнг эса мамлакатни мустамлакага айлантирди.  Истиқлолдан бу ёғига халқ сифатида жон талашиб, ана шу кечикишимизни, қандай қилиб бўлмасин, бартараф этиш йўлларини излаб ётибмиз.

Туркияга сафарим чоғида олим, профессор Умой Туркеш Гунойни эсладим, туркий халқлар милоддан аввалги IV минг йилликдан ҳозирга қадар ўтган 6 минг йил мобайнида 16 буюк императорлик, юзларча катта-кичик давлат қурган. Қорабоқ университети ҳовлисидаги баланд минора тепасида Туркия Республикасининг давлат байроғи ҳилпираб турибди. Унинг тагкурсиси атрофида, туркий давлатлар байроқлари қатори, уч айлана ўзаро бирлаштирилган ҳолда акс этган кўк байроқни ҳам кўрдим. Бу — Темурийлар байроғи.

Анқарадаги Ғозий университетининг Технология факультети Тошкент номидаги бинода жойлашган. Бу энди турк биродарларимизнинг Ўзбекистонимиз пойтахтига алоҳида ҳурмати белгиси…

Туркияликлар ўзларини, эрамизнинг XI асрида Марказий Осиёдан келган кўчманчилармиз, деб ҳисоблашади. Лекин айрим олимлар, ҳатто, бундан 3 минг 800 йил бурун ҳам бу ерларда турк тилида сўзлашувчи халқ вакиллари яшагани ҳақида археологик маълумотлар борлигини қайд этишади. Милоддан аввалги 2200 йилга оид бир ҳужжатда тилга олинган 17 қиролдан бири “турк қироли Илшу Ноил” экани тилга олинади…

Очиғини айтганда, Америка ёки Европа бозорлари Туркия учун икки жиҳатдан ёпиқ, яъни ўзаро муносабатлар у қадар яхши эмас. Иккинчидан, у ерларда рақобат жуда баланд, гўё бир тўсиқ, уни ёриб кириш Туркия учун ҳам осон кечмайди. Шу сабабдан ҳам Марказий Осиё, хусусан, бу минтақанинг ярим аҳолиси истиқомат қиладиган Ўзбекистон — Туркия учун энг қулай бозорлардан бири ҳисоб­ланади.

Шу ўринда, ҳозирча халқимиз вакилларининг бир қисми ишлаш учун чет элларга чиқишга мажбур экан, бизга энг қула­­­­йи —­ Туркия эканини эсдан чиқармаслик керак. Чунки ҳар қандай ўзга мамлакатга борилганда тил билиш муаммоси пайдо бўлади. Ўзбекларимизнинг турк тилини ўрганиши бош­қа тилларни ўрганишга нисбатан осонроқ кечади. Ўртадаги маънавий муҳит яқинлиги ўзаро ҳамкорлик қилишга имкон яратади.

Режеп Таййип Эрдоғаннинг энг кўп такрорлайдиган шиори бор: “Тек миллат, тек давлат, тек Ватан, тек байроқ!” Ўзбекчага: “Бир халқ, бир давлат, бир Ватан, бир байроқ!” – деб таржима қилиш мумкин. Ифодаси соддагина туйилгани билан, моҳиятан бу — жуда катта гап! Халқни, давлатни, Ватанни бир байроқ остида бирлаштиришга қаратилган буюк ғоя!

Ўзбекистон — аҳолисининг нуфузи жиҳатидан туркий тилли мамлакатлар орасида Туркиядан кейин иккинчи ўринда турадиган йирик давлат. Туркия биринчи галда биз билан мус­таҳкам бирликка эришмоқчи. Бу — амалда Марказий Осиёнинг ярми билан ҳамкорлик таъминланди, дегани. Чунки минтақамиз умумий аҳолисининг тенг ярми Ўзбекистонда яшайди.

Дунёнинг бугунги шафқатсиз бозорида бирон-бир мамлакат бошқалар билан ўзаро бирлашмасдан, якка-ёлғиз ҳолда рўшнолик кўра олмайди. Халқ билиб айтган: “Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас”.

Ўгит

1288 йили тахминан 90 ёшларида вафот этган Эртуғрул Ғозий ўғли Усмон Ғозийга шундай бир васият қилади, у кейинчалик 624 йил ҳукм сурган Усмонийлар императорларининг дас­турий фалсафасига айланади. Мана, ўша ўгит: “Аллоҳи таолонинг  амрларига хилоф бир иш қилмагайсан! Билмаганингни олимлардан сўраб, билиб олгайсан!

Яхшилаб ўрганмагунча бир ишни бошламагайсан!

Сенга итоат этганларни хуш тутгайсан!

Аскарингга инъомни, эҳсонни камайтирмагайсанки, инсон эҳсоннинг қулидир!

Оламни адолат билан беза ва Аллоҳ учун хатти-ҳаракатни тарк этмаслик билан мени шод эт!

Қайдаки бир илм аҳли учраса, унга рағбат, иқбол ва ҳалимлик кўрсат!

Аскарларингга ва бойли­гингга ғурур келтириб, илм аҳлидан узоқлашма!

Бизнинг ишимиз Аллоҳ йўлидир ва мақсадимиз Аллоҳнинг динини ёймоқдир, ғавғо кўтармоқ ва жаҳонгирлик даъвоси эмас. Сенга ҳам бу йўл ярашади.

Доимо ҳар кимга яхшилик қилиш ҳаракатида бўл!

Мамлакат ишларини нуқсонсиз бажар!”

Шаҳарнинг қишлоқдан фарқи нимада?

Маълумотларга кўра, Туркияда аҳоли сони ҳар йили 1 миллион кишига кўпайяпти. Аҳолининг 70 фоизга яқини шаҳарларда истиқомат қилади. Ҳисоб-китоб қилинганда, шаҳарда яшаётган бир фуқаронинг мамлакат иқтисо­диётига келтирадиган фойдаси қиш­лоқда яшаётган бир фуқаронинг мамлакат иқтисодиётига келтираётган фойдасидан кўра кўпроқ экан.

Туркияда ҳар йили 16 июнь Оталар куни, яъни  эркаклар байрами нишонланади. Туркия байрамлари — таъбир жоиз бўлса, моддий асосга ҳам эга. Яъни, ана шу Оталар куни арафасида айрим савдо дўконлари акциялар ўтказиб, эркакларга мўлжалланган маҳсулотларни 50 фоизгача чегирма билан сотади.

Кўниё

Кўниёнинг аксар кўчалари кенг ва равон. Пиёдалар, велосипедчилар учун алоҳида йўлаклар бор. Кўзи ожизларга алоҳида шароит яратилган. Йўлакнинг бир тарафига махсус резиналар ёпиштирилган. Уларда чизиқ бўйлаб жойлаштирилган бўртма нуқтачалар бор. Кўзи ожиз кишилар ҳассасининг учи билан ана шу чизиқдан чиқмай кетаверади. Бекат ёки бурилиш келганида бўртма чизиқ нуқта-нуқтага айланади. Шундан бурилиш ёки бекат эканини билиб олишади.

Жамиятда бирликлар — турли-туман бўлса-да, миллат бўлиб бирлашишнинг ўрни ва аҳамияти батамом ўзгача. Туйғулар орасида энг нозиги ҳам — миллий туйғу. Кўниё эли (вилояти) баладияси (ҳокимияти) ҳар йили “Ўлка таниш кунлари”ни ўтказар экан. Бизнинг тушунчалар билан ифодалаганда, бу миллий маданиятлар кунларига тўғри келади.

“Ўзбекча гапирмайcизми, ока?”

Туркияда бир тиллик муҳит — ҳукмрон. Халқнинг онг-тасаввурида иккинчи бир тил мутлақо йўқ. Бир нарса ёки тушунча ҳаётга кириб келса-ю унга ном қўйиш зарурати туғилса, олимлар ё мутахассислар томонидан бир таклиф ўртага ташланади, маъқул келса, қолганлар шундайлигича қабул қилади. Чунки онг-тасаввурда иккинчи бир вариантнинг ўзи йўқ-да.

Масалан, “чегирма”ни “индирим” деб олишган. Ҳамма шундайича тушунади. Лекин бизда: “Фалон магазинда фалон нарса чегирма билан сотиляпти”, де­йилса, ўйлаб қоласан: неча фоиз одам тушунар экан? Албатта, агар “чегирма” сўзи ўрнига “скидка”ни ишлатсангиз борми, энг чекка қишлоқлик ҳам дарров тушунади. Ҳатто, “бекат” десангиз, транспорт ҳайдовчиси ҳам сизга ўзга сайёрадан тушган одамга боққандай қарайди. Чунки унингча “остановка” дейишингиз керак.  Бир таксичига: “Шу ердан қайрилиб оласиз”, десам, тушунмади: “Разворот қилишим керакми?” — деб сўраб, аниқлаштириб олди. Охири: “Ўзбекча қилиб тушунтирмайсизми, ока”, ҳам деди.

Истанбулдаги Сидней меҳмонхонасига жойлашяпмиз. Ходими ўзбек йигити экан. Ўзимизнинг “гастербайтер”­лардан. Икки ўзбек мириқиб гаплашишди:

“Завтрак борми?”

“Конечно. Фақат обед билан ужинни бир нарса қиларсизлар. Лекин условиеларимиз — во, отлично. Проблема бўлса, менга обращать қилаверасизлар”.

“Завтрак”, “конечно”, “обед”, “ужин”, “условие”, “отлично”, “проблема”, “обращать” деган сўзларни ишлатганидан аниқ билиниб турибдики, булар “ўзбекча” гаплашишяпти.

Ўзимизда ёнилғи қуйиш шохобчасини ҳамма “заправка” дейди. У ерда: “Тўлдириб қу­йинг!” – десангиз, сизни хорижий тилда гапирганга чиқариб: “Нима?” – дейишади бақириб. Мажбур бўлиб: “Польный бак!” — дейсиз русчалаб. У ҳам ичкаридаги тақсимловчига қараб қичқиради: “Польный бак!..”

Ватандин яхши ёр ўлмас

Хорижга сафарнинг нимаси афзал биласизми? Хорижда ҳамма нарса бор, Ватан йўқ. Ана шуни чуқурроқ англаб етасиз. Сиз айнан она юртдан йироқдасиз, ундан четга чиққансиз. Ўзга мамлакатни ҳам, унинг халқини ҳам фақат-фақат Ватанингиз ва халқингизга қиёсан кузатасиз. Ана шундай ният билан нигоҳ ташланганда, Туркиянинг ҳар қадамида Ўзбекис­тонни кўрдим, десам, ишонаверинг.

Султонмурод Олим.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 3 =