Шеъри учун жазоланган шоир

1857 йил Париж шаҳрида энг шов-шувли судлардан бири бўлиб ўтмоқда. Бу судда француз ва дунё адабиётининг таниқли шоири, танқидчиси, символизм асосчиларидан бири – илк дафъа “лаънатланган шоир” дея аталган Шарль Пьер Бодлернинг “Ёвузлик чечаклари” китобидаги исёнкор шеърлари учун жазо ҳукми ўқилаётганди. Китобдаги шеърлари ниҳоятда кескин ва реалистик руҳда бўлишига қарамай, Бодлер ўзини ҳимоя қилишга уринмасди. Бу шеърларга бўлган таъналарга қарши турмасликнинг сабаби эса иддао этилганидек динга қарши чиқиш эмас, ижтимоий қадриятларни таҳқир этганида эди… Судга чақирилган Бодлер “шоирни шеъри сабаб суд қилмоқ, актёрни ўйнаган ролдаги жинояти учун жазоламоқ билан баробар”, дея жавоб қайтаради.

Шоир суд қилинди, ўша замон француз қонунлари бўйича жазоланди. Бироқ шоир­ни жазога тортган ушбу китоб бутун дунё китобхонлари меҳрини қозонди. Шуҳрат билан шарафланди. Асрлардан асрларга ўтувчи мумтоз асарга айланди.

Шарль Бодлер дунёга келганда отаси Франсуа Бодлер 62 ёшда, онаси эса бор-йўғи 27 ёшда эди. Француа Бодлер рассомлик билан маш­ғул бўлгани учун ўғлини тез-тез санъат галерияси ва музейларга олиб борар, рассом дўстлари ила таништирар экан унда ҳам тасвирий санъат ва ижодга ҳавасни шакллантирарди.

Олти ёшида отасидан айрилган Шарлнинг бутун ҳаёти ва ижодига салбий таъсир қилган ҳодиса эса онасининг “хиёнати” — эрининг вафотидан сўнг генерал Осип билан оила қургани бўлди. Бу турмуш унинг бутун ҳаётига ва ёзганларига ўз таъсирини ўтказган.

Шеърлари илк маротаба 22 ёшида чоп қилинган шоирнинг дунёга машҳур бўлишида, ўз адабий лабораториясини яратишида муҳим давр 1840 йиллар боши ва 1850 йиллар охири бўлди. Ўз адабий фаолиятини эса француз рассоми Жак Луи Давид асарлари ҳақида танқидий мақолалар ёзишдан бошлайди.

Унинг энг машҳур асари “Ёвузлик чечаклари” тўпламидир. Бу китоб Европа модернизмининг бошланиши сифатида тан олинган. Бодлернинг шеърларида ҳаёт-ўлим, ёвузлик, камбағаллик ва очлик, маъшум жиноятларнинг ҳукмронлигидан халос қилиш бош мезон ҳисобланади.

Дунё азалдан шундай қурилган ва уни ўзгартирмоқ мумкин эмас. Ёвузлик инсоннинг ҳамиша ҳамроҳи. Бодлернинг адабий қаҳрамонлари буни чуқур ҳис қилади. Асосий масала эса шоирнинг бунга муносабати қандай бўлишидадир. Шоирнинг дунёдаги ва ўзидаги ёвузликларга қарши руҳда ёзилган шеърлари жуда кўп. Бу шеърларда у зулматдан азоб чекди.

Франсуа Рене де Шатобриянинг фикрича ёвузлик дунё “хаста”лигидир ва бу хасталикдан адабиёт яратиб бўлмайди. Бодлер эса ёвузликдан ҳам гўзаллик яратмоқ мумкинлигини англайди. Сўнгра бу “хасталик” унда муқимлашиб, тузалмас ҳолга келади, ижодининг бирдан-бир мавзусига айланади.

Бу шеърларда шоир манфийда мусбат, ўлимда гўзаллик, гуноҳда лаззат борлигини айтади ва буни ўзгача бир гўзал шаклда тасвирлайди. Бодлер ёвузликнинг инсонни ўзига тортувчи гўзаллигини кўрсатади. Тўпламнинг номи ҳам бу ғоядан яралган бўлиб — ёвузлик чечаклари — яъни, унинг гўзаллиги. Гуноҳ ва ёвузликнинг берган завқи жуда оз. Унда севинч ва даҳшат, лаззат ва нафрат каби ҳислар қоришади ва одамларни оҳанрабодек ўзига тортади. У мактубларида бу шеърларга бутун юрагини, севгисини, нафратини, ишончини бағишлаганини ёзади. Самимият ва ҳалоллик, ҳар нарсанинг асли каби — муболағасиз тасвири фақат “Ёвузлик чечаклари”даги шеърлари учунгина эмас, Бодлернинг бутун ижоди учун асос ҳисобланади.

Китоб “Қайғу ва йўлбошчи”, “Париж лавҳалари”, “Шароб”, “Ёвузлик чечаклари”, “Эътироз” ва “Ўлим” номли олти бўлимдан иборат. Бу балки ички боғланган ягона поэтик тўпламдир, шеърларнинг биронтасини олиб ташлаш бутун китобга таъсир кўрсатади. Шеърларнинг асосий мавзуси азоб, йўқотиш, умидсизлик билан боғлиқ.

Бу китобдан кейин бир неча асарларини чоп қилдирди, бироқ ҳеч қайси бири “Ёвузлик чечаклари” каби назарга тушмаган ва шуҳрат қозонмаган. Бодлер учун муҳим ҳодисалардан бири маънавий дўсти атаган Эдгар Аллан Понинг ижоди билан таниш бўлишидир. Умри давомида Понинг ижодига бўлган қизиқиши йўқолмаган, унинг асарларини француз тилига таржима қилади.

Бодлер бир муддат Брюсселда яшайди ва у ерда оғир хасталикка чалинади. У таносил касалига йўлиққани тўғрисида бирон сўз ёзмаган. Онаси Шарлни Парижга олиб кетади ва муолажани шу ерда давом эттиради. Шоир 1867 йилнинг августида 46 ёшида вафот этади. Бодлер бутун ҳаёти давомида нафрат билан қараган, уни онасидан айирган одам — ўгай отаси Осип ёнига дафн қилинади.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон

таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + six =