Бобур ижоди рус мактабларида

Мактабимизда турли миллатга мансуб оила фарзандлари рус тилида таҳсил олишади. Уларга бой миллий меросимизни ўқитиш, улардан баҳраманд этишнинг бирмунча машаққатли ва мароқли жиҳатлари бор, албатта. Чунончи, улар ўзбек тилининг бугунги имкониятларидан келиб чиқиб фикрлашади, гапиришади ва мулоқотда бўлишади.

Мумтоз адабиётимиз намуналарини, айнан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганишда болалар бирмунча қийинчиликларга дуч келишлари мумкин. Мумтоз адабиётимизда истифода этилган сўз ва терминларни, Бобурнинг юксак даражадаги бадиий маҳоратини ўқувчига етказиб бериш ўқитувчидан юқори салоҳият талаб қилади.

Дейлик, юқори синфларда Бобурнинг ушбу рубоийси ўқитилади:

Толеъ йўқи жонимға   балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бир қарашда соддагина, юрт ҳажрида, Ватан соғинчида, она-диёрдан мосуволик оғриғида битилган ушбу рубоийни тамоман бошқа бир менталитетда тарбия топаётган ўқувчи қалбининг туб-тубига олиб киришнинг бирмунча машаққатли жиҳатлари бор, албатта. Чунончи юртни, Ватанни, оилани ташлаб ўзга бир юртга йўл олиш бошқа миллат вакиллари учун биздагидай фожиали туйилмаслиги мумкин.

Ёки бошқа бир рубоийсида ёзади:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур,

Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.

Биз албатта, Бобур ижодини ўрганишда, бу асарларнинг туб мағзини чақиш учун, аввало, ўзбек бўлиб туғилиш керак, деган қарашларга амал қила олмаймиз. Чунки ҳар қандай асар умуминсоний ғояларни ўзида ифода этади ва шуниси билан умуминсоният учун хизмат қилади. Тўғри, рус тилли болалар бу асарларни барибир ўзига хос акцент билан ифодали ўқишади. Биз учун муҳими, бу эмас. Муҳими, ўқувчи Бобур ижодини тушунишда, мағзини чақишда, унинг тушунчаларида акцент бўлмаслиги керак.

Шунингдек, “Бобурнома” асарининг ўқитилиши ҳам болалар учун қизиқарли. Жаҳонга донғи кетган бу асар асосида қатор бадиий асарлар яратилган. Маълумотларга кўра, Флора Анна Стилнинг “Бобурхон” (Париж, 1940), Фернард Гренарднинг “Бобур” (Париж, 1930), Ҳаролд Лэмбнинг “Бобур-йўлбарс” (Нью-Йорк, 1961) романлари, Вамбек Гасконининг “Бобур ва унинг авлодлари ёки Буюк мўғуллар” (Нью-Йорк, 1980) эссе-романлари алоҳида эътиборга молик.

Ҳиндистонлик Муни Лаъл бобурийлар тарихига асосланиб 6 та роман ёзган. Ўзбек адабиётида Ойбек, Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султонов Бобурга бағишлаб роман, қисса ва достонлар яратдилар. Хуршид Даврон буюк ватандошимизга бағишланган “Самарқанд хаёли” қиссасини ва “Бобур соғинчи” пьесасини ёзди. Шубҳасиз, буларнинг ҳаммаси рус мактабларида ҳам Бобур ҳаёти ва ижодини ўргатишда ўзига хос ўрин тутади.

Дилдора Саидхўжаева,

Чилонзор туманидаги

163-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + seven =