Эртакнинг ярми

Тун ярим, дил ярим…

Яримлаб қолган тамакини чуқур тортасан, паға-паға кўкимтир тутун бурқсиб чиқади. Паришон дуд оғушида қаршингдаги Қиз ғойиб бўлгандек, руҳинг енгил тортгандек бўлади.

Тутун тарқалгач, Қизнинг кўз узмай турганини кўрасан.

Хона аччиқ тутунга тўлиб кетади. Қизнинг кўзлари ачишиб, намланади, бироқ бу азоблар ҳеч нарса эмас дегандек, интизор боқади. Қиз остонада ҳукмингни кутиб турган чўридек, сенинг бир оғиз сўзингга маҳтал. Сен устуворлигингдан, ҳукм­фармонлигингдан ҳузур қилиб, мийиғингда куласан. Куласану юрагингни кўринмас бир қўл шафқатсиз ғижимлайди. «Оҳ, Унинг эшигида бир умр қул бўлиб ўтишга ҳам рози бўлардим» — ичингдан аламли нидо чиқади.

— Нега куляпсиз?— сўрайди Қиз.

— Ўзим шундай, — дейсан сен.

— Менинг устимдан куляпсизми? — дейди у гуноҳкор овозда.

— Йўқ, ўзимнинг устимдан куляпман.

Сенинг рост гапингга Қиз ўзини ишонгандек қилиб кўрсатади, ишонолмаганини яширади.

Тун яримлаб қолган, бахт ҳам…

Ташқаридан шамолнинг увиллаши эшитилади. Бу сас деразанинг тирқишидан эмас, сенинг бўм-бўш, ҳувиллаган қалбингдан келаётгандек, қаён қочишни билмай қоласан. — Тиззангизга бош қўйсам майлими? — сўрайсан Қиздан. Сен учун жонидан ҳам кечишга тайёр турган қиздан шуни ҳам сўраб ўтириш ҳақоратдек туйилади унинг учун. Қизнинг тиззасига бош қўйиб, кўзларингни юмасан. Қиз нозик ва ҳароратсиз туйилган бармоқлари билан сочингни силаганида, бу дунёда бахтсизлик не эканини англаб етасан. Қиз ҳаловатингни бузиб қўйишдан чўчиб, оҳиста сўрайди:

— Айтмайсизми?

— Нимани?

— Бир гап айтаман, дегандингиз.

— Келганингиздан буён неча гаплар айтдим, шулардан биттасидир-да.

— Йўқ… Айтинг.

— Нимани айтай?

— Нега бошқа қизларнинг эмас, менинг тиззамга бош қўйяпсиз, шуни айтинг. Хоҳласангиз…

— Чунки… — «Сен ўзинг келдинг» дея олмайсан, гапингнинг қолганини ютиб юборасан. Қизнинг энтикиб, майин титраб кетганини ҳис қиласан. — Билмадим, эҳтимол шуни хоҳлагандирман.

— Нега хоҳладингиз, шуни айтинг, — дадиллашади Қиз.

— Билмадим…

Қиз муштоқлик билан сендан сўз кутади. Йўқ, ўзинг­ни алдай олмайсан, Қизни ҳам. Бу сўз дунё­да ягона бир қизга аталган эди, афсус… Тун ярим, армон ҳам…

— Эртак айтиб берайми? — сўрайсан Қиздан. Қиз недандир умидвор бўлиб сергакланади. Яна битта тамаки тутатасан.

— Бор экану йўқ экан, оч экану тўқ экан, бир йигит бўлган экан. Олгану олдирмаган, енггану енгилмаган, ўзгану тўзимаган, хуллас, йигит бўлиб ҳали сазаси ўлмаган экан. Билагида кучи, юрагида ўти жўш урган йигит баногоҳ Қуёшга ошиқу беқарор бўлибди. Йўталсам осмон гулдирайди, қоқилсам ер қалдирайди, наҳот шу Қуёшга етиша олмасам, дебди йигит. Йигит Қуёшни мўлжаллаб сопқон отибди. Отибди-ю ўқи Қуёшга эмас, Ойга тушибди. Энди йигит қўлида Ой, ғуссага ботганича Қуёшга қараб бўзлар эмиш.

Алқисса, қуёшга қараб соп­қон отсанг, ойга тушармиш. Сен узоқ сукут сақлайсан.

— Шу холосми? — ажабланиб сўрайди Қиз.

— Шу холос, — хўрсинасан сен.

— Кейин-чи, йигит нима қилибди?

«Дарҳақиқат, йигит энди нима қилади?», ўйлайсан эртакни қандай давом эттиришни билмай. Ва ниҳоят…

— Қолганини кейин айтаман, — дейсан оғриниб, яримлаб қолган тамакини кулдонда узоқ эзғилайсан. Тун зада, кўнгил зада…

Муҳаммад Шариф

Муаллиф ҳақида:

Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўрмирон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган (1988-1993). 2014 йили “С.А. хотиралари” қиссаси Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ижодкорлари учун ўтказилган новеллалар конкурсида бешта энг яхши асарлардан бири сифатида ғолиб топилиб, инглиз ва рус тилларига таржима қилинди. Ёзувчининг илк ҳикоялар тўплами — “Толкўприк” китоби нашр этилган.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + five =