“Ку-Сам” — тафаккур ўйини

Дунёда ақлий ўйин турлари кўп. Айниқса, рақибинг ҳам сенга ўхшаб фикр юритиб, дона сурадиган ўйин устаси бўлса, баҳс қизиқарли кечади. Албатта, мағлуб бўлишни ҳеч ким истамайди. Ғалаба қилсанг, гўё Ҳимолай тоғини забт этган альпинист каби ўзингни мағрур тутасан.

“Ку-Сам” ўйини ҳақида балки эшитмагандирсиз, чунки,  ихтиро қилинганига ўн йил бўлганига қарамай кўпчилик яхши хабардор эмас. Бунинг эса ўзига яраша сабаблари бор. Сиз ҳам ўйин номига қараб Япония ёки Корея мамлакатини хаёлингизга келтирманг, бу баҳс тури ўзимизники: Ўзбекистонда ихтиро қилинди. Ихтиро муаллифи Кушодбек Усмонов таҳри­риятимизга келиб, қизиқарли бу ўйин ҳақида гапириб берди. “Ку-Сам” — бироз шахмат, нардага ўхшаш ақлий ўйинлар сирасига кирса-да, унинг ўзига хос жозибали услублари, фикрни тиниқлаштирадиган томонлари борга ўхшайди.

— Мен болалигимдан шахмат, шашка ўйинига қизиқардим. Нега шунга ўхшаш бош­қа хил ўйин тури бизда йўқ, боболаримиз дунё илмига улкан ҳисса қўшганлар, наҳотки одамларни фикрлашга ундайдиган, уларда тафаккур уйғотадиган қизиқарли ўйин ўйлаб топишмаган, деган хаёллар узоқ йиллар давомида мени тарк этмасди.

Мактабда ўқирдим. Бир куни миямга “агар шахматни тўрт киши ўйнаса нима бўлади”, деган фикр келди. Шу тариқа “Ку-Сам”нинг илк ло­йиҳасини қоғозга тушира бошладим…

Йиллар ўтди, мен ихтиро қила бошлаган янги ўйин тури такомиллашиб борди. Албатта, математика фанидан дарс берган устозим Абдумажид Икромовдан маслаҳат олиб турдим. У киши: “Сен яратмоқчи бўлган ўйин инсоннинг тафаккурини уйғотсин. У баркамолликка интилиб яшасин”, деди…

Мана, ўзингиз кўриб турганингиздек, мен ихтиро қилган “Ку-Сам” баҳси одамларда кузатувчанлик, сезгирлик, топқирлик қобилиятини ўстиради. Сиз дона суришдан олдин ёнингизда турган учта рақибингизнинг ҳаракати билан ҳам ҳисоблашасиз, яъни фикр­лай бошлайсиз. Дарров миянгизда ўйинга қарши ўйин тактикасини ишлаб чиқасиз ва қобилиятингизни ишга солиб, донага қарши дона сурасиз. Демак, сизда тафаккур куртаклаяпти. Натижа эса битта — фақат ғалаба! Бунда ўз ютуғингиздан ғурурланиш кайфияти шаклланади.

Яна бир томони, бу ўйин сизни доим ҳаракатда бўлишга ундайди. Чунки, “Ку-Сам” ўйини орқали доимий равишда фикрингизни чархлаб борасиз, бутун вужудингизда хотиржамликни ҳис қиласиз, бир сўз билан айтганда, миянгиз дам олади, танангизда қон айланиши тезлашади, — деб изоҳ беради ихтиро муаллифи Кушодбек Усмонов.

Кушод ака таҳририятимизга келганда, содда, камсуқум, камтарона хулқ-атвор эгаси, каттага ҳам, кичикка ҳам бирдек хушмуомалали бу одамнинг бунақа ихтироларга қўл урганига, аввалига, ишонқирамай қарадик. Лекин мазкур ихтиро учун Интеллектуал мулк агентлигидан патент олинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни кўздан кечириб, беихтиёр халқимизнинг: “Камтарга — камол”, деган нақли эсга тушди.

Аввалига ўйиннинг номланиши бизни қизиқтирди. Ихтирочи Кушодбек Усмоновдан сўраганимизда, у киши: “Ку-Сам” аслида “Кушодбекнинг ўзбекона самимий ўйини” дегани”, дея изоҳ берди.

Бу ақлий ўйин республика “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркасида стол устидаги интеллектуал спорт тури сифатида намойиш этилгани, Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг “Ташаббус” кўрик-танловида муносиб тақдирлангани чиндан ҳам бу ўйин кишида фикр уйғотадиган, мулоҳаза юритиб, тафаккур ҳосил қилишда ақлий салоҳият борлигига янада ишонч уйғотади.

— Биласизми, бу ихтирони яратганимдан кейин, дунё халқларида мана шундай ўйин тури борми ё йўқми, деган фикрда кутубхоналарга кириб, спортга оид китоб­ларни кўздан кечирдим. Йўқ, “Ку-Сам” ўйини ҳали Ер юзида бошқа кашф этилмаган экан. Негаки, ҳеч бир китоб­да охирги 50 йил ичида дунё­нинг йирик давлатлари реес­трида қайд этилмаган ва омма­вий ахборот воситаларида ҳам бу хусусда бирор сўз юритилмаган.

Тарихдан биласиз, эрамиздан аввалги 3000-йилларда Ҳиндистонда шахмат (шатранж), милодий 100-йилларда Россияда 64 катакли рус шашкаси кашф қилинган. Ўшанда айрим “каллали” одамлар: “Шу ҳам ўйинми?” — дейишган экан. “Ку-Сам” ўйинига патент олишга роса югурганман. Аввалига ҳеч ким тан олишмади. Бундай ўйин ҳали яратилмаганини исботлагинимдан сўнг, 2010 йилга келиб патент олишга муваффақ бўлдим.

Фақат… Энди уни оммалаштириш масаласи муаммо туғдираяпти. Тўғри, Олий ва ўрта махсус, Маданият вазирликлари қўллаб-қувватлагани сабабли кўпгина олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида “Ку-Сам” тўгараги иш бошлади. Улар Ўзбекистон “Савдо бирлашмаси” маркази МЧЖ бош­қаруви ҳисоб-рақамига маблағ ўтказишди, биз ўз корхонамизда “Ку-Сам” доскалари ва тошларини ясаб бердик.

Лекин бу етарли эмас. Мен ушбу ўйин, аввало, юртимизда кенгроқ оммалашиб, сўнг дунё спорт турлари қаторидан жой олишини хоҳлайман. Бунинг учун инвесторлар кўмаги керак. Республика  Инновацион ривожланиш вазирлиги,  Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ушбу мусобақа турини молиялаштириш масаласида жиддий эътибор қаратса,  Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари бу ўйинни “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” Универсиада мусобақаларига киритсалар, оламшумул воқеа бўларди.

Қолаверса, мамлакатимизда “Ку-Сам” ўйини мусобақаси ташкил этилиб, кейинчалик халқаро турнирлар ўтказилса, катта янгилик бўлар эди, дейди К.Усмонов.

Таҳририятимизда ушбу ўйин доскасида ҳамкасблар билан ўзаро баҳслашдик. Билдикки, шахмат ёки шашка ўйини икки киши ўртасида кечади. “Ку-Сам”ни эса юқорида айтилганидек, тўрт киши ўйнайди. Уларнинг ичидан фақат бир киши мағлуб бўлади. Шахматда 64 та катакда, шашкада 32 хонада оқ ва қора доналар ўртасида “тахт­ни эгаллаш учун жанг” кечса, “Ку-Сам”да бу ҳолат 48 та рақамланган хонада, мураккаб “жанг” стратегиясини қўллаган ҳолда амалга оширилади. Бу ўйин шашкадан анча мураккаб, шахматдан эса қолишмайдиган баҳс тури эканига ўзимиз ишонч ҳосил қилдик.

— Мен яратган ўйинда қўшимча хоналар 12 та бўлиб, улар 4 та оддий, 4 та рағбат ва 4 та жарима хонасидан иборат, — деб тушунтиради  ихтирочи К.Усмонов. — Ўйин давомида бу хоналардан ҳар ким ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, хоҳласа фойдаланади, хоҳламаса йўқ. “Ку-Сам” ўйинида фигуралар сони 16 та бўлиб, ўйин столининг тўрт тарафида тўртта сектор — А, Б, В, Дда жойлашади. Ҳар бир ўйинчининг шоҳ, вазир, саркарда ва жанг­чиси бўлади. Улар 108 та хонада ҳаракатланади. Яъни, ёрдамчи хоналар — ҳар ўйинчида учтадан бўлиб, улар “рағбат” — яшил, “финал-старт” оқ ва “жарима” қизил рангда тасвирланган. Бундан ташқари, секторнинг чап томонда ўн икки катакдан иборат тўртта “асир” хонаси мавжуд. Ўйин қоидасига асосан 4 та фигура бир хонада бўлиши мумкин эмас, — дейди К.Усмонов.

Бизга маълумки, шахмат ва шашка иккита рангдан иборат, “Ку-Сам” тахтаси эса мафтункор ва сержило камалак ранг­да. Бу ранглар кўзга дам беради, кайфиятни кўтаради, ғашликни кетказади. Шахматда шоҳ ҳаракатлана олмай қолса “мот” бўлади, шашкада тошлар тугаса ёки юришга имкон қолмаса, ўйин якунланади. “Ку-Сам”да эса ўйинчининг шоҳ, вазир, саркарда ва аскари  “СТАРТ” хонасидан чиқиб, 48 та жангу жадал хоналарини босиб ўтиб, “ФИНАЛ”га етиб борса, ғолиб бўлади. Ким биринчи бўлиб 4 та фигурани “ФИНАЛ”га олиб чиқса, ўша биринчи, қолганлар мос равишда иккинчи ва учинчи ўрин соҳиби ҳисобланади. Тўртинчи ўйинчининг эса мағлубиятни тан олишидан ўзга чораси қолмайди.

— Ўйинда рағбат хонасига кирган фигураларнинг тахтада юриш имконияти икки ҳиссага кўпаяди. Яъни, аскар 2 хона, саркарда 4 хона, вазир 6 хона, шоҳ 8 хона юришга ҳақли. Ғалаба қозонмоқчи бўлсангиз, рақибингизнинг “асир” хонасига тушиб қолманг. Иложи борича уларни асирга олиб, “ҳибс” хоналарингизни тўлдиринг, бу ютуқ гаровидир. “Ку-Сам”нинг яна бир қулайлиги, уни шаш-беш билан ҳам ўйнаса бўлади. Тош ташлаганда қайси рақам тушса, фигура ўша хонага қўйилади.

Мағлубиятга етакловчи йўл эса ўйинчининг биринчи юришдаёқ икки марта хато қилса унга мағлубият ёзилади. Ҳар бир ўйинчи фигура йўқотмасликни ўйлаб, мулоҳаза ва ҳисоб-китоб қилади, бу инсонни бир сўзли бўлишга, хато қилмасликка ва мулоҳазали бўлишга ҳам ундайди, — дейди К.Усмонов.

Олдиндаги рақиб фигурасини уриб, асирга олиш учун ҳаракат қилиш ва орқадан келаётган рақиб тошига “асир” тушмасликка интилиш ҳар бир ўйинчини огоҳ бўлишга чорлайди. Демак, “Ку-Сам” мусобақаси фақатгина чигалёзди ўйини эмас, балки ҳар томонлама фойдали ақлий ўйин, яъни инсон тафаккурини такомиллаштирадиган интеллектуал баҳслардан биридир.

Юсуф Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + fourteen =