Орзу-ҳавас дегани шунча бўлурми ҲАЙ-ҲАЙ…

Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарори қабул қилинганди. Шунга мувофиқ 2020 йил 1 январдан «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор асосида тасдиқланган Низом кучга кирганлигидан халқимиз яхши хабардор. Чунки бу ҳақда телевидение ва матбуотда, ижтимоий тармоқларда жуда кўп бора сўз юритилди. Жойларда эса ана шу масалада кўплаб тадбирлар, тушунтириш ишлари, тарғибот-ташвиқот юмушлари ўтказилиб келинмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу Низом ижроси қай даражада таъминланаётгани мутасаддилар иштирокида атрофлича таҳлил қилинди.

— Албатта, тегишли ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Қолаверса, тўйхона эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилди. Аслида турнақатор қимматбаҳо автомашиналардан иборат кортеж ташкил қилиниши, тўй базмида келин-куёвнинг оврўпача вальсга тушиши-ю минг хил қийқим суратлар ва видеороликлар асосидаги “Love story” деб аталмиш — “ҳужжатли фильм” намойиш этиши, бу ҳам етмагандек, 5-10 талаб таниқли санъаткорларнинг тўй базмида хизматда бўлиши-ю келиннинг дугоналарига қарата гул отиши каби дабда­­­­­­ба-ю асъасалар “оммавий маданият”­нинг бир кўринишидан бош­қа нарса эмас. Бундай бачкана ва ортиқча сарф-харажатларни талаб этадиган, энг муҳими миллий қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган “одатлар”га чек қўйишнинг аллақачон вақти келди, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев. — Маълумки, тўйларни тартибга солиш борасида ўтган аср бошида жадид боболаримиз ҳам ҳаракат қилишган. Айтайлик, Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз: Тўй ва аза каби икки қаттол душман оёғимизга тушов бўлиб турибди. Тўй ва таъзияга сарфлаб турган ақчаларимизни таълимга сарфласак, Ов­рўпа каби тараққий топган бўлардик”, дея бежиз ёзмаган эди. Тараққиётга тўсиқ бўлаётган тўйлардаги ортиқча дабдабабозликлар, ўзини бошқаларга кўз-кўз қилиш сингари майллар афсуски тўхтамади, балки бизнинг даврга келиб янада авж олди. Ўйлаб кўрайлик, халқимизда бундай урф-одатлар бўлганми? Албатта, йўқ!

Шундай экан, яъни тўйларимизни тартибга солувчи ҳужжат қабул қилинган бўлсада, нега амалий натижалар у қадар сезилмаяпти?” деган саволга Б.Сайфуллаев шундай жавоб берди:

— Очиғини айтсам, шунча тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, ҳамон тўйларни дабдабали ўтказишга, узун кортежлар ташкил қилишни истаётган юртдошларимиз учраб турибди. Демак, ҳали қилаётган ишларимиз, жойларда ўтказаётган тушунтириш ва тарғибот масалалари, кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмас.

Кўпинча ижтимоий тармоқларда  “Аҳоли муаммолари ўрганилмоқда”, “Тўй ўтказишдаги мусобақаларга чек қўйиладими?”, “Тўй-ҳашамлар тўғрисидаги қарор кучга кирди” сингари постлар тарқатилади. Шу ўринда  бир масалага, айниқса, блогерлар эътиборини қаратмоқчиман. Оилавий тадбирларни ихчам, намунали ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорда “тўй-ҳашам” деган жумла йўқ. Ахир биз айнан ортиқча ҳашамга қарши курашиш мақсадида қарор қабул қилдик. Таассуфки, парламент қарорини мана шундай ном билан ёритаётган айрим матбуот нашрлари ҳам йўқ эмас.

Матбуот вакиллари билан бўлган мулоқотда аниқ ва маълум далиллар билан таъкидландики, ҳали тўйлар ва бошқа оилавий маросимлар масаласида муаммолар етарлича. Хўш, нима қилмоқ керак? Қаттиқроқ чора, жавобгарлик жорий қилмоқ керакми? Орзу-ҳавас деганлари ўзини, нафсини шу қадар кўз-кўз қилиш деганими? Алалхусус, халқимиз тўй қилиш маданиятини қачон эгаллайди. Бизнингча, бу тарбия, бу маданият ҳар бир оилада, маҳаллада дои­мий синг­дириб борилиши керак.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =