“…Миллатнинг руҳини йўқотмак”

Газетамизнинг 2020 йил 26 февраль сонида таниқли олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Тиллога тенг тилимизнинг тақдири” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Унда тилимиз равнақига тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларни бартараф этишдаги қийинчиликлар, ўзбек тилининг тўлақонли равишда давлат тилига айланиши учун шарт бўлган омиллар юзасидан атрофлича мулоҳаза юритилган эди. Айтиш жоизки, мақола муштарийларимиз томонидан эътиборли, ўринли ва жасоратли чиқишлардан бири сифатида эътироф этилди, ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам ушбу мақола қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Қуйида мухбиримизнинг яна шу мавзуга оид мақоласи эълон қилинмоқда.

Кейинги пайтда турли тадбирлар, ОАВ, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ўзбек тилига билдирилаётган муносабат муҳокама марказида бўлмоқда. Она тилимизга эътибор пасайиб кетгани, гўё она тили фақат саноқли зиёлиларгагина керакдек тасаввур уйғонди, назаримизда.

Биз Конституция, Қонун, Фармон, Қарор ва бошқа қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган  она тилимизга шунчалик беэътибор бўлсак, тилимизни беҳурмат қилаверсак, асрлар оша муомалада бўлган  ўзбек тилини ўлик тиллар қаторига киритиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги  Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги  қарорида шундай дейилган эди: “Дунёда қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”. Лекин очиқ айтиш жоизки, тилимизг оид тегишли қарорнинг ижросини таъминловчи нуфузли идора ва ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари томонидан  амалий ишларда илгари силжиш кўринмаяпти.

Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Атамалар комиссияси ташкил этилмоқда. Комиссиянинг аъзолари ҳам тасдиқланди, уларга бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, вазирликлар, Давлат қўмиталари ва идораларга атамашунослик бўйича маслаҳат бериш ҳам шулар сирасига киради. Аммо… “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган эди маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мутасаддилари  ҳам ўзбек тилининг мавқеи ва шуҳратини тиклашга жазм қилишган эди, лекин уларнинг бу ҳаракатлари ҳам сусайиб, негадир кўланкадек ғойиб бўлди.

Айниқса, кўчалардаги тижорат лавҳаларида Давлат тилини бузиб ёзиш ҳолатларини хоҳлаган жойда учратиш мумкин. Бу “анъана” энди вилоят марказларидан туман ва маҳаллаларгача зарарли зарпечакдек илдиз отмоқда. Бундай ҳолни ўзимиздан ахтариб, ватанпарварлик туйғусининг сустлиги билан изоҳлаш мумкин. Қачонгача тилимизнинг муаммолари  билан давлат  ёки бирор-бир ташкилот шуғулланиши керак. Юртимизда кўча эълонлари,  тижорат лавҳалари, ташкилот номлари ёзувларини тартибга солиш мақсадида ташкил этилган “Тасвирий ойина” уюшмасининг фаолияти ўта суст. Уларнинг фаолияти, нима иш билан бандлиги жамоатчилик учун маълум бўлиши керак эмасми?

Узоққа бормайлик, Чирчиқ шаҳрида бир кун бўлган одам ўзини чет элда юргандек ҳис қилади. Собиқ иттифоқ даврида бунёд бўлган шаҳар ҳалигача деярли ўша қиёфада. Кираверишда Чирчиқ ўрнига “ЧИРЧИК” деган “ажнабий” ёзув сизни қарши олади. Ахир, азалдан пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг бир қатор туманларини зилол тоғ суви билан таъминлаб турган Чирчиқ дарёсига атаб қўйилган катта шаҳарда Давлат тилига муносабат   ўттиз йилдирки ҳамон ўзгармаса-я! Чирчиқ шаҳар ДСИ бошлиғининг ўринбосари томонидан аҳолига юборилган расмий огоҳлантириш хатини  кўриб, яна ҳайратингиз ошади.

Давлат тилига обрўли идораларда масъуллар шундай муносабатда бўлаверса, оддий фуқародан нимани ҳам кутиш мумкин. Ишониш қийин, аммо ҳақиқат. Чирчиқ шаҳар ДСИ бошлиғи ўринбосари имзоси билан юборилган хатда 150 дан зиёд сўз бўлиб, 36 та хатоси бор экан. Бундан кўринадики, Давлат солиқ қўмитаси ва унинг қуйи тизимлари тил  масаласида ҳали ҳам ислоҳотларга муҳтож.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ва бошқа бир-иккита юқори идораларга давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи тайинланди. Балки Давлат солиқ қўмитаси ва яна қатор бошқа ташкилотлар мутасаддилари ҳам ушбу масалада бош қотиришларига  вақт келгандир?

Улуғ бобомиз  Алишер Навоий айтганидек: “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз”. Зеро, она тилимизни ўзимиз қадрламас эканмиз, четдан келиб   бизга ҳеч ким юксак мавқеини тиклаб бермайди.

Ҳикматулло Қодиров.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =