Ойни севаман деб чўздим қўлимни

* * *

Отам бизни сизлаб-сизлаб чақирарди,

Чорламаган сира баланд хитоб билан.

Отам бизга кўп насиҳат қилгани йўқ,

Ошно этиб қўйган фақат китоб билан.

 

Саккиз жонмиз,  саккиз нафар полапонмиз,

Уйғонарди отам қушдек офтоб билан.

Жума куни битта нонни кам оларди,

Лекин қайтган қўйнида зўр китоб билан.

 

Оми дебман мен отамни ўқимаган,

Дилим эзар бу сўз бугун азоб билан.

Ўзим оми, асли менинг олим отам,

Кўзим очган экан мени китоб билан.

 

Қандай гўзал эртак эди ўшал дамлар,

Солиштиринг болаликни шу топ билан.

Болангизни бошин силанг бир сўз демай,

Юрагингиз тўкиб-солинг китоб билан.

 

Отам бизни сизлаб-сизлаб чақирарман,

Чорламасди сира баланд хитоб билан.

Отам бизга бор ҳаётни ўргатдилар,

Мўъжазгина тирик достон китоб билан.

* * *

Хоналарга

сиғмай қолдим,

ҳовлидаман,

Ёғолмайин турган ёмғир

ҳолидаман.

Чақмоқ чақар, тутаяпман

ўт олмайман,

Ўз хаддимдан ўзим хатлаб

ўтолмайман.

Булутларни сурув каби йиғар

шамол,

Ёришмайди ёқиб кўргин дилга

шам, ол.

Ана, ёмғир, энди кўнглим

ёзоламан,

Ҳайрият-ей энди недир

ёзоламан.

* * *

Ойни севаман, деб чўзаман қўлим, Миллион юлдуз муштуни тугар.
Яхшиям осмонга тушмайди йўлим.

* * *

Ёмғирдан қўрқмайман,
ёмғир кўз ёшим.
Қуёшдан қўрқмайман,
кўнглимга яқин.
Қўрқмайман гумбурлаб
кетганда осмон,
Дилим ёришади
чаққанда чақин.

 

Ҳисларим гулбаргин
учириб ўйнар,
Қўрқаман бехосдан
эсганда шамол,
Яна, остин-устун
қилган дунёим,
Энг ёмон қўрққаним
ул пушти рўмол…

* * *

Кипригингда музлайди

кўз ёш,

музлаб борар

юрагимда тош.

Дунё аста музга кўмилар,

Музлар илинж, музлайди бардош.

Музлар ичра гўзал малагим,

қандай гўзал музлар суруринг.

Фақат, айтгил бунча чидамли,

музламайди нега ғуруринг?

* * *

Бугун, қоқ туннинг ярмида

уйғониб кетдим.

Пайпаслаб кўзойнагимнимас

ёшлигимни

қидираётганимни

сезиб қолдим.

* * *

Бекатда кўрдим сени,

юрак доғим юзингда.

Ҳаётим, демоқчийдим,

титраб, титраб лабларим

бўлиниб учди сўзлар,

ҳа, ётим,

 ҳа, ётим…

Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов

Муҳаммад Сиддиқ Раҳматов – 1972 йил Андижон вилояти, Бўз туманида таваллуд топган. “Юрт соғинчи”, “Ишқ  бекати”, “Пастлаб учган турналар” номли шеърий китоблари чоп этилган. Олий адабиёт курсида таҳсил олган.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =