Ростгўйлик, холислик, профессионаллик

ОАВ вакилларидан доимий изланиш ва жасоратни талаб этади

Ижодкор аҳли, касби тақозосидан келиб чиқиб, азалдан «эътиборталаб» бўлади. Бу бежиз эмас, озгина қўллаб-қувватлаш ҳам ижодкорга руҳий кўтаринкилик, тетиклик, куч-ғайрат, илҳом бахш этади.

Лекин наинки ижодкор аҳли, аслида барча соҳалар ҳам эътиборга, рағбатга эҳтиёж сезади. Ана шу юксак эътибор яккаликдан умумийликка кўчса, соҳаларга қаратилса борми, юзлаб, минглаб инсонлар руҳан мадад олади, янада шижоат билан ўз меҳнат фаолиятини такомиллаштиради. Натижада юртимиздаги ўсиш янада тезлашади. Бунга кейинги уч йилда ўзимиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Нафақат юртдошларимизга, балки бутун дунё жамоатчилиги ўртасида Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси юксак эътироф ва қизиқишларга сабаб бўлди. Хусусан, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани юртимиздаги ҳар бир журналистнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида жумладан: “Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, — деди. Шунингдек, Президентимиз журналистларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар эшиги очилади, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишига барча шарт-шароитлар яратилади, деб алоҳида таъкидлади.

Бундай юксак эътибор мамлакатимиздаги барча давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ижодкорларни янги-янги марралар сари руҳлантириб, янада фаол бўлиш ва ўз ишига  бўлган ишонч ва иштиёқини уйғотмоқда.

Ростгўйлик, холислик, профессионаллик. Мана шу уч сўз замирида ифодаланган фазилату хислатларни ўз фаолияти мезонига айлантирган ҳамкасбларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Уларда касб кўникмаларини янада шакллантириш, фаоллигини ошириш уюшмамиз зиммасига юкланган  вазифалар сирасига киради.

2020 йил — «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да миллий журналистикамиз тараққиётига оид илмий изланишлар олиб бориш билан боғлиқ фаолият жонланишига шубҳа йўқ. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган журналистикага оид китоблар тақдимотида айтилганидек, ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар кўп, нашр этилган 10 томли қўлланма эса бу борадаги бажарилган ишларнинг дебочасидир.

Бугунга келиб соҳа ва тармоқлар ривожланаётир, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўймоқда. Янги Ўзбекистонни қуриш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ислоҳотларнинг аҳамияти ҳам шундаки, эришилган ютуқларни тезкор, холис ва ҳаққоний ёритиб бориш оммавий ахборот воситаларига, уларда фаолият олиб бораётган журналистларга, қолаверса, уюшмамизга катта масъулият юклайди. Шунингдек, соҳага энди кириб келган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим, малака ва маҳоратини ошириш масалаларига уюшмамиз алоҳида эътибор қаратади. Бу Мурожаатномада белгиланган вазифаларни сидқидилдан амалга оширишни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйилганидандир.

Уюшмамиз “Устоз-шогирд” анъанасини янада ривожлантириш, юртимизда ҳар жиҳатдан кучли, профессионал журналистларнинг сафи кенгайишига ўз ҳиссасини қўшиш, бир сўз билан айтганда, жамият ҳаётида демократия ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш мақсадида фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга кенг йўл очишга кўмаклашади.

Соҳа равнақида ҳамкасбларимизнинг рағбатлантирилиши алоҳида аҳамият касб этади.

Шу кунларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўз фаолиятини бошлагани бу борадаги хайрли амаллардандир.

Янгиланиш, юксалиш сари дадил қадам қўяётган давлатимиз равнақига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз касбимизга бўлган масъулият, бурч ва она Ватан истиқболи йўлидаги дахлдорлик   ҳиссини белгилайди.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси ўринбосари.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − nine =