Чўчитиб юбормай киприкларингни

Эҳтиёж

Руҳим паноҳ билса юрак қаърингни,
Ҳайёмнинг жомида тўлғонгандек май.
Чўчитиб юбормай киприкларингни,
тушларингга кириб борсам сездирмай.

Яшасам умримни сочингга буркаб,
Ўйларинг рангида бехуш қарисам.
Қоялар кунжидан бир кафт сув тараб,
ҳорғин қушларингга тутсам, фариштам!

Кўнглингга чуқурроқ етганим сайин,
хотиржам дунёдан воз кечиб кулсанг.
Меҳр-ла жонимни олса Азройил,
Сенинг хаёлларинг шаклида ўлсам!

Тайёрман – бу тунда ишқингни куйлаб,
Нигоҳинг тубида уйғонсам басир.
Розиман,
қисматим бир нафас сийлаб,
Кўзларинг рангида битса Мусаввир…

* * *

Қаҳратон қўйнида
чилла сақлашга
шарпалар тутоқиб чиқди ўйимдан.
Мен ҳарчанд уринмай ўзни оқлашга,
муқаррар – гуноҳим тушмас бўйнимдан.

Ҳали бошим узра тарқамас туман,
товоним тилса-да яшил майсалар.
Айни дам
тўкилиб йиғламоқчиман…
Дарахтлар қонимни ичиб тўйсалар!

Қанийди,
хумордан чиқсам, бехато
муштимни дуч келган деворга урсам.
Кўзимни очсаму бўлсайдинг пайдо,
Барини унутсам – бир Сени кўрсам.

* * *

Панжара шаклидан
метин иродам –
юзарки, бу уйқу ичиндан Ҳаддим.
Руҳимни сиқувга олар зироат,
ҳарчанд парчалашга етар қудратим!

Айланар
бошимда дақиқ эркинлик,
Айланар табассум ботқоғига мунг.
Умр нима,
Ўлим?
Қайга беркитдик,
қани, яшалиши зарур бўлган Кун?!

* * *

Кетаркан сувратинг ўнгимдан хушбахт,
лаҳзалар измидан чиқдим устувор.
Соянгга эврилдим –
айландим қушга,
пойингга суриниб куйладим такрор.

Келаркан нафасинг –
оҳангга тўлдим,
муанбар ифорга қовушдим – шараф!
Чорасиз узлатдан кўринди йўлим
ва ёруғ қисматга бўлдим мушарраф.

Бари гўзал эди, на-да борлиқ кенг!
Кузатдим, тўкилиб йўлсиз ирмоққа.
Наҳот, Сендан кечмоқ…
ўлим билан тенг?
Жазм этгил, қайтмоққа – тирилтирмоққа.

Муҳаммад Сиддиқ

Муҳаммад Сиддиқ – 2000 йилда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган. Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтида ўқиш билан бирга, “Тошкент ҳақиқати” газетасида хизмат қилади.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =