574 нафари уйни соғиниб яшаяпти…

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси Ўзбекистон аҳлининг кўнглига нур олиб кирди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига киритишнинг энг мақбул йўли — бу аввало илм, маърифат ва инновацияни ривожлантириш эканини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Мурожаатномада ёшларга катта имкониятлар яратишга алоҳида урғу берилди. Чунки, инсон ёшликда камол топиб, ўз олдига қўйган улуғвор мақсадларга эришиш ҳаракатида бўлади. Унга берилган имконият қалбида Ватанга бўлган меҳрни, садоқатни оширади. Жамиятда манфаат кўрган ёшлар атрофга теран нигоҳ билан қарайди, уларда мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси уйғонади.

Президентимиз Мурожаатномада “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш, уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарурлигини баён этди. Чунки, улар ўз ҳаётларида давлат ва жамиятнинг эътибори ва ғамхўрлигини юракдан ҳис қилиши лозим. Шундагина ўзларини жамиятга керакли инсон эканлигини англайдилар. Президентимиз: “Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”, дедилар.

Бу борада кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилди. Аммо айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Маълумотларга кўра,  2011-2019 йилларда Меҳрибонлик уйларининг жами 2307 нафар битирувчисидан 1024 нафари турар-жойга муҳтож деб топилган, бироқ 2020 йил январь ҳолатига кўра, уларнинг 450 нафари уй билан таъминланган холос, 574 нафари ҳалигача ўзига берилиши керак бўлган уйларни соғиниб яшамоқда.

Ҳукумат қарори билан етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар-жойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган бўлса-да, жойларда бу борадаги аҳвол қониқарли эмас.

Яна шу нарса маълумки,  айрим ота-оналар фарзандларини меҳрибонлик уйларига бериш ёки бола боқиб олиш орқали уй-жой муаммосини ҳал этишга уринмоқда. Шунданми, биргина Тошкентда 3 мингга яқин киши бола асраб олиш учун навбатда турибди. Нега? Бугунги кунда бола савдоси ижтимоий ҳаётдаги энг оғриқли масалалардан бирига айланди, бундан ташқари, етим болани тарбиялагани учун ижтимоий уй-жой олиш илинжида юрганларни ким деб тушуниш мумкин? Шунингдек, ўзига боқувчи топган етим болаларнинг кейинги тақдири қандай кечмоқда? Буни аниқлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш вақти келди.

Ҳамма шароити етарли бўлатуриб, фарзандини Меҳрибонлик уйларига бериб юбораётганлар  сони — ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпайиб кетгани-чи. Ахир халқимиз Меҳрибонлик уйини етимхона, деб атаган. Ота ва онаси тирик бўла туриб, боласини Меҳрибонлик уйларига топшираётганлар одамийлик шаклидан чиқиб кетган, меҳрсиз кимсалардир.

Меҳрибонлик уйларига кам таъминланган оила фарзандлари аслида бир йилга жойлаштирилади, лекин улар йиллар давомида қолиб кетяпти. Энг ёмони, боқувчиси бўлатуриб, болаларнинг Меҳрибонлик уйида яшаб юриши ор-номусли ўзбек миллатининг қадриятларига,  меҳр-оқибат ва аҳиллик фазилатларига мутлақо тўғри келмайди.

Яна бир жиҳати, соҳага оид қонун ҳужжатларининг аксарияти  анча йиллар аввал қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Шу сабабли қонун ҳужжатларини қайтадан инвентаризациядан ўтказишни, жумладан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, уй-жой билан таъминлаш ҳақидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарур. Шунингдек, улар уй-жой учун маблағларни қаердан олиши мумкинлиги, яъни молиявий манбалар ҳам аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилмоғи лозим бўлади. Бу давр талабидир.

Урал Ўразбаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =