Мафтункор баҳор

Ўзининг сеҳри, жозибаси билан бутун дунёга бўй таратаётган халқимизнинг қадимий ва миллий байрами — Наврўзни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам халқаро байрам сифатида эътироф этган.

Куни кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам қадимий байрамимиз руҳи ва фалсафасида янгиланиш ва яшариш, яхшилик ва бағрикенглик бор экани, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг маъно-мазмунига ҳамоҳанглиги алоҳида таъкидланади.

Табиатнинг эврилиши, яшариши барибир ўзгача, завқли. Ям-яшил далаларга қараб кўнгил яйрайди: кўклам қуёшнинг тобора шимолга оғишидан бошланадими, ё майсалар орасидан туртиниб осмонга юз очган чучмома гули ҳидиданми?

Эҳтимол, бу соғинтирувчи фаслнинг дебочаси узоқ тоғ чўққиларидаги муздан узилган илк томчидан ё бойчечакнинг мўъжизакор рангларидан бошланар? Балки, шошқалоқ бодом гуллари бошлаб келар баҳорни…

Хуш келдинг, Кўклам!

Баҳор, Сен ризқ-рўз, тўкин дастурхон  ёзгувчисан, Сенда само карнайчиси — момоқалдироқ  гулдуросида алп йигит шижоати, Барчин қиз кўрки, таровати мужассам.

Нега катта-ю кичик баҳорни энг яқин кишисини соғингандек соғинади? Нега суюкли ёрдай мафтункорсан, Наврўзи олам!

Сен келганда ҳар юракда янги орзу-умидлар куртак отади, сенинг ташрифинг дунёни уйғотади, борлиқни тебратади!

Ассалом, Баҳор!

Сенинг ташрифингга замин поёндоз тўшади. Ифорингга дастурхон ёзди. Ажиб нозбўй ҳидидан диллар роҳатланди, ўрик гулининг ол-қирмиз рангидан кўнгиллар завқ туйди.

Сенинг бу галги ташрифинг юртимиз — Янги Ўзбекистон учун янада юксалиш, яшнаш, яшариш баҳори ҳамдир.

Хуш келдинг, Баҳор!..

Аҳмадали Шерназаров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 1 =