“Анов чайир бола ким бўлди?”..

— Омадли экансиз, берилган саволларга яхши жавоб бердингиз. Қатъиятли, чўрткесарлигингиздан маълум, яхши талаба бўласиз. Аммо яна бир савол, Сурхондарёдан сиздан ташқари, яна уч киши шу факультетга  ҳужжат топширган, улар ҳам берилган саволларга жавоб беришди, лекин бизда қабул  қилинувчилар сони  чекланган-да,  айтинг-чи, ўқишга сиз кирганингиз маъқулми ёки улар? — жиддий сўради домла.

— Менга қолса ҳаммамиз ўқиганимиз яхши, домла, —  деганди ўшанда абитуриент Усмонали Норматов…

Биз, юқори курс талабалари ёзги таътилдан қайтиб, янги  ўқув йилини  бошладик. Деканнинг хонаси ёнидаги залнинг бир бурчида  биринчи босқич талабалари бегонасираб туришарди. Курсдошим Абдумажид Азимовдан сўрадим: “Ҳов анов, чайирдан келган, ким бўлди? Шиддати баландга ўхшайди”. “У — сариосиёлик, армия кўрган бола. Мен ҳам  кеча билдим”.

Орадан кўп ўтмай бутун журналистика факультети талабалари  Мирзачўлга ихтиёрий-мажбурий ҳашарга, яъни пахта теришга кетдик. Шу ерда биринчи босқич талабалари билан ҳам танишдик. Усмонали «барак»да, яъни ҳашарчи талабалар жойлашган қўналгоҳда бўладиган гап-сўзларга, турли баҳс-тортишувларга, тарафкашликларга қўшилмасди. Ўзи билан ўзи бўлиб, кўп қатори пахта терарди. Тортинчоқ,  десак  нотўғри бўлар, аммо ҳаммадан, ҳамма нарсадан муомала ва муносабатда масофа сақлашга ўрганган бу собиқ  аскар тез орада яқин укамиздек бўлиб қолди. Биз Усмонали билан икки мавсумда Сирдарёнинг Оқ олтин туманида бир баракда ётиб пахта терганмиз.

У пайтларда  бепоён пахтазор бағрида  жойлашган дала  шийпондаги таниқли ёзувчи, шоирлар билан бўладиган ижодий учрашувлар, шеърият мушоиралари, адабий жараёнлар ҳақидаги баҳс-мунозаралар ҳали-ҳали ёдимиздан чиқмайди, қалбимизда муҳрланиб қолган.

— Отамга журналист бўламан, деб поездга билет олдирдим. Елкамдан юк босгандай бўлди. Нима қилиб бўлса ҳам талаба бўлишим шарт эди. У пайтлари республика бўйича журналистика факультетига 25 нафар бола қабул қилинарди. Ҳужжатларимни  қабул ҳайъатига топширдим, қарасам кеч бўлаяпти, борадиган, ётадиган жойнинг ўзи йўқ. Бу ҳаётимдаги биринчи учраган қийинчилик эди.

Аланглаб атрофга қарайман, хавотирда турганимни сезган шекилли, Эргаш Ибрагимов деган курсдошларингиз талабалар шаҳарчасидаги ётоғидан жой берди. Кўнглим ёришди. Ўшанда кўзимга  бу одам авлиёдек кўринганди. Кейин билдим, ўзи ҳам авлиёсифат одам экан. Сўнгра  Мирза Кенжабек, Сирожиддин Саййидни  учратдим. Шу тариқа “талабалик олтин даврим” бошланган, — дейди Усмонали  ўша дамларни эслаб.

* * *

 …Мен ўқишни тугатиб, қоида бўйича кичик лейтенант унвонини олиш учун Қозоғистоннинг Черняев  вилоятига ҳарбий хизматга   кетдим. Насибадан  қочиб бўлмас экан-да…

1986 йил, ёз охирлаганди,  дипломини кўтариб, Усмонали Термизга — “Ленин байроғи” (ҳозирги “Сурхон тонги”) вилоят газетасига ишга келди. Уни ўша пайтда бош муҳаррир  ўринбосари, Норқул  Ҳайитқулов илиқ кутиб олди. Сўнг мухбир бўласан деб қишлоқ хўжалик бўлими мудири  Тансиқбой Тумушев “академияси”га  шогирдликка беришди. Айримлар уни бу одам билан олти  ой ҳам ишлаёлмайди, дейишди.  Чунки Тансиқбой ака қаттиққўл, тўғрисўз, гап келганда отасини ҳам аямайдиган, чўрткесар одам эди. Аммо ўз соҳасини  яхши биларди. Йиллар давомида  унинг феъли ва фазилатлари Усмонали  Норматовга кўчди, десам хато қилмаган бўламан.

Во ажабо, ана шу бўлиб ўтган воқеаларга ҳам ўттиз беш йил бўлибди…  Шу вақт ичида “Сурхон  тонги” жамоаси  қишлоқ хўжалиги муаммолари, ютуқларини ёритишда қандай натижаларга эришган бўлса, бунда  Усмоналининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

* * *

Усмоналининг отаси ўн олти  ёшида Иккинчи жаҳон урушига кетиб,  беш жойидан ярадор бўлган,  аммо бир қатор орден-медаллар тақиб, 1945  йили ғалаба билан она қишлоғига қайтиб келган. У киши ферма мудири, пахтачилик  бригадаси бошлиғи, почтачилик қилди. Турмуш ўртоғи Ойша биби  билан  беш  ўғил,  бир қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди.

Усмонали  Норматов  таҳририятнинг  қишлоқ хўжалиги бўлимида  мухбир, бўлим бошлиғи, масъул котиб бўлиб ишлади.  Ўз даврининг атоқли  журналистлари  С.Жўрақулов, Н.Ҳайитқулов, И.Отақулов, Б.Ёриев, О.Усанов, Х.Мақсадқулов,  Р.Абдураҳмонов, Т.Қўшоқовларни ўзининг устози деб  билган  Усмонали миллий матбуотимизда  ўз услубини  ярата олди.  У “Сурхон  тонги”ни бағрига  босганча,  1994- 2010 йилларда  республика “Спорт”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарининг вилоят бўйича  мухбири сифатида ҳам даврнинг долзарб муаммоларни ёритганини  газетхонлар  яхши  эслашади.

— Холмамат  Маматқулов  ўз ишини санъат даражасига кўтарган ижодкор эди, — дейди Усмонали   ёшликни хотирлаб. —  У киши фаолияти давомида ўнлаб маҳаллий ва халқаро фотокўргазмалар ғолиби бўлганди.  Менга  энг армон қиладигани,  қаранг, ёшлик қилиб, шу инсондан  фотосанъатни ўрганмабман. Яна Норқул ва Хуррам акалар таҳрирда беназир кишилар эди,  улар таҳрир қилган публицистик  жанрлар поэзияга айланарди. Бу каби таҳрир усталаридан ўрганадиганларим кўп эди…

* * *

Усмонали Норматовнинг умр йўлдоши Муборак  Эргашева ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаб,  бир умр ёшларга она тили ва адабиёти фанидан дарс  берди. Бу зиёли оилада  икки ўғил, бир қиз тарбия топди. Усмонали Норматовнинг тўғрисўзлиги, ҳалоллиги, дангаллиги, ижодкорлик  журъати ҳаётий фаолиятида  қанчалик панд берган бўлса, ўз ўқувчилари, ҳамкасблари эътиборини қозониш, эл-юрт ҳурматига сазавор бўлишида шунчалик қўл келганлигини тан олмасдан  бўлмайди. Яна бир гап: унинг бирор марта бўлса-да, вазифа, мансабга интилганини ёки шунга мойиллик билдирганини бу  даргоҳда ҳеч ким кўрган, билган эмас. Унга бўлим  мудирлиги, касаба уюшмаси раислиги ва масъул котиблик вазифалари мажбурлаб юкланган. Усмонали Норматов  меҳнат фаолияти давомида Президентимиз фармонига кўра  “Шуҳрат” медали билан такдирланди.

“Кечагина” таҳририятга ишга келган укамиз бугун олтмиш ёшни қаршилаганига инонгинг келмайди. Вақтнинг бардоши  ва кескирлигини ўзгартиришга  бандаси ҳамиша  ожизлик  қиларкан-да…

Сафар Омон,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,

Сурхондарё вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − four =