“Меъмор” ғиштни қийшиқ қўйса…

ёки ёлғиз аёлнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?..

Президентимиз аёлларни жамиятнинг илғор вакилалари сифатида эътироф этаётганда Хоразм вилоятида бу масалага жиддий эътибор қаратилмаётгани ажабланарли, албатта…

Таҳририятмизга Малика Ўразбаева шикоят ариза билан мурожаат қилди. У: “Турмуш ўртоғим саратон касалидан вафот этган. Уч йилдирки қизим билан ёлғиз яшайман, уч йилдирки бошим ғавғодан чиқмайди. Отамдан мерос қолган уйда давлат-хусусий шерикчилик асосида болалар боғчаси очгандим. Ён қўшним уйнинг ён тарафига тақаб омборхона қурди. Болалар ўйнайдиган хонага қуёш нури тушмай қолди. Арз қилмаган жойим қолмади. Ҳатто, Гурлан тумани ҳокимлиги ҳам ёлғиз аёл деб яккалатди”, — дейди у.

Маълум бўлишича, у ўзига тегишли Хоразм вилояти, Гурлан туманидаги Низомий кўчаси, 3-уйда давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этган. Республика мактабгача таълим вазирлиги билан ўзаро битим ҳам имзолаган. Аммо ён қўшниси Тўлибой Қурбанбаев уйнинг чекка хонасига тақаб, қурилиш меъёрларига амал қилмаган тарзда, омборхона қуриб олгани рост. Ҳозирда уйнинг қўшни тарафдаги хонасига қуёш нури тушмайди. Бунинг устига, омборхонада сақланадиган ем-хашак туфайли турли юқумли касаллик тарқатувчи майда кемирувчи жониворлар кўпайиши муассасада тарбияланаётган болаларга салбий таъсир кўрсатиши ҳам эҳтимолдан холи эмас…

Хоразм вилояти, Гурлан туманида бўлганимизда, аризага илова қилинган ҳужжатлар билан атрофлича танишдик. Бу ён қўшниларнинг “аҳиллиги” шу қадар юксак даражада эканки, Т.Қурбанбаев болалар тарбияланаётган боғча хонасига тақаб қурган омборхонаси ичидан ҳожатхона ҳам “бунёд” этибди. Ҳокимликдан вакиллар келиб, ҳожатхонани ёптирибдию, аммо омборхонани бузишга кучи етмабди…

Гурлан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Улуғбек Давлатов келишимиз сабабини билгач, туман капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик ишлари билан шуғулланадиган ҳоким ўринбосари Улуғбек Раҳимбоевга учрашимизни айтди.

“Қарор 2017 йилда чиқарилган эди. Аммо икки қўшнининг ўртасидаги можаро узоқ йиллардан буён давом этиб келади. Уларни келиштиришга уринишларимиз зое кетди. Боя айтганимдек, бу қарор туманнинг аввалги ҳокими ишлаган пайти чиқарилган. Ҳозирги ҳокимимиз масалани тушунди. Аммо муаммонинг яна бир нозик томони бор-да, икки томон якка-якка тартибда судга мурожаат қилишган. Қизиғи, адолатпарвар суд ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини қаноатлантирган?! Суднинг якуний қарори ҳали чиқарилмади”, дейди У.Раҳимбоев.

Масалани бошдан чигаллаштирган ташкилотни аниқладик ва  Гурлан тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари Бунёд Балтаевдан: “Туман ҳокимининг қарор чиқаришига асос қилиб, кадастр ҳужжатларини, чизмаси билан киритибсиз, ўзингиз тайёрлаган барча ҳужжатларни тўғри деб баҳолайсизми?” — деб сўраганимизда, у: “Тан оламан, амалдаги қонунчиликда уй-жой масаласида низолар пайдо бўлганида, мавжуд ер чизмасига ўзгартиш киритиш учун ён-атрофидаги қўшнилардан камида учтаси розилик билдириши шарт эди. Т.Қурбанбаевнинг қўшнилари рози бўлишмади. Ҳатто, Тўлибой аканинг туғишган акаси Маматсолий Қурбанбаев ҳам янги қурилишдан норози эканлигини билдириб, хат билан мурожаат қилган. Хато қилдик, аммо раҳбарият “тезлат”, деб турса, нима ҳам қила олардик…”, дея жавоб берди.

Шундан сўнг, воқеани жойида ўрганиш учун давлат-хусусий шерикчилик муассасаси жойлашган уйга бордик. Ҳақиқатан ҳам уйнинг чекка деворига тақаб қурилган омборхона деворининг баландлигидан чекка хонага ўрнатилган деразалар тўсилиб қолган, ёруғлик ҳаминқадар тушаркан. Шунда бизга М.Ўразбаева Гурлан тумани Санитария эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Ш.Юлдошевнинг 2019 йил 27 апрелдаги №4/591-рақамли расмий хатини кўрсатди, унда: “Хонада ўтказилган ўлчовларнинг СЭОМ санитария гигиена лабораториясининг 23.04.2019 йилдаги №26-сонли баённомасига кўра, ёритилганлик кўрсаткичлари 0,3 эканлиги аниқланди. Бу кўрсаткич меъёрида 0,5 бўлиши керак. Кўриниб турибдики, хонада табиий ёритилганлик меъёридан паст”, дейилган. Бизга давлат-хусусий шерикчилик муассасасининг тўлиқ фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган муаммо қонун доирасида ҳал этилиши кечиктириб бўлмас масала эканлиги аён бўлди…

М.Ўразбаева уйи билан қўшниси Т.Қурбанбаев томорқаси туташган жойда азалдан боши берк кўча бўлиб, бу йўлакдан улардан ташқари,  ён-атрофдаги  қўшнилар ҳам фойдаланиб келишган. Энг асосийси, боши берк кўча адоғида яна ҳовли-жойлар бўлиб, бу йўл ёнғин-хавфсизлиги йўлаги ҳам ҳисобланар экан.

2017 йил 28 июлда Хоразм вилояти, Янгибозор туман давлат архивининг №03-01/138-сонли маълумотномасига кўра, 1984 йил 25 ноябрдаги тузилган №96/11-сонли баённомада Т.Қурбанбаевга тегишли томорқа майдонининг ўлчами 12х35, жами 420 кв.метр эканлиги қайд этилган. Бу томорқа ер майдонининг умуман бу хонадонга торлик қиладиган жойи йўқ дегани. Унда нега Т. Қурбанбаев 2010 йилда, ўша пайтдаги туман ҳокими У.Машариповга томорқасидан шикоят қилиб, ер майдонини кенгайтиришни сўраб ариза ёзган?.. Ёки тадбиркорлик  қилмоқчи бўлганмиди?.. Унда наҳотки жой ажратишга Гурлан туманида мана шу боши берк, бунинг устига ёнғин-хавфсизлиги йўлаги бўлган кўчадан бошқа ер майдони топилмаган бўлса?!.

“Ён қўшнинг жон қўшнинг”, деган нақл бежиз айтилмаган. Қимирлаган одам борки, иссиқ жон, унинг иситмасидан энг биринчи хабар топадиган, ёнида туриб далда бўладиган ҳам ён қўшниси бўлади. Лекин Гурлан туманининг собиқ ҳокими У.Машарипов икки қўшнининг ўртасига “оламушук” ташлаб қўйганини, уларнинг ўзаро жанжалида, биринчи навбатда, ўзи айбдор эканини билармикин?

Йўқса, Гурлан тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари мазкур ер майдонини катта йўлга чиқиб кетмаганлигини аниқлаш, қуриладиган янги объект чизмасини чизиш учун 2017 йил 15 сентябрда тузилган далолатномага манфаатдор Т.Қурбанбаев имзо қўйган, лекин бошқа қўшнилар ошкора норозилик билдиришган, Гурлан туман ҳокими эса топширилган кадастр ҳужжатини асос билиб, ҳужжатдаги хатоликни  назар-писанд қилмай қарор чиқарармиди?..

Натижада боши берк кўчага кириб қолган ушбу масала Гурлан туман маъмурий судида уч марта, Хоразм вилоят маъмурий судида эса икки марта кўриб чиқилган. Энг қизиғи, масала ҳалигача очиқлигича қолмоқда. Биз Хоразм вилояти маъмурий суди раиси Умиджон Расулбердиевга учраганимизда, раис: “Хоразм вилояти маъмурий суди томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар тоифасига кирадиган ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги вилоятдаги маъмурий судларда 2019 йил давомида кўриб чиқилган ишлар ўрганиб чиқилди. Статистик маълумотларга кўра, ҳисобот даврида мазкур  тоифадаги жами 300 та ариза кўриб чиқилган, шундан 174 таси қаноатлантирилиб, туман ва шаҳар ҳокимларининг 176 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. 107 та ариза рад қилинган бўлса, 5 таси кўрмасдан қолдирилган ва 14 таси бўйича иш юритиш тугатилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритгандик. Аммо…”, — деди биз билан суҳбатда.

2018 йил 27 апрелда вилоят маъмурий судининг апелляция инстанцияси судида М.Ўразбаева ишини судья Жамила Султанова кўриб чиққан, у ҳам Гурлан туман маъмурий суди қарорини ўз кучида қолдирган. Ҳойнаҳой апелляция аризасига илова қилинган ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқишга вақти бўлмаган ёки хафсаласизлик қилиб, беэътибор қолдиргандир. Йўқса, кадастр ҳужжатларидаги хатоликни кўрган, билган ва бунга ҳуқуқий баҳо берган бўларди…

Даъвогар ёки айбдор шахс шунчаки оддийгина айтиладиган гап эмас, балки уларнинг ортида инсонлар тақдири бор. Ҳазрат Алишер Навоий: “Бир кўнгилни вайрон этмак, Каъбани вайрон этмак билан баробардир”, дейди. Хоразм вилоятидаги туман маъмурий судларининг бепарволиги оқибатида ҳалигача икки томон ўртасида судлашиш давом этмоқда.

Албатта, фикрлаётган инсонда савол туғилиши табиий, масалан, суд ҳокимни четлаб ўтолмай, унинг қарорини бекор қилмасдан, ўзи ҳам нотўғри қарор чиқарса ким жазоланиши керак? Раислик қилган судьями ёки меники тўғри қабилида ишлаётган туман ҳокимими? Ҳар икки томон жазосиз қолар экан, бундай бош-бошдоқлик давом этмаслигига кафолат борми?.. Ахир юқорида айтилганидек, судлар томонидан биргина ўтган йил ичида Хоразм вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимларининг 176 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Ажаб ишлар… Қонун устуворлигини таъминлашда айбдорга, ким бўлишидан қатъи назар, тегишли чора кўрилиши керак эмасми?..

Хоразм вилояти, Гурлан тумани архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан ҳокимликка киритилган 2017 йил 27 августдаги №183-сонли огоҳлантириш хатида ҳокимдан “Хизир эли кўчаси, 49а-сонли уйда яшовчи Т.Қурбанбаев ортиқча ер майдонидаги қўшимча бинони йиқитиб, ер майдонини ўз ҳолатига келтириш” сўралган. Аммо туман ҳокими У.Машарипов назоратсиз қолдирган. Балки расмий хат ҳокимгача етиб бормагандир. Бундай дейишимизга сабаб, Т.Қурбанбаевнинг қудаси Комил Ўразметов собиқ ҳоким У. Машариповнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган экан…

Ажабланарлиси шуки, кейинги уч йилда сиёсий, маънавий ва ижтимоий соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо айрим туманлардаги суд, прокуратура, ички ишлар, адлия бўлимларида ўзгариш сезилмаяпти. Ёки давлатимиз раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш, уларнинг мустақил иш юритишини таъминлашга қаратилган таъкидли ундовлари чекка ҳудудларга етиб бормаяптимикин? Уларнинг юқори органи туман ҳокимлиги эмас-ку, лекин буйруқни бажаришдан нарига ўтишмаётган ҳолларга қандай изоҳ бериш мумкин?

Масалан, М.Ўразбаеванинг мурожаати 2018 йил 16 февралда Гурлан туман маъмурий судида, судья Сардор Аллабергенов раислигида кўрилган. Аризада кўрсатилган туман ҳокимининг 2017 йил 13 октябрдаги №2380-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ишида С. Аллабергенов судга киритилган ҳужжатлар, қўшимча иловалар билан тўлиқ танишгани, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўрганиб, М.Ўразбаеванинг таъкидлашича судда: “Мен туман ҳокими қарорини бекор қилолмайман”, деганини нима деб тушуниш мумкин?.. Ҳеч бир судьяга қонун доирасида ишни кўриб чиқиш, тегишли тартибда қарор қабул қилишга тўсқинлик қиладиган қўшимча қонун йўқ-ку!..

Ҳазрат Мирзо Бедил: “Аввал бошдан ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор, осмонга етса ҳам қийшиқдир девор”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, аввал бошдан судда даъвогар иши хатолик билан кўрилганлиги оқибатида, мана, орадан уч йил ўтса ҳам судлашиш ишлари тугамади, якуний хулосага келинмади.

Таҳририятга келиб, ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатларни тартибга келтириб, ҳар икки томонга манфаатли мақола ёзиш ниятида қоғоз қоралай бошлаганимизда, Гурландан телефон бўлди: “Тўлибой Қурбанбаев яна судга шикоят ариза киритибди. Мен аризани суратга олиб, сизнинг телеграмингизга ташлайман”, деб қолди. Олдик. “Назорат тартибида шикоят ариза”, деб бошланади туман маъмурий судига ёзилган ариза. Давомида: “Вилоят маъмурий суди ҳам Гурлан тумани судининг қарорини кўчириб ёзиб ўзгартирмади, — деб ёзади Т.Қурбанбаев. — Бу ерда суднинг айби борлигини текшириб, аниқлаб 25 декабрь 2019 йилдаги тўпланган маъмурий иш бўйича суднинг қарорини бекор қилишингизни сўрайман”.

“Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр”, деганидек, энди ўртадаги сарсон шикоят аризаларию, икки фуқаронинг овворагарчилиги қачон тўхтайди, буни энди Худонинг ёлғиз ўзи билади.

Мазкур масалага ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, М.Ўразбаеванинг адвокати “Урганч адолат нури” адвокатлик бюроси раҳбари И.Юсуповга мурожаат қилдик. Бизга тақдим этган расмий маълумотда шундай ёзилган: “Гурлан туман ҳокимлигининг 13.10.2017 йилдаги №2380-сонли Хизр эли кўчаси, 49а-уйда яшовчи Т.Қурбанбаевга эгалик қилиш учун қўшимча ер майдони ажратилиши тўғрисидаги қарори мутлақо асоссиз, деб биламан. Чунки, туман ҳокимлигининг 27.08.2017 йилдаги №372-сонли  маълумотномасида, Гурлан туман ҳокими ўринбосари У.Раҳимбоев, ҳокимлик бош мутахассиси Ш.Базарбаев, туман архитектура ва қурилиш бўлими мутахассиси А.Юлдашевлар томонидан Т.Қурбанбаевнинг ўтирган уйи аслида 12х35, жами 420 кв.метрдан иборат бўлиб, амалда жами 528,66 кв.метр эканлиги аниқланиб, ноқонуний қурилмани бузиб ташлаш бўйича ФИБ судга даъво аризаси киритилиши билдирилганди. Ўша вақтдаги ҳоким буни эътиборга олмади.

Айнан юқоридаги сана билан №183-сонли хатда йўлакни ўз ҳолига келтириш сўралган, бу ҳам жавобсиз қолди. Шундан сўнг, архитектура ва қурилиш бўлими томонидан қўшимча тартибда №507-сонли тақдимнома яна туман ҳокимига киритилди. Унда лойиҳадан ташқари қурилган 92,20 кв.метр ноқонуний бино борлиги ва уни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига асосан қонуний чора кўришлик сўралганди. Аммо ўзингиз кўриб турганингиздек, ҳалигача масалага ойдинлик киритилмаяпти”…

Эндиликда М.Ўразбаева, ишлари тартибга тушганда албатта, ҳовли танлашда халқимизнинг: “Ҳовли олма, қўшни ол” мақолига қатъий риоя қилса ажаб эмас, ён қўшниси Т.Қурбанбаев-чи, бу ғавғоли ишга аралашиб қолганидан хафами ё бекорчиликда “эрмакка иш” топилганидан хурсандми, аммо буниси ҳам муҳим эмас, энг муҳими, Гурлан тумани маъмурий суди судьялари ишсиз қолмайдиган бўлишди…

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − five =