Қуш уясида…

Ҳар қандай тақлиднинг замирида шахснинг ўзлигини англамаслиги ётади. Шахснинг ўзлигини англамаслиги замирида эса илмсизлик ётади.

Бугунги кунда давримизнинг ижтимоий-маънавий муаммоси бўлган «оммавий маданият» хуружи айнан қаердан келиб чиқди?

Ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг дунёқарашлари қаёққа қараб кетаётганлиги ва уларнинг кимларга эргашаётганлиги бугунги кунимизнинг энг муҳим, энг долзарб, энг оғриқли муаммосидир!

Ёшларимизнинг “оммавий маданият” таъсири остида бузилиш ҳалокатида турган маънавий қиёфасида биз катталарнинг ҳам айбимиз бор. Маш­ҳур немис шоири ва донишманди Гёте айтадики: “Миллатни қутқариш учун аслида кўп нарса керак эмас. Ота-она ва ўқитувчи кифоя қилади холос”. Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. Шу бугунги кунда “оммавий маданият” хуружига йўлиққан бу телба-тескари оқимда оқинга учраган хасдек, ночор аҳволга тушган бугунги айрим ёшлар — ўспирин йигитчалар, ўсмир қизалоқлар бошқа сайёрадан келиб қолмаганлар-ку?

Улар айнан бизнинг кўз ўнгимизда улғайиб шу аҳволга тушмаяптиларми?

Демак, уларнинг руҳиятидаги маънавий бўшлиқни бизнинг тар­биямиз эмас, “оммавий маданият” ўз саёз жозибаси билан тўлдирган экан, бунга биз айб­дормиз. Қадимги Ўрхун-Энасой битикларида: “Боланг айтганингни эмас, қилганингни қилади”, деб битилган экан. Демак, бизнинг кичик хатоларимиз ҳам, уларга катта ўрнак бўлади. Тўйларда ўзини билмайдиган даражада ўлардек ичиб, раққоса билан минг муқомда буралиб ўйнаётган ширакайф ота, қандай қилиб ўғлига одобдан сабоқ бера олади? Уйда, кун бўйи олди-қочди сериалларни томоша қилиб, кечгача телефон ва ғийбатдан бўшамайдиган, кеч­қурун эса ишдан чарчаб келган эри билан шанғиллаб, оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, беҳаё ҳақоратлар билан уришадиган она қизига ҳаёдан ўрнак бўла олади деб айта оламизми? Ҳар бир миллатни миллат қиладиган, унинг миллий қиёфасини, миллий бутунлигини таъминлайдиган улуғ қадриятлари бўлади. Шу қадриятларга дарз кетгач, миллатнинг руҳи ичдан емирилади. Ўша миллий руҳни, ўша миллатнинг руҳий қиёфасини таъминлайдиган миллий қадриятларни ёшларнинг онгига дарз етказмасдан сингдириш бизнинг энг аввало ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фидойилигига боғлиқ.

Яқинда, “facebook” ижтимоий тармоғида 17-16 ёшли қизлари бор уй бекаси бўлган онанинг турли хил кўриниш ва ҳолатдаги суратларига кўзим тушди. “Мен селфи қилишни севаман” деган мазмундаги суратларга қараб туриб, юрагимни аччиқ бир ўй тирнаб ўтди. Ўзини минг кўйга солиб, суратга тушаётган (яъни ўзининг ибораси билан айтганда, “селфи қилаётган”) бу она қизларига: “селфи қилманг”, деганда ҳам шу онанинг қизлари бировга қулоқ соладими?

Мана сизга масаланинг оғриқли нуқтаси. Балоғатга етиб-етмаган қизалоқларнинг ўта шахсий ҳудуди бўлмиш ётоқхоналарида туриб, барча-барчага ҳавоий ўпичлар йўллашларида селфини яхши кўрадиган онажонларининг ҳиссаси йўқ дея оламизми? Яқинда, ижтимоий тармоқларда Венгрияда 16 ёшли бир ўсмирнинг жуда катта тезликда кетиб бораётган поезд устига чиқиб селфи қиламан деб тириклайин ёниб кетгани ҳақида ўқидим. Бугунги кун ўсмирларининг деярли кундалик турмуш тарзига айланиб улгурган селфи деган бекорчи бемаъниликларига ўз вақтида ёндашиб соғлом нуқта қўймасак, бу одат бориб-бориб улкан фожиаларни келтириб чиқаради. Том маънода соғлом, маънан баркамол фарзандлар соғлом оилаларда тарбияланади.

Соғлом ва маънан етук фарзандларни, маънан етук ота-оналар дунёга келтирадилар. Соғлом руҳиятни соғлом муҳит шакллантиради.

Соғлом муҳитни эса биз шакллантирамиз, яъни, шу жамиятнинг ҳар бир онгли фуқароси соғлом муҳит шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиши шартдир. Аслида муҳит бу бизнинг ўзимиз, бизнинг оламга бўлган муносабатимиздир. Бизнинг жамиятга ўтказадиган маънавий-ахлоқий таъсиримиз ҳам муҳитдир!

Айтиш мумкинки, ўз оиласини таш­қи салбий таъсирлардан кучли маънавий-ахлоқий қадриятлар мезони билан ҳимоялаб, соғлом бошқарган ота-она ўзига тириклик чоғидаёқ ҳайкал яратган буюк меъмордир.

Ҳазрат Навоийнинг:

Ранж кўрмай киши топарму фароғ,

Бағри ўртанмайин ёнарму чароғ.

Тухум ерга кирдию, чечак бўлди,

Қурт жондан кечиб, ипак бўлди.

Ҳар қандай вазиятда сусткашликка йўл қўйсак, бунинг ҳам жазосини олмай қолмаймиз. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бежизга айтилмаган! Токи биз катталар ўз маънавий оламимизда “оммавий маданият”га қарши кураш иммунитетини шакллантирмас эканмиз, ёшларимизни бу хуруждан мутлақо асраб қололмаймиз. Шундай экан, “оммавий маданият”га қарши миллий қадриятларимизга асосланган юксак маънавият билан курашмоғимиз зарур.

Ўролбек Чутбоев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Яккасарой туман кенгаши

“Ёш адолатчи”лар қаноти раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 18 =