Таржимонсиз тушуниладиган икки халқ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан қўшни мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқалари кун сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқи ўртасидаги алоқалар, биродарлик муҳити дўстона руҳда давом этмоқда.

Бу жараёнда адабий алоқалар мустаҳкамланаётгани, айниқса, эътиборлидир. Яқинда Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрига хизмат сафари билан борганимизда ана шу дўстона муҳит, адабий дўстлик алоқалари ҳақида Қозоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” этномаданият ўзбек ҳамжамияти марказлари қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси раҳбари Абдираҳим Пратов билан суҳбатлашдик.

Абдираҳим ака, дастлаб ўзбекқозоқ адабий дўстлигининг тарихий илдизлари ҳақида сўзлаб берсангиз?

– Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларигача барча туркий халқлар, хусусан, ўзбек ва қозоқлар хам бир-бирини ўқишганда таржимонларга эҳтиёж сезишмаган. Чунки араб имлосидан фойдаланганмиз. Табиийки адабий алоқаларимиз ўз-ўзидан давом этаверган. Имломиз қисқа вақт ичида икки марта, аввал лотин имлосига, кўп ўтмай кириллчага кўчирилди. Ёзувчи Носир Фозиловнинг таъбирича ушбу “ислоҳотлар”дан кейин туркий халқлар маънавий узоқлашиб, бир-бирининг адабиётини ўқиёлмай қолди. Бу эса бардавом бўлиб келаётган адабий аралашувимизни издан чиқарди. Натижада таржимонларга эҳтиёж юзага келди.

Мухтор Авезов 1923-1928 йилларда Санкт-Петербург университетида тил ва адабиёт факультетини битириб, Тошкентдаги Ўрта Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқ халқлари фольклори йўналишида таҳсил олади. Бир-неча йил Тошкентда яшаган кезида, дунё халқлари адабиётида ўзбек романчилигига асос солган Абдулла Қодирий билан яқиндан танишади ва ижодий ҳамкорлик ўрнатади. Кейинчалик у қозоқ халқининг мутафаккир оқини Абай Қўнонбоев ҳақида тўрт томдан иборат эпопея яратади. Абдулла Қодирий ҳақида ҳам мақолалар ёзган экан.

Айнан ўша пайтларда икки қардош, қондош халқлар буюк намоёндаларининг адабий муносабатлардан қозоқ-ўзбек адабий ва абадий алоқаларининг тарихий илдизлари бошланган бўлса ажаб эмас.

Ойбек, Миртемир, Абилда Тажибаев, Ғабиден Мустафин, Ғабит Мусирепов, Одил Ёқубов, Қоловбек Турсунқулов ва бошқа адабиёт вакиллари ўзаро дўст бўлишган, оилавий борди-келди қилишган. Айниқса, Ғафур Ғулом ва Собит Муқон ўртасидаги самимий инсоний муносабатлар ҳақиқий дўстлик рамзига айланиб, тилларда достон бўлиб келмоқда.

Бу ҳақда Носир Фозиловнинг хотиралари асосида Музаффар Аҳмад “Икки дўст достони” номли асар ҳам яратган. Уларнинг дўстлиги бизлар учун ибрат мактабидир.

Ўша пайтдаги алоқаларимиз мустаҳкам пойдеворга эга эди. Шу даражага етган эдики, иккала мамлакатда чоп этилган яхши китоблар кўп ўтмаёқ таржима этилиб, нашр қилинарди. Икки қўш адабиёт бир-биридан куч олиб, илҳомланиб дунё даражасидаги, забардаст ижодкорларни ярата олди.

Бугун Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси ҳам  ўз ижодий фаолиятида таржима масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Яқинда бир гуруҳ чимкентлик ўзбек ижодкорлари, таниқли қозоқ шоири Улуғбек Эсдаулетнинг  шеърларини ўзбек тилига таржима қилди ва  бу “Қарағай” номи остида Тошкентда чоп этилди.

Ҳар қандай ижод маҳсулининг онаси халқ оғзаки ижоди, халқнинг ўзидир. Яқинда ҚозоғистонЎзбекистон фольклорининг туб негизлари ҳақидаҲайҳай ўлан, жон ўланкитоби чоп этилди. Ва сиз бевосита ушбу китобга масъул бўлдингиз. Китобнинг дунёга келишига қандай эҳтиёж сабаб бўлди?

– Дарҳақиқат ҳар қандай ижод маҳсулининг онаси халқ оғзаки ижодидир. Ҳар бир халқнинг халқ бўлиб шаклланишида, яъни ибтидосида ушбу жараённинг рўй бериши табиийдир. Халқ оғзаки ижоди маънавий бойлигимиз ва ўзлигимиздир. Урф-одат, бой анъаналаримиз, ҳар бир даврга мос бўлган, асрлар бўйи шаклланиб келган қадриятларимизнинг ифодасидир. Қозоғистондаги ўзбеклар азалдан қозоқ халқи билан аралашиб, қуда-анда бўлиб, тотувликда яшаб келишади.

Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистонда адабиётга бўлган эътибор ва эҳтиром юксак даражага кўтарилди. Бу қизғин жараён Чимкент адабий муҳитида қандай янгиланишлар, ўзгаришларга сабаб бўлмоқда?

– Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳити сўнгги йилларда ривожланиш палласида, десак муболаға бўлмайди. Ҳозирда Чимкент вилоятида “Сайрам”, “Чашма”, “Туркистон”, “Чимкент”, “Исфижоб”, “Кўк қиё илҳомлари”, “Қорамурт” ижодий уюшмалари фаолият юритаяпти. Уларнинг ижодий салоҳияти турли даражада бўлса-да, жойлардаги ижод аҳли бирлашиб асарларини китоб ҳолида ва вақтли матбуотда баҳолиқудрат ёритиб бормоқда.

Шоир, ёзувчилар изланишларини қўллаб-қувватлаш, асарларнинг бадиийлиги, услубий тиниқлиги, мазмун-моҳияти, самарадорлигини,  бир сўз билан айтганда ижодий етуклигини ошириш, уюшмалар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида 2012 йилда Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти ҳузурида “Ижодкор” адабий бирлашмасини ташкил этдик. Уюшмалардан иқтидорли ижодкорлар жалб қилинди. Шу тариқа яхши асарлар яратишни ният қилганмиз. Аллоҳга шукр, янгиланиш туфайли кутилган ижобий натижаларга эриша бошладик.

2012 йилда Мухтор Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институтида нашрга тайёрланиб, қозоқ ва рус тилларида чоп этилган  “Современная литература народа Казахстана” жамоавий монография тўпламига қирқдан ортиқ қозоғистонлик ўзбек ижодкорларининг асарлари, ўзлари ҳақидаги маълумотлар киритилди.

Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланиб, 2016 йилда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тайёрланган, қозоқ ва рус тилларида чоп этилган “Мангулик Элим менинг – Вечная Страна моя” шеърият антологиясидан ҳам олти нафар ўзбек шоирининг асарлари  ўрин олгани қувонарли ҳол, албатта.

Ўша китоблар орқали Қозоғистонда шаклланган ўзбек адабиёти нафақат ўзимизда, балки қўшни мамлакатларда ҳам танилиб, эътироф этилди. Бу, албатта, биз учун катта рағбат ва муваффақиятдир.  2018 йилда Қозоғистон Парламент Мажлиси депутати Фахриддин Қоратаев кўмагида мактаб ўқувчиларига аталган “Болаларга туҳфа” номли хрестоматия китоби болажонларимизни хушнуд этди.

Соатой Камолова таниқли қозоқ шоираси Хонбиби Эсонқораеванинг “Жибек”, Умриой Каримова Баян Тиленшинанинг “Қиёмат қоим”, Долимжон Сайфуллаев қозоқ классик ёзувчиси Марҳабат Бойғутнинг “Мосуво Журноқ” асарларини муваффақиятли таржима қилди. Таржима асарларимиз икки халқ ўртасидаги адабий алоқаларимиз ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўша олди, деб ўйлайман.

– 2019 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги нафақат сиёсий иқтисодий, ижтимоий, маданий, балки адабиёт йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Адабиёт икки қардош халқ ўртасидаги муҳим маънавий кўприк вазифасини ҳам ўтади. Ўтган йилда кўнглингиз тўлган ишлар ҳақида ҳам гапириб ўтинг.

– Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама алоқалар ўрнатилиб, ривожланиб бормоқда. Айниқса, ўтган йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан кўплаб тармоқ, соҳалар бўйича алоқалар қарор топиб меморандумлар имзоланди. Иқтисодий алоқалар иқтисодларимизни, туризм бўйича ҳамкорлигимиз туризм соҳасини, маданий алоқаларимиз маданиятларимиз ривожига ҳисса қўшаётган бўлса, адабий алоқаларимиз эса сиз айтмоқчи маънавиятимиз, руҳиятимизни уйғунлаштириб юракларимизни туташтириб, меҳр-оқибатли бўлишимизга мустаҳкам замин яратди.

Озода Бекмуродова суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − five =