Юракнинг пинҳон хонаси

ёхуд Ватан кимўзарга севилмайди!

Ватан туйғуси. Ватанга муҳаббат. Ватанпарварлик. Юртни севиш. Халқи учун жон фидо этиш…

Эътибор беряпсизми, бугун бу жумлалар тез-тез қулоққа чалиняпти. Чалинса ҳам майли эди, баҳайбат қўнғироқли соат сингари барча соҳаларда “бонг уряпти”. Ёзувчи-шоирлар, оммавий ахборот воситалари, амалдорларни қўя туринг, энди ўсиб келаётган ёш авлод онгига ҳам баъзи ҳолларда сохта мадҳиябозлик синг­дирилмоқда. Мактабда устозим бир гапни кўп қайтарарди: “Ватан учун жон фидо этманг, шунчаки Ватан учун яшанг. Ватан учун яшаган инсон юрт ва халқи учун жон беришга тайёр туради…”

Ватан ҳақида Шавкат Раҳмон шундай сатрлар битган:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…

Ўз тубига яширган юрак.

Сенга етиб бормоқлик учун

Узун умрим етмаса керак.

Кўряпсизки, оддий сўзлар. Лекин ҳар бир сўз, ҳарфда оғир юк, дахлдорлик ҳисси мужассам. Бу туйғу баъзи “Зулфиячи” қизлар, қаерда нима дейиш ва қайси даврада ўзини қандай тутишни қойиллатадиган айрим “фаол ёшлар”нинг ватанпарварлиги каби эмас. Бу шеър чин кўнгилдан, иддао ва таъмасиз ёзилган. Юракдан чиққан асар юракларга етиб боради…

Яқинда ижтимоий тармоққа “Адиблар хиёбони”даги Зулфияхоним, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф ҳайкалларининг айни кундаги аҳволи видеолавҳаси жойланди. Шоира Зулфия ҳақидаги постда шундай де­йилган:

Зулфияхоним ўз сурати акс этган, олтин суви югуртирилган медалларни кўксига таққан, башанг кийинган “қизлари”нинг йўлига қараётгандек: “Қайси қизим келаркану, гулларимга сув қуяркан, ён-атрофимни супуриб, чанг-ғуборимни тозаларкан”.

Сатрларни ўқирканман, “Зулфия” мукофоти совриндорларининг жўшиб гапириши ёдимга тушади:

— Биз мукофотни кўксимизгамас, юрагимизга тақамиз, у чап томонимизда ураётган юракни халқ учун, юрт учун хизмат қилишга ундайди. Ватан учун яшашга даъват этади. Албатта, ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, Зулфия онам сингари шоира бўлишга ваъда бераман…

Шуларни ўйлаб, таъсирланиб юрган кезларим эди. Катта бир байрам арафасида туман фаол ёшларини марказга чақиришди. Борсам, катта хонада 20 нафарга яқин йигит-қиз. Семиз ва гавдали одам тадбирда туман ёшлари номидан қайси мавзуда “нутқ сўзлашимиз”ни тушун­тиряпти:

—      Болалар, кеча йиғилишда ҳоким бува бизга сохта қарсакбозлар эмас, ҳақиқий ватанпарварлар керак,  дедилар. Шундай гапирингки, ҳар сўзингиздан юраклар жунбушга келсин, нутқингиздан кўзланган мақсад йиғилганларни руҳлантиришдир…

Ўйлайман, нега биз сохталикдан ҳалигача воз кеча олмадик, жамиятнинг турли жабҳаларида қаллоблик, кўзбўямачилик бўлгани етмагандек, энди энг олий туйғуга ҳам “кўз олайтириб”, йиғилганлар кўзини шамғалат қиляпмиз? Тўғри, бу ёшлар фаол­дир, борингки, қобилиятлидир, лекин бундай йўл билан обрў излаш, мукофотга даъво қилиш қанчалар тўғри?! Бугун нега китобни “Spark” олиш учун ўқишимиз керак? Гўё Ватанни маълум иддао билан, эвазига нимадир кутиб “севяпмиз”?

—      Сиз ҳоким буванинг қилган эзгу ишлари, самарали фаолияти ҳақида чиройли шеър ёзинг. Уларга ёқса, кўнглидан жой олсангиз, “Spark” бор.

—      Пиёда юрганим яхши!

Ватан — инсон юрагининг яширин хоналаридаги пинҳон туйғудир. Уни ҳамма ҳам топа олмайди. Унгача етиб боролмайди. Ватан нелигини англаганлар эса у ҳақда ҳадеб гапиравермайди, ёзавермайди. Инсон яхши кўрган нарсасини кўнглининг энг чуқур ерида асрайди. Аслида Ватанга муҳаббат ота-онага бўлган муҳаббатга менгзалади. Ахир ота-онангизга ҳар куни муҳаббат изҳор қилмайсиз-ку! Инсон гўзал бу туйғуни ҳаммага жар солишга қизғанади, ҳар жойда айтавермайди. Чунки сохта муҳаббату қарсакбозлик Ватанимизга керак эмас!

Абдулазиз Аҳмедов,

“Hurriyat” мухбири.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 12 =