Дўппи киймай қўйди одамлар…

Яратганга минг бор шукрки, ота-боболаримизга армон бўлган  дориламон кунларни — Мустақилликни кўриб, яшаб юрибмиз.

Ёшим 81 да. Кейинги йилларда мамлакатимизда бўлаётган ёруғ ўзгаришларни кўриб, фахру ғурурга тўлиб яшаяпмиз. Қарангки, ислоҳ бўлмаган соҳа кам қолди. Ўзгариш, юксалиш ҳар жабҳада кўринади. Аммо шу билан бирга, ҳаётимизнинг баъзи бир оғриқли нуқталари ҳам борки, уларни ҳам шитоб билан ўзгартириб, ислоҳ қилсак ёмон бўлмасди.

Биз дунёвий давлатмиз, аммо 100 йиллик истибдод азоблари оқибатида ўзлигимиз, қадриятларимизга анча путур етди, баъзи миллий урф-одатларимиз йўқолаёзди ҳам. Президентимизга раҳмат, отамерос қадриятларимизни тиклаяпти. Аммо минг уринаётганимизга қарамай, дебсиниш ҳамон давом этмоқда.

Шаҳарни-ку қўятурайлик, ҳатто, қишлоқларимизда ҳам (менга ўхшаган кексаларни айтмаса) дўппи кийиш расм-русумдан чиқиб кетди. Ҳатто, невара-чеварали, ёши 60-70ни қоралаб қолганлар ҳам безрайиб, ялангбош  юришга ўтди. Таъзия, маросимларга ҳам ялангбош бораётганлар кўпайди.

Яқин-яқинларгача бош кийим­сиз юриш уят ҳисобланарди.  Кекса-ю ёш, улуғ шоирларимиз чиройли тарифлаганидек, дўппи кийиб юрарди. Энди-чи, ҳатто “Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб”, деган вақтлар гў± ўтиб, “дўппи киймай қўйди одамлар”, дея ёзган шоир, куйлаган ҳофизларимизнинг ўзлари ҳам дўппи киймай қўйишди. Мен ўйлайман ўзини ўзбекман деган ориятли, ғурурли инсон, албатта,  бош кийим айтайлик, дўппи кийиб юрса нимаси ёмон? Инсон таш­қи қиёфаси билан қайси миллат эканлиги билинади, бошқа миллатдан ажралиб туради.

Мана, араблар, қаерда бўлмасин кийимидан дарров таниб оласиз. Ён қўшнимиз, қондошимиз қирғизлар ҳам катта-катта анжуманларда ўз миллий кийими — қалпоқда кўриниш беради. Бизда-чи? Европача кийиниш  маданияти  чоризм­дан кириб келувди, “қизиллар” урфга айлантирди. Бу одат бизни деярли маҳв этиб  бўлди.

Шаҳарни-ку қўятурайлик, ҳатто, қишлоқларимизда ҳам (менга ўхшаган кексаларни айтмаса А.Ғ.С) дўппи кийиш расм-русумдан чиқиб кетди. Ҳатто, невара-чеварали, ёши 60-70 ни қоралаб қолганлар ҳам ҳижолат бўлмасдан, бош кийимсиз юришга ўтди. Таъзия, маросимларга ҳам ялангбош бораётганлар кўпайди. Хуллас, дўппини ташлаб, унинг ўрнига ғарбнинг кепка (шапка)сини кийиш урфга айланди. Ҳар бир воҳа ёки водийнинг ўзига хос, бир-биридан ўтказиб, сал-пал фахрланиб айтиб турадиган дўпписи бор. Воҳа, Чуст, Фар­ғона, Андижон дўпписи дегандай… Энди, демоқчиманки, айрим ёш-ёш қиз-жувонлар кўча-кўйда, тўй-ҳашамларда  очиқ-сочиқ, беҳаёларча юришларига ўрганиб ҳам қолдик. Бу ҳақда нима де­йишни ҳам билмайсан…

Каминани яна бир муаммо ўйга толдиради: бу муаммо исм-шарифларимизга  тааллуқли. Юртимизга бостириб кирганлар тазйиқи билан  биз ҳам улардан -ова, -ева, -ов, -ев, -евич, -ович қўшимчали шарифни, яъни фамилияларни ўзлаштириб олдик. Энди мус­тақилмиз, ота-боболаримиз қилган ишни қилсак ҳеч ким урушмас… Наҳотки, орадан қарийб ўттиз йил ўтиб ҳам ўша тажовузкорлар ёпиштирган там­ғалардан қутула олмасак… Ўзга миллат вакиллари бизнинг исм-шарифларимизни, майли ўз талаффузига кўра ёзиб, айтаверишсин. Бироқ биз бундай қилишдан  ўзимизни тияйлик. Ҳатто, оммавий ахборот воситаларимиз — ёзма  нашр­ларимиз ҳам бу борада ижодига ғарбийлашиб ёндашади. Газеталарда ўқиб қоламан Мирзахўжаевни Мирзахаджаев, Йўлдошовни Юлдашев, Аҳмадовни Аҳмедов деб ёзишганини, улар ҳам истиб­дод даврини тарғиб қилишдан чарчамаяпти, мисол десангиз, ана газеталарни варақлаб кўринг, топасиз. Мен мунтазам ўқиб борадиган “Даракчи” газетасининг шу йил 16 январь сонида Ж.Артикхаджаев, А.Иган­бердиев, 23 январь сонида Низамхаджаев, Қўшакбаевич, Аимбекович, Кўчкаров, Ахмеджанов сингари исм-шарифлар қалашиб ётибди.

Истагим, юқорида баён қилинган мулоҳазалар кенг  жамоатчилик — халқ муҳокамасига ташланса, бу борада оммавий ахборот воситалари ташаббусни ўз қўлларига олса, эҳтимол, бу ҳақда қонун қабул қилинар.

Абдулғани Солиев,

Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, Сарой-2 МФЙ,

Мирфайз кўчаси, 23-уй.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =