Чингиз Айтматов: Сўзнинг ер ости бойликлари

Донишмандларнинг “Китоблар бизнинг энг содиқ дўстларимиздир. Улар бизни ал-     дамайди, ёнимизда туради, чорасизликда ташлаб кетмайди” деган сўзлари дунё­­да китобчалик холис маслаҳатчи йўқлигини англатади. Китоблар  ўқитади,  ўргатади,  қийналганда йўл топиб беради. Бироқ ҳеч вақт ҳеч нима таъма қилмайди.

Китобга  муносабат турли замонларда турлича кўринишда бўлган. Ёқилган, топталган, ўғирланган китоблар ўтган асрларнинг ярадор харитаси  янглиғ ўтмишга ўз аксини ташлаб турибди.

Бугун эса китобга бўлган муносабат тамоман янгиланди, янада тиниқлашди.  Китоб эртанги кун учун очилгувчи эшик эканлигини ҳаёт аниқ-тиниқ кўрсатиб турибди. Ки­тобларда ҳижжалаб йиғилган сўзлар сабаб инсоннинг юрагида мангу ёниб турган олов ҳайкали пайдо бўлди. Бу олов, бу ҳарорат ҳар бир асрни ўз тафти билан иситмоқда.

Халқимизнинг, адабиётимизнинг дўсти бўлган, қирғиз ёзувчиси Чингиз Айт­матовнинг қуйида сиз азиз муштарийларимиз эътиборига ҳавола этилаётган ушбу мақоласи ҳам китоб, унинг манзил ва ҳудуд билмас миқёси, қад­ри ва қиймати  ҳақида ўйга толдиради.

Мақолаларимдан бирида бадиий ижод инсонлар ва китоблар тақдирини белгилаши мумкинлиги ҳақида ёзгандим. Эҳтимол, китоб шулардан биринчисидир. Фикрларим муболағадан холи, албатта. Мухтор Авезовнинг китоблари билан илк учрашувим  ҳаётим давомида ойдин хотира бўлиб қоляпти. Шолохов романлари ақлу хаёлимнинг ҳар бир қиррасини ларзага солган; ўшанда мен сўз қаърида унинг туганмайдиган хазинаси борлигини ҳис этдим; сўз жодуси шу қадар баланд эдики, менда қоғоздан ҳар бир сўзнинг қаддини кўтариш, уларга ихтиёримни топшириш истаги пайдо бўлди; сўзнинг орқа-орқаларида таъсирчан бир қудрат бекиниб олгандай эди.

Мен аминманки, сўз ўзининг ер ости бойликларига эга…

Бу азалий ҳақиқатни англаш борасида ҳар бир одам турфа йўлдан қадам ташлайди. Буларнинг кўпчилиги инсон ҳаёти ва қисматининг қандай битилганлиги билан боғлиқ.

Менинг илк асосий “кутубхонамни” тўлдирган китоблар ўзим туғилиб вояга етган Талас водийсига дахлдор, аждодларимдан менгача йўл босиб келган халқ қўшиқлари, достон ва афсоналаридир. Мен ана шу тупроқдагина илк бор манасчи овозини — “Манас” халқ эпосини тинг­ладим. Ўшанда ўн уч ёшларда эдим. Бироқ ундан ҳам бурунроқ “эриган”, “сочилган” халқ эпоси қулоғимга қуйилди; кундалик суҳбатларда мана бундай мақолни тез-тез эшитишга тўғри келарди: “Ғалабани биз, шуҳратни “Манас”  қўлга киритди”.

Китоб инсонлар кўнглини бир-бирига боғлашда илдам одимлайди, моҳиятимизни илғашга чорлайди, кўнгилнинг ҳали ҳеч ким киришга ботинмаган қаър-қаъригача етиб боради, бугун, ўтмиш ва келажак ўртасида  кўприк ўрнатади, кўприкки у биллурдан бун­ёд этилган. Китоб инсонлар ва “ойнаи жаҳон” ўртасидаги мувозанатни тартибга солади; бу тушунарли,  негаки, асрларни енгиб ўтган Гомер, Данте, Вергилий, Толстой, Хемингуэй, Фолкнер  ва бош­қа инсоният даҳолари яратган бойликнинг бир қисмини ўзлаштириб бормоқ учун нималардандир юз ўгирмоқ лозим… Инсон ўзи учун тақсимланган вақтнинг саккиз соатини ухлашга, саккиз соатини давлат ишига сарфлайдиган бўлса, агар у телевизор қаршисида соатлаб ўтирса, мутолаага  ҳеч қачон вақт ажрата олмайди…

Катта шижоат билан битта китобни қайта-қайта ўқишнинг кераги йўқ, янги китоб ва замонавий муаллифлар асарларини ўқиш ҳамиша мароқлидир.

Китобга ёшликдаги дўстингдай муносабатда бўлиш зарур, улар жуда кўп ва ҳар хил, бироқ улар билан кўпроқ юзаки, танқидий қарашларсиз, енгил-елпи муомала ўрнатасан; дейлик, улардан қайси биридир сенга жуда ёқади, аллақачон дўстларинг, фикрдошларинг сафига қўшиб бўлгансан, ҳатто ораларингизда умумий ўхшаш жиҳатлар ҳам кўп, севиб ўқиладиган битта китоб каби… Йиллар ўтган сайин танишлар сафи ҳам торайиб борар, эҳтимол, дўст деб атаганларингнинг бир-икки нафари қолар қалбингда, бироқ улар асл ва синашта дўстларингдир.

Китоблар билан муносабатда ҳам худди шундай.  Қайсидир ёзувчини ёшликда севиб мутолаа қилгандирсан, энди унга қайтишга, такрор ўқишга бирон-бир истак туймайсан,  бутун умрга етадиган тарзда ўқиб бўлганингни англайсан. Бош­қа бир ёзувчи билан аксинча. Дейлик, Достоевский асарларини, қандай кашф этган бўлсам, шундайлигича сақланиб қоляпти, балки кўз олдимда тобора ўсиб, баландлаб бормоқда. У яшаб ўтган замон ортда қолди, зимистон ёз, хаёлий Петербург  ўтмиш қаърига ғарқ бўлди, бироқ Достоевский асарлари, нас­рининг қалби, сўзи менинг ҳаётимда яшашда давом этяпти, мендан ором ва хотиржамлигимни тортиб оляпти. Достоевский беҳаловат ёзувчи, у бизнинг виждонимизни, туйғуларимизни остин-устун қилиб ташлайди, уни ўқиш ҳар доим мураккаб, бироқ ёқимли машғулот, у сени ўзингга, аслингга, диёнатингга қайтаради; унга ўхшаб ёзиш имконсиздир, бироқ нималарнидир ўрганса бўлади. Нимани? Менимча, биринчи нав­батда ранжиган ва хўрланган кимсаларга нисбатан раҳм-шафқат, инсонларга муҳаббат туйғусини.

Дўстлар давраси торайиши, ёки аксинча уларга бўлган меҳр-муҳаббатинг янада  кенгайиши мумкин.

Ҳар бир китоб беҳуда ишлардан узилишни, образлар олами ва мавзу ичига чуқур киришни, бутун борлиғинг билан унинг ичида яшашни талаб қилади. Акс ҳолда, ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Китобга, босма сўзга меҳр туйғуси эрта болалигимданоқ сингигандир, эҳтимол.

Ўшанда руҳиятимга таъсир ўтказувчи ҳар бир китобни тўхтатиб бўлмайдиган бир шошқалоқлик билан қўлга олардим. У пайтлар мен учун ёмон китобнинг ўзи йўқ эди, мен китоб ёзаётган ҳар бир одамдан, уларнинг ёзган ҳар бир ҳарфидан ҳайратланар, ҳар бир ёзувчи Пушкин ва Толстойдек ўзгармас таассурот қолдирарди менда. Кечроқ тушуниб етдимки, ёмон, бекорчи, истеъдодсиз ёзилган китоблар ҳам бўлиши мумкин экан. Бу фикрларим қанчалар содда бўлмасин, ўша пайт­дан то ҳозиргача ёмон китоблар бўлмаслигини, китоб ва ёзувчи ҳақидаги болалигимнинг тиниқ тасаввурлари чиппакка чиқмаслигини қаттиқ истардим.

1979 йил.

Рус тилидан Гўзал БЕГИМ таржимаси.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − two =