Қонингиз нечанчи гуруҳ? Тождор вирус қон саралаяпти…

Хитойлик олимлар 2000дан ортиқ беморларнинг қон таҳлилларини олиб текширишди ва иккинчи гуруҳга мансуб одамларда коронавирус билан касалланиш эҳтимоли кўпроқ эканини аниқладилар.

Биринчи гуруҳдаги қон эгаларига бошқаларга қараганда ушбу инфекция камроқ юқаётгани тасдиқланган. Тадқиқот натижалари “MedRxiv” электрон илмий кутубхонасида эълон қилинган.

Ҳозирги кунда дунёда 182 мингдан ортиқ коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилган, 7000дан ортиқ киши инфекция қурбонига айланган.

Коронавирус  вакцинаси  ва 45 нафар кўнгиллилар

AҚШ шифокорлари 16 март куни коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини бошладилар.

Маълумотларига кўра, синовлар Соғлиқни сақлаш миллий институтлари ва “Moderna” фармацевтика компанияси мутахассислари томонидан Сиэтлдаги (Вашингтон штати) тад­қиқот марказларидан бирида ўтказилди. AҚШнинг айнан шу штатида коронавирус инфекцияси энг кўп қайд этилган. Aгентлик маълумотларига кўра, эмлаш “экспериментал дозасини оладиган 45 нафар соғлом ёш кўнгиллиларда” синовдан ўтказилади.

“Намуналарда вирус мавжуд эмас, шунинг учун тадқиқот иштирокчиларига вирус юқмайди”, дейилмоқда. Шифокорлар ушбу тестлар “кенгроқ синовларга ўтиш учун имкон яратади” деб умид қилишмоқда.

102 ёшли актриса ҳаёт билан видолашди

Француз актрисаси ва қўшиқчиси Сюзи Делер вафот этди. Машҳур актирса 102 ёшда қариялар уйида дунёдан ўтди.

Таъкидланишича, актриса 1940 йилларда машҳурликка эришган. Унга “Қотил … №21 уйда яшайди” фильмидаги роли шуҳрат келтирди.

Шунингдек, “Ёқубнинг саргузаштлари”, “Рокко ва унинг ака-укалари”, “Хотин-қизлар тикувчиси” каби фильмларда ўйнаган роллари томошабинлар томонидан севиб қабул қилинган. Францияда фашистлар истилоси даврида Мюнхен ва Берлиндаги киностудияларга таклиф қилишган. Бу учун у уруш тугагач, уч ойга ишдан четлатилган.

Нефт нархи 31 долларгача пастлади

Шимолий Европанинг йирик молиявий гуруҳларидан бири Нордеа Банк таҳлилчилари фикрича, молия бозоридаги қўрқув туфайли нефт нархи бошқа рискли активлар қатори кескин пастлаб кетди.

Нефт нархига босим, шунингдек, ОПЕК + келишувини бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш учун узайтирилмаслиги билан изоҳланади. 6 март куни ОПЕК + келишувининг тарафлари иккинчи чоракда ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтириш тўғрисида келиша олмадилар. Натижада, давлатлар 1 апрелдан бошлаб хомашё қазиб олиш бўйича барча чекловларни бутунлай олиб ташладилар.

Рискли активлар бозорида сотиш нуқтаи назаридан, Brent маркали нефт нархлари келгуси кунларда бир баррел учун 30 долларга баҳоланиши мумкин, дея тахмин қилинмоқда.

Қочқинларнинг аросатдаги 18-куни

Европа Иттифоқининг ғарбий қисмига чиқиш умидида бўлган қочқинлар Туркия ва Греция чегараларини кесиб ўтишда давом этмоқда.

Греция ҳудудига киришга муваффақ бўлганлар мамлакат ичкарисига ўтиб кетишган. Греция ҳарбийлари қочқинларни тўхтатиш учун сув тўплари, кўздан ёш оқизувчи газ ва ҳарбий ўқлардан фойдаланишда давом этмоқда. Улар томонидан қочқинларни яланғочлаб калтаклашлари, пул ва телефонларини тортиб олиб Туркия ҳудудига қайтишга мажбурлаш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Қочқинлар Греция расмийлари чегарани очишига умид қилиб, 18 кун давомида назорат пунктларида кутиб ўтирибди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Франция Президенти Эммануэл Макрон ва Германия канцлери Aнгела Меркель қочқинлар билан боғлиқ вазият юзасидан уч томонлама учрашув ўтказди. Қочқинларнинг кўпи саммитнинг натижаси уларга Европа Иттифоқига киришга ёрдам беради деб умид қилмоқда.

Интернет хабарлари асосида Г.Матёқубова тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − two =