Ҳаёт – улуғ дарсхона

Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби (ИДУМ) ўқувчилари “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Қаллибек Камалов хонадонида бўлишди.

Ватанимизга, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган отахон бугун 94 ёшни қарши олди. Устоз тиним нелигини билмайди. “Эл хизматида” номли мемуар асарида чорак асрлик фаолияти, қолаверса, қорақалпоқ халқининг тарихи ёзилган қимматли маълумотлар акс этган.

Қаллибек Камалов ёшлар билан мулоқотда фаолияти давомида кўп юртлар кўргани, турли тоифадаги одамлар билан суҳбатлашиб, тил, маданият ўргангани, ёши улуғ инсонларнинг насиҳатини олгани, болалик, ўқувчилик йиллари ҳақида мароқ билан сўзлади.

— Фаолиятим давомида ютуқ ва камчилик, оқ-қора, яхши – ёмонни  кўп кўрдим. “Кўп яшаган эмас, кўп кўрган билади”, дейди халқимиз. Тинимсиз изландим, тарихий асарларни тинмай ўқидим. Англаганим шу бўлдики, халқлар тарихи бебаҳо, беназир экан, — деди Қаллибек Камалов. — Ўқиганимни ёздим. Тунни кунга улаб яшадим. Тўйиб ором олганимни эслолмайман. Элимизнинг атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов билан ёнма-ён меҳнат қилганман. Энди бўлса халқим ардоғидаман, кексаликда камтарона хизматларимнинг роҳатини кўряпман.

Ҳа, ҳаёт – улуғ дарсхона. Халқимизнинг шундай пирикомил ёшуллилари билан бўлган учрашувлар ёшлар учун  катта мактаб вазифасини ўтайди.

Сайёра Атабаева,

Нукус шаҳридаги 37-сонли ИДУМнинг

она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =