Наврўзойим ёки Сангардак шаршараси

Қадим замонда Сурхон воҳасида Наврўзойим исмли малика бўлиб, у илму маърифатда, ҳусну малоҳатда тенгсиз бўлган экан. Унинг довруғи узоқ-узоқ юртларга тарқалибди.

Буни эшитган ўзга юрт подшоҳи маликанинг ҳусну жамолига ғойибдан ошиқу беқарор бўлиб, унга совчи юборибди. Малика эса таклифни рад этибди. Бундан ғазабланган шоҳ маликанинг юртига қўшин тортиб, ҳужум бошлабди. Жангда шоҳ ғолиб келиб, маликанинг юртини вайронага айлантирибди. Малика қирқта хос навкари билан қочиб, тоғу тошларга беркиниб омон қолибди. Сўнг Сангардак тоғлари этагида жойлашган Наврўздара оралиғида қўним топибди.

Аммо шоҳ бундан хабар топиб, яна лашкар жўнатибди. Бу жангда маликанинг хос навкарлари ҳам ҳалок бўлишибди. Элидан, навкарларидан айрилган малика Яратганга таваккал қилиб, Сангардак дарёси бўйлаб, тоғу тошлар оралаб қоча бошлабди. Малика тоғ ошган сайин дара қисқариб борар, ортидаги душман тўдаси яқинлар эди. Шунда душманлардан қутулишнинг чорасини тополмаган малика: “Эй, Яратган эгам мен ҳаётда покиза яшадим, энг сўнгги кунимда ҳам даргоҳингга покиза кетишни истайман. Мени ёвлар  чангалидан халос этгин”, дея Аллоҳга нола қилибди. Кўп ўтмай Аллоҳнинг қудрати ила малика қоялар ичида душман кўзидан ғойиб бўлибди…

…Кексаларнинг айтишича, улкан қоялар бағридан отилиб чиққан Сангардак шаршараси  Нав­рўзойимнинг кўз ёшлари, қишин-ёзин кўкариб турадиган сумбуттол навдалари сочининг толалари экан…

Ҳозирги кунда шаршара атрофида маликанинг қабри бўлмаса-да, унинг шарафига рамзий қабртош ўрнатилган. Бу афсоналарга бой гўшани  зиёрат қилиш учун жуда кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келишади ва улкан мўъжизавий шаршара камалагидан баҳра оладилар.

Ҳабибулло Саидбақосов.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 5 =