Ўзбекистон ўз келажагини ўзи белгилайди

Дунё тиббиёт илмининг етук намоёндаси Абу Али ибн Сино ҳар қандай касалдан даволанишнинг биринчи галдаги шарти кўнгил хотиржамлиги эканини таъкидлайди. Кўнгил хотиржам ҳолатда ўз жисмидаги ўзгариш-ҳодисаларни ҳис қила олади ва жисмдаги бирон аъзода нохушлик бўлса, уни бартараф этишга интилади. Унга қарши воситаларни қўллашга ҳаракат қилади.

Энг муҳими, ўз айбини ўзгалардан ахтаришдан ҳам тийилади. Россиялик блогер Артём Лебедев ўзбек халқининг ҳаёт тарзи, турмуш кечиришидан мутлақо бехабар бўлган ҳолда Ўзбекистонда жорий этилган карантин қоидалари ҳақида ўзича фикр юритибди. Унинг ведио тасмага олинган чиқишини эшитиб, шундай хулоса қилиш мумкин: Ўзбекистон аввало дунё бўйлаб кунг ёйилаётган тожвирусининг мамлакатга кириб келмаслигини олдини олишга эътибор қаратди. Аммо бахтга қарши кириб келди. Унинг тарқаб кетмаслигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишларни амалга оширди. Тожвирусига чалинган бемор аниқланган кунданоқ аҳолини ҳимоя қилиш, соғлигини асраш учун керакли ҳимоя чораларини кўрди. Карантин қоидаларини халқаро жараёнларга қиёсий тарзда жорий этди.

Шунингдек, боқувчисини юқотган, кам таъминланган, ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиш, рўзғор учун керакли маҳсулотларни давлат ҳисобидан етказиб бериш, ўрта ва кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишларини юқори савияда ташкил этди. Аҳолини тожвирусидан асраш мақсадида кўчаларда огоҳлантириш садолари янгради. Қисқа даврда амалга оширилган ишлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.

Маълумки, Россия ҳукуматининг нуфузли телеканалларидан бири ҳам Ўзбекистондаги карантин ҳолатларининг баъзи жиҳатларини ўзларида ҳам жорий этишса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаганди. Ҳатто Тошкентда олинган тасвирни эфирга узатишди. Шу тариқа Ўзбекистоннинг баъзи амалиёти Россияда ҳам жорий этилганди. Бугунги кунда кўрилган чоралар натижасида улкан ҳудудга эга Россияда тожвирусига чалиниш даражаси унчалик юқори эмас. Бу Россия ҳукуматининг илк ютуғи. Бироқ, Артём ўзларида ҳам жорий этилган қатъий карантин ҳолатига чидай олмаганидан айбдорни ахтариб қолган кўринади. Ахир, дунё тажрибасидан маълум-ку, оммавий йиғинлар, боғлардаги сайрлар, кўчаларда тўпланиб юриш тожвирусининг кенг тапрқалишига сабаб бўлмоқда. Артём ҳам Ўзбекистонни, ўзбекларни айбдор қилмасдан, кўп қатори, ўзини-ўзи яккалаш қоидасига амал қилиб яқинларига касаллик юқтирмасликка ҳаракат қилса ёмон бўлмасди…

Ўзбекистон мустақил мамлакат, ўз ҳуқуқини ўзи белгилайди. Ўзбек халқи очиқ кўнгил, ҳеч кимга ёмонлик қилишни истамайдиган халқ. Мамлакатимизнинг келажак тараққиёти, Артём фикр юритганидек, ўрис халқига боғлиқ ҳам эмас.

Агар бу блогернинг ақли шу даражада ошиб-тошиб кетган бўлса, ўз юртида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар, тожвирусининг салбий оқибатлари, уни бартарф этиш чоралари тўғрисида бош қотирса, фикр юритса мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзининг фойдали таклифини ўз халқи эътиборига ҳавола этиши, ўша юрт фуқароси сифатида, бурчи ҳам ҳисобланади.

Аммо кўнгилда хотиржамлик бўлмаса ақл ўз измини ички туғёнга етакловчи талвасага, ховлиқмаликка бериб қўяди. “Қўрққандан ховлиққан ёмон”, мақоли бежиз айтилмаганини ҳисобга олсак, Артёмнинг ўзи тинчмикин, деган фикрга ҳам бориб қолар экансан. Хотиржамлигини йўқотган шахс онгсизлик исканжасига тушиб қолади. Ўзидаги иммун қувватни йўқотишдан ташқари, ўз-ўзини бошқаролмай қолади. Натижада жиноятга ҳам қўл уриши мумкин. Бундай ҳолатдан мутасаддилар эҳтиёт бўлгани маъқул.
Айниқса, бутун дунё аҳлига келган синовли лаҳзаларда ҳеч бир мамлакатнинг иккинчи бир мамлакатдан устун эмаслиги сезилиб қолди. Ҳатто ўзини гегемон деб ҳисобловчи мамлакатлар ҳам бу вирус олдида ожиз эканлиги маълум бўлди. Шундай экан, блогер ким бўлишидан қатъи назар ортиқча ҳаяжонга, эҳтиросга берилмаслиги лозим. Зеро, ҳали қайси мамлакатнинг тожвирусига қарши қўллаган усули устун келишини вақт кўрсатади.

Шуни ҳам унутмаслик керак, бугун ахборотлашган, хабарлар сониялар ичида Ер юзига тарқалаётган даврда яшаяпмиз. Жаҳон ОАВлари маълумотларидан маълумки, тожвирусидан биргина йўл билан ҳимояланиш мумкин, бу ҳам бўлса ҳар бир инсон уйда қолиб, ўз-ўзини асраш орқали оила аъзоларини, қўни-қўшниларини, маҳалласини, қолаверса, жамиятни хавфдан асрайди.

Бунинг учун кўнгилда хотиржамлик бўлиши зарур. Хотиржамлик маънавий онги ривожланган, фаҳми-фаросати етилган, фикрлаш қобилиятини йўқотмаган одамда мавжуд бўлади.
Энг муҳими, ички хотиржамлик кўнгилда сабр туйғусини уйғотади. Зеро, буюк ҳаким бобомиз Ибн Сино бежиз: “Сабр — шифонинг боланишидир”, деб таъкидламаганлар.

Юсуф Жўраев,
“Hurriyat” мухбири.
18 апрель 2020 йил

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 6 =