Маҳорат мактаби: Эркин Воҳидов ва она тилимиз

Тил, сўз ҳақида тўлиб, яйраб, ёйилиб ёзишга, дил тўрида, тил учида турган фикр-мулоҳазалар, орзу-армонлар, изланиш-кузатишларни бемалол ифодалашга кенг майдон очиб берадиган жанр илмий-бадиий публицистикадирки, Эркин Воҳидов унинг имкониятларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Кўпчиликнинг ёдида бор, ўтган аср саксонинчи йиллар адоғида, маънавий қадриятларимиз тақдири учун кураш қизиган кезларда, тилимизга давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги қонуннинг илк лойиҳаси матбуотда босилиб, муҳокамага қўйилганди. Ўшанда шоиримиз Эркин Воҳидов “ЎзАС” саҳифасида “Ўзбекча саломга ўзбекча алик бўлсин” деган ўткир, дадил мақола билан чиқди.

Сўз дурларин термоқдир иши

Она тили — умуммиллат мулки, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас, уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаш, унутилган, маъноси ўзгарган сўзларни тиклаш ҳамманинг иши…

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг бетакрор, шеърий, драматик асарлари, қойилмақом таржималари, ҳофизлар тилидан тушмай келаётган гўзал ғазаллари адабиёт, маънавият шайдолари қалбини забт этгани, юртимиз сарҳадлари оша яқин-йироқ манзилларга етгани, маданиятимиз хазинасини бойитиб келаётганига ярим асрдан ошиб кетди. Бу ҳақда кўп илиқ гаплар айтилган, ёзилган. Айни чоғда шоирнинг она тилимиз ҳақида гоҳ суюниб, гоҳ куюниб айтиб, ёзиб келаётган фикрлари, мазмундор, илмий-публицистик мақола, тадқиқотлари ҳам борки, мавзуимиз шу хусусда.

Тил, сўз ҳақида тўлиб, яйраб, ёйилиб ёзишга, дил тўрида, тил учида турган фикр-мулоҳазалар, орзу-армонлар, изланиш-кузатишларни бемалол ифодалашга кенг майдон очиб берадиган жанр илмий-бадиий публицистикадирки, Эркин Воҳидов унинг имкониятларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Кўпчиликнинг ёдида бор, ўтган аср саксонинчи йиллар адоғида, маънавий қадриятларимиз тақдири учун кураш қизиган кезларда, тилимизга давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги қонуннинг илк лойиҳаси матбуотда босилиб, муҳокамага қўйилганди. Ўшанда шоиримиз Эркин Воҳидов “ЎзАС” саҳифасида “Ўзбекча саломга ўзбекча алик бўлсин” деган ўткир, дадил мақола билан чиқди. Сабаби, лойиҳа рус тилида ёзилиб, ўзбек тилига хом-хатала ўгирилгани, бир қатор хатолари борлигини далиллар билан кўрсатиб берган, пировардида кўпчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф-истаклари инобатга олиниб, лойиҳа тўлдирилиб, анча мукаммал ҳолга келтирилган, 1989 йил 21 октябрда қонун қабул қилинган эди. Ушбу тарихий воқеа, ҳуррият элчиси, Мустақилликнинг маънавий поёндози ҳамюртлари, ҳамкасблари қатори Эркин Воҳидовни ҳам беҳад руҳлантирган эди. Ардоқли шоиримиз тилимизнинг бойлиги, ҳусни-жамоли, софлиги, муаммолари, истиқболи ҳақида мудом қайғуриб, жонкуярлик қилиб келаётган фаол ижодкорлардандир. Шоирнинг “Она тилим” (“Халқ сўзи”, 2003 йил, 21 октябр), “Тирик хазина ёхуд “жаҳонгашта сўз” ( “ЎзАС”, 2009 йил, 27 феврал), “Сўз – забаржад, Сўз – гавҳар, олтин” (“Китоб дунёси”, 2013 йил, 9 октябр, 2014 йил, 29 январ) мақолалари фикримиз далилидир.

“Она тилим” тарихий қонун қабул қилинганига 15 йил тўлиши муносабати билан ёзилган. “Бир марта яшайдиган инсон ўз қисматига ўзи эга бўлиб, ўзгага муте бўлмасдан, озод-эмин яшасин экан. Ўз она тилида сўзлаб, ўз Оллоҳингга сиғиниб, ўз ота-онангни ўз удуминг билан кўмолмасанг, бу дунёга келмаганинг ҳам маъқул экан. Биз шундай кунларни бошдан кечирдикки, ҳозирги ёшлар тинглаб ёқа ушласалар ажаб эмас…”

Мақоланинг илк сатрлариёқ ўқувчини қизиқтириб қўяди, ўйга толдиради, ҳушёр торттиради. Кечаги тарихдан, истиқлол шарофатидан ҳикоя, мисоллар ваъда қилинаётгани англашилади. Муаллиф ўкинчли оҳангда бошланган сўзларини ўтган кундан нолиш, умрини яшаб ўтган тузумга яна бир тош отиб қўйиш деб англамасликни, кечаги кун хатоларидан сабоқ чиқариш хайрли ишлигини писанда қилади. Мақоланинг “Э, ўзимиз эканмиз-ку”, “Тил фидойилари, қайдасиз?”, “Нелар топдик, нелар йўқотдик”, “Жаҳон тажрибаси ва “изм”лар”, “Бобилми ёки Вавилон?”, “Ғалати машҳур”, “Проба” ўзбекчада қандай бўлади?” кичик сарлавҳачалари ўзиёқ унинг мазмуни, кўтарилган муаммоларидан дарак бериб турибди.

Муаллиф истибдод замонида она тилимиз нуфузи пасайиб, хизмат доираси торайиб, ҳукмрон тил соясида қолиб кетганлигини, айрим юртдошларимиз ўз юрти тили қолиб ўзга тилда гапириш, ёзишга мажбур бўлишгани ёхуд шуни маъқул кўришгани, тарки одат амримаҳолга гоҳ жиддий, гоҳ таги зил ҳазил мисол, далиллар келтиради. Чиндан-да бир қанча хорижликлар ўзбекчада бинойидек, ширин гаплашганлари ҳолда ўзимизнинг айрим кишиларимиз, ҳатто зиёлиларимиз…

Келинг, шоирнинг Ильза Сиртаутасга бағишланган шеърини ўқиб билинг:

Термуламан Ильза хонимга,

Кўзларимга ишонмай ҳайрон.

Амриқолик хушрўй олима

Сўзлар эди ўзбекча равон…

Келинг, сизни она юрт учун,

Фидолар бир тинглаб қувонсин.

Бу қувончдан лекин бир умр

Жудолар ҳам қувонсин, ёнсин…

Ўз элати меҳридан дилин,

Ёт тутганлар сизни эшитсин.

Ўз юртида ўз она тилин,

Унутганлар сизни эшитсин.

“Тирик хазина ёхуд “Жаҳонгашта сўз” мақоласи Қаройиб сарлавҳаси биланоқ диққатни тортган, ўқишга рағбат уйғотган, барчага маъқул, манзур бўлган эди. Биз ҳаётда, ижодда тез-тез дуч келадиган, кўп ишлатадиган, лекин келиб чиқиши, “таржимаи ҳоли”, маънавий, ахлоқий чегараси, қисмати билан унчалик қизиқмайдиган анча-мунча сўзларнинг этимологияси, бугунги ҳолатига жиддий эътибор қаратади, мағзини чақиб беради, қиёсий таҳлиллар қилади. “Улғайган сўзлар”, “Бир пас неча дақиқа?”, “Фуқаролар дейиш тўғрими?”, “Мадина ва маданият”, “ғариб, ғаройиб сўзлар”, “Тилнинг жони бор” фасллари мисол, далилларга, таҳлил, тадқиқларга бой.

Маҳкама сўзи устидаги баҳснинг гувоҳи бўлгани, ҳоким, ҳукм, ҳакам, ҳукумат, муҳокамага ўзакдош, ҳикмат дарахти ҳам шу илдиздан униб чиққанини эслатишдан бошланган мўъжаз тадқиқот ўқиган одамни, айниқса, ижод аҳлини лоқайд қолдирмаслиги табиий.

Муаллиф сўзнинг бамисоли тирик жондек ҳаёт кечириши, туғилиши, камол топиши, заволга юз тутишини қайд этар экан, истак, хоҳиш маъноларини англатган ирода сўзи ўсиб қалб қудрати, қатъиятни, Бобур рубоийсида азоб-уқубатни билдирган меҳнат сўзи бугунги кунда бахт-саодат омили, шон-шараф ишига айланганини эслатади. Навоийнинг

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил –

мисралари аввал англатган, ҳозир англатаётган маънолар доираси тадқиқида қора кўз ва кўз қораси бирикмаларида ҳам ўзгача маъно оттенкаларини илғайди. Таҳлил жараёнида “билсангиз ҳам қайтарай” деган писандага келсак, бу, биринчидан, камтарлик бўлса, иккинчидан, “Қаро кўзум” ҳақида олим, шоир, санъаткорларнинг бир қанча шарҳлари мавжуд бўлса-да, бу шоҳ ғазалнинг теран мазмун-моҳияти тўлиқ очиб берилмаганлигига ишора, назаримизда. Шоирлар султонининг “Бир пос чу тундин ўтди ул хайл” мисрасига заррабин нигоҳини қадаб, луғатларда пос туннинг саккиздан бири, бир соатга тенг тунги муддат, соқчи, посбон, русча часовой маъносини берувчи атама эканлигини аниқлайди. Сўзнинг бошига ҳам яхши-ёмон кунлар тушишини йигит, баҳодир сўзлари Россияга келиб “джигит”, “багатыр” бўлиб қадр топгани, лекин полвон-балванга, паҳлавон ахламонга айланиб обрўсизлангани ҳақидаги фактлар ҳам ғаройиб. Фуқаро, маданият, мамлук сўзлари тадқиқи ҳам қизиқ. Қадимда саҳройи араблар, бадавийлар, шаҳарликлар маданий дейилгани, тилимизга ҳам шу маънода кириб келганини эслатгач, шаҳар ва шаҳарлик атамаларига, маданият тушунчаларига ўзгача маъно бахш этганини, масалан, қишлоқ маданияти деганда қишлоқнинг шаҳарлашуви, қишлоқлик энди илгариги эмас, кийинишда, муомалада, юриш-туриш, рўзғор тутишда ҳеч бир шаҳарликдан кам эмаслигини алоҳида қайд этади.

Муаллиф айрим сўзларимиз хорижда бошқача маъно англатишидан огоҳ қилиб, ибратли мисоллар келтиради. Шулардан бири, ин­қилоб йиллари Туркистондан қувғин қилинган бир гуруҳ ватандошларимизга Истанбулда шаҳар волийси ҳурмат кўрсатиб, қандай истак-орзулари борлигини сўраганда, меҳмонларнинг улуғи ташаккур билдириб, ҳар нарса етарли, фақат бекормиз, бизга корхона керак, деб меҳмонни ғалати ҳолга солиб қўйган экан: у ерда бекор сўзи бўйдоқ, корхона сўзи ишратхона маъносини англатар экан.

Эркин Воҳидов ушбу мақоласида ҳам Навоий даҳосига, лисоний бойлиги, тенгсиз маҳоратига мурожаат қилади, ибратли мисоллар келтиради. Ҳайратланарлиси, бобокалонимиз анчайин шоирлар тўпори, жайдари ҳисоблаб ишлатишни эп кўрмайдиган супурги, тиш қирчиллатиш каби сўзларни қўллаб, ажиб маънолар чиқарган эди. Халқ шоиримиз Шарқ ва ҳарб адабиётидан чуқур хабардорлиги, Навоий, Бобур, Фузулий, Машраб ва бошқа улуғлар шеъриятини синчиклаб ўрганганлиги, уларга мухаммаслар боғлагани, шарҳлар битгани, таржималар қилгани, бетиним излангани, заҳмат чеккани учун ҳам таниқли нозим, Ғазалнавис, достоннавис мақомига етишга, “Ёшлик девони”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар”, “Нидо”, “Руҳлар исёни” каби етук асарлар, замонавий “Муҳокамат-ул луғатайн” яратишга муваффақ бўлди. Муаллифнинг Маҳмуд Қошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи кераклигини таъкидлаши, араблар грамматика устида тортишиб қолишса, Замахшарий бундай деб ёзган дейишлари билан баҳс тугашини эслатиши бежиз эмас.

“Сўз – забаржад, сўз – гавҳар, олтин” мақоласини муаллиф шоир, адиб, публицист, лингвист, муаррих, файласуф бўлиб ёзибди, десак муболаға бўлмас.

Ушбу мақоласида ҳам шоир ажиб, сирли, сеҳрли сўз оламига саёҳат қилади, сўзни идрок этиш, илдизига етиш, мағзини чақишда ўқувчини ҳам ҳамроҳликка, ҳамкорликка чорлайди. Муаллиф айтганича бор: сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, унинг мағзини чақиш эса аксар хаёлимизга келмайди. “Кўз”, “Уз”, “Эл”, “Омонат”, “Бўл”, “Чақ”, “Юрак”, “Кўк”, “Ой” каби сўзлардан урчиган янги сўз, атамалар тарихи, тадқиқини ўқиш мароқли ва ҳузурбахш. Ўзаги чақ сўзи билан боғлиқ йигирма беш сўз, бирикмани санадим, охири гугурт чақиш, сўз мағзини чақиш, чақчақлашиб олиш билан тугайди. Ана, тилимизнинг имкониятларию муаллифнинг ҳафсаласи!

“Олимлар, топиб беринг, қайси тилда қуёшнинг ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар? Осмон, фалак, само, чарх, гардун, фазо, кўк… Арш, даввор, мину сингари кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса рўйхат янада узаяди” – фахр, ғурур билан ёзади шоир. Ой, эл, кўз сўзлари ҳам тандирган узилган нондай янги сўз, бирикмалар ясашда хамиртуруш вазифасини ўтаган экан.

“Узум” едим, “узум” дедим, билсам токдан узиб едим, дегандек, қўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан қолган кулни қурум, деймиз. Оғизга солиб ютганимизни ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек, ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да… Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак – биз уни тувак деймиз – эканини билиш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими?…

Саж усулидаги ушбу шоирона сатрлар, теран таҳлиллар, гўзал ибораларни мақоламизда атайлаб кўпроқ келтираётибмиз, токи жўн, жайдари ифодаларим нозик, нафис, таассуротни сусайтирмасин деб.

Мақоланинг “Энг аввалги сўз”, “Ой фарзанди”, “Кўмирга айланган умр”, “Дамашқда машқ”, “Маош ва ош”, “Исмияминнинг исми яминми?” боблари ўзи алоҳида ғаройиб ҳикоялар, уларни албатта ўқиш керак, айтиб берилса жозибаси камаяди.

Яна бир иқтибос келтиришимнинг боиси бор: “Гап кўп, кўмир оз” деган иборада муаллиф чуқур маъно, тагдор фикр кўрмаганини айтади. Суҳбат чўзилса, сандалнинг чўғи совуб қолгани учун шундай дейилармикин, деган фикрга ишонқирамай ёзади: “Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз бўлган. Ку юкламасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. “Аслини тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади”. Ушбу талқин ё тахмин фамилиямга бевосита дахлдор бўлгани учун қизиқтириб, ўйлантириб қўйди мени.

Муаллиф фикрича, ўзбек тили уч буюк дарё – туркий, арабий, форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳра олгани боис бой, ҳеч бир тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати туюқ ўзбек тилида бор, бошқа халқда йўқ аския, сўз ўйини бизда мавжуд.

Тил тўғрисида халқаро битим йўқлигини, халқлар бир-биридан сўз ва атамаларни ҳеч ижозатсиз олишлари, ўзларига мослаб истаган шаклга солишлари, хоҳлаган маънони юклаб, таниб бўлмас ҳолга келтиришларини таъкидлаган муаллиф (“оғиздаги тилга хўжайинлик қилишимиз мумкин, лекин жамият ҳодисаси бўлган тилга ҳукм ўтказиш имконсиз”) хорижга бориб қолган ватандошларимизни ўйлаб, эҳтиёт бўлиб сўз ишлатишдан огоҳ этади. Масалан, Ҳиндистонга борганда камина мухбирман дейилса, ярамас жосусман дегани, таклиф олиб келдим дегани кулфат олиб келдим, дегани бўларкан. Ўзимизда тўйхатларга баъзан ҳозир ҳам битилиб келаётган “Лутфан ташриф буюришингизни сўрайман” иборасида ўз шахсини улуғлаб, меҳмонни камситиш маъноси бор экан.

“Устоз отангдан улуғ” ибораси хусусида фикр юритиб, отадан азиз ва улуғ кишининг йўқлиги шак-шубҳасизлиги, мақол халқ ижоди эканлиги, ижод эса бадииятсиз, бадиий муболағасиз бўлмаслигини таъкидлаб, фикрини асослаш учун постулатлар, қиёс, далиллар келтирадики, бу муаллифнинг публицистикада (шеъриятида ҳам) қўллайдиган синалган усулларидандир.

Инсон боши тошдан қаттиқ эмаслиги, йигит тоғни уриб талқон қилолмаслиги, дунёни сув босса тўпиққа чиқмаслиги барчага аён, лекин мақолни ҳеч ким нотўғри демайди: “Одамларда тафаккур кучи ортган сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол” – деган хулосага келади публицист. “Дан” ўрнига “дек” ишлатиш тарафдорларига муаллиф “қамишдек хизмат қилиш” ни ҳазиломуз маслаҳат беради, гарчи қамиш кўп бўғинли, ичи бўш, шамолда тебранувчи, хипча, ингичка, чаққон, йигитлардек хизматга шай бўлса-да, “қамишдан бел боғлаб” деган “нотўғри” ибора халққа сингиб кетган.

Тилимизга хос яна бир жиҳатга – қадимда тур, юр, ёт, от, чоп каби қисқа, бир бўғинли сўзлар аскарликда кўп ишлатилгани, буйруқ беришга қулай бўлганлигига эътибор берган, маъқуллаган муаллиф ўзимизга осон бўлсин учун сўзни қисқартириш (Муҳаммад Раҳим, Мамараим, Мараим, Мирим), атаманинг ярмини ютиш (кўзингни оч, оёқ остига қара дейиш ўрнига кўзингга қара дейиш), жой номларини нотўлиқ айтиш (Анжан, Риштон ва ҳ.к.) ножойиз мантиққа зидлигини, тарки одат – амримаҳол бўлаётганини куюниб ёзади, гапиради.

Она тили — умуммиллат мулки, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас, уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаш, унутилган, маъноси ўзгарган сўзларни тиклаш ҳамманинг иши, мақолалар ёзишга тайёрланиш жараёнида саксондан ортиқ унутилган, маъноси ўзгарган ё бузилган сўзларни топдим.

Эркин Воҳидов тил учун қайғуриш, уни бойитиш, софлигини сақлаш ҳамманинг иши, дер экан, энг аввало, тилшунослар, адиблар, ижодкор зиёлиларни назарда тутади. Қилни қирқ ёрадиган, беш жилдли “Изоҳли луғат” ни яратган, кўп китоб, тадқиқотлар битган тилшуносларга дам-бадам мурожаат этиб, Алибек Рустамов, Шавкат Раҳматуллаев сингари таниқли алломалар номини тутиб ғоят мушкул ва мураккаб иш – “Этимологик луғат” тузилишини, тил муаммоларини кўтаришда фаол бўлишга ундайди. Айни чоғда шоирнинг мақолаларида тилшунос олимларга нозик иддаони сезиш қийин эмас. “Шунча вақт сарфлаб, материал йиғиб, нуфузли газетамизда “Она тилим” деган катта мақола билан чиқсаму бирорта ҳам акс-садо чиқмаса-я, дея гинахонлик қилганини эшитган, ўқиган, хижолат чеккан эдик.” “Тирик хазина” босилганда профессор Шавкат Каримов иккимиз кичик бир мақола билан чиққандик. “Сўз – забаржад…” айрим, вилоят, туман газеталарида кўчириб босилди, акс-садолар берилди. Э. Умаров, Н. Жумахўжа, Н. Раҳмонов, В. Раҳмонов, А. Мелибоев, Ш. Тўлаганов ва бошқа ижодкорларнинг катта-кичик мақола, тадқиқотлари чиқиб тургани, ардоқли ижодкоримиз Эркин Воҳидовнинг тилимиз ҳақида дил тўрида, тил учида турган салмоқли сўзларни топиб ёзгани, унинг миллатнинг ўқ илдизи бўлган тилга нисбатан жонкуярлигидан далолатдир.

Мақоланинг сўнги боби “Дастурхон”, деб аталади. Ардоқли шоиримиз “Китоб дунёси”нинг хонтахтасида биз, ўқувчиларга тўкин дастурхон ёзиб тилдан тайёрланган, бири-биридан мазали тўрт хил таом билан меҳмон қилди. Келинг, таомилга кўра, қўл очиб фотиҳа қилайлик: “Илоҳи омин, экканнинг (излаб, топиб ёзганнинг), тикканнинг (бир неча сонда чоп этганнинг), еганнинг (ўқиганнинг, баҳраманд бўлганнинг) отасига раҳмат”.

Сўз заргари, тилимиз жонкуяри

Бу юксак баҳога ҳамма шоир, адиб, олимни ҳам бирдек муносиб деб бўлмайди. Бир неча тилни, энг аввало, она тилини чуқур эгаллаган, “эгарлаган”, унинг бойликлари, назокати, таровати, товланишларидан кенг хабардор, сўзни ўз ҳукмига тўлиқ бўйсундирган, соққадай ўйнатадиган санъаткорларгина энг юксак таърифга лойиқдирлар.

Буюк шоирларимиз Навоий, Бобур, Машраб, улуғ алломалар Кошғарий, Замахшарийлар шундай зотлардандир. Қолаверса, яқин тарихимизда яшаб ўтган Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод каби адиблар, Озод Шарафиддинов, Ғайбулла Саломов каби олимларнинг гўзал, латиф асарлари хотирамизда бирма-бир жонланади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳам гўзал, пурмаъно бадиий асарлари, қойилмақом таржималари, тилга, сўзга оид илмий, публицистик мақолалари, мароқли суҳбатлари билан маданиятимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фаол ижодкорлардан. Эркин аканинг ижоди, фаолияти, шахсияти ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратилган, рисола, китоблар ёзилган, ғазаллари ҳофизлар репертуаридан кенг ўрин олган бўлса-да, уларнинг яна бир катта хизмати — тилимизга оид илмий-публицистик мақола, нутқ, суҳбатлари, изланишлари, жонкуярликлари алоҳида мулоҳаза юритишга лойиқ. Тадқиқотчиларининг ёзиши, ўзларининг эслашича, болалигидан китобга, ёзув-чизувга меҳр қўйган, қўлига тушган бадиий, илмий, таржима асарларни ўқиб ташлайверган, мактабда ҳамма фанларни бирдек пухта ўзлаштирган бўлса-да, тил, адабиётга иштиёқи ўзгача бўлган, сўзни яхши ҳис қилиши боис шеър ёзишга эрта киришган. Факултет деворий газетасида домласи Ёқуб Ғуломга “Тилимизда вотти-вотти, аста-секин йўқолвотти”, дея ҳазил сатрлар бағишлашиёқ талабанинг синчковлиги, талабчанлигидан нишона эди. Ўша кезларда ёзилган “Қаро қошинг, қийиқ қайрилма қошинг, қиз”, — деб, сўзлари фақат “қ” ҳарфи билан бошланувчи ғазали, “Олма” ва бошқа тизмалари шеър техникасини пухта эгаллаётгани, теран мазмунни чиройли шаклда ифодалашга интилаётгани, асардан асарга ўсиб бораётгани далолати эди.

Шоирнинг ўқувчиларга тандирдан энди узилган нондек тақдим этган ҳар бир шеър, достон, драма, мақола, таржималари (айниқса, танқидчилик ўз вақтида, тезкор муносабат билдирган, юқори баҳолаган “Ёшлик девони”, “Нидо”, “Руҳлар исёни” достонлари, ғазаллар шарҳи, “Тирик сайёралар” туркуми, “Шоиру шеъру шуур”, “Изтироб” китоблари, ўзбекчага ўгирилган “Доғистоним”, “Фауст”, “Форс тароналари” ижодий камолоти, бадиий маҳорати бобида янги босқич, ўзига хос чўққи эдики, бу кўп жиҳатдан асар тили устида жиддий ишлаш, сўз уммонига чуқур кириб бориш, бетиним изланиш, топиш самараси эди.

“Сўз дурлари термоқдир ишим” — шоирнинг қутлуғ мақсади, эстетик кредоси, бутун ижоди — бунинг исботи. Шеъриятида бевосита тилга, сўзга бағишланган тизмалари (масалан, “Она тилим ўлмайди” (1976), “Илзахоним” ва ҳоказолардан ташқари, уларга билвосита дахлдор, алоқадор сатрлари анчагина “Ўзбек бўлиш осон эмасдир” шеърида халқимизга хос кўплаб фазилатлар ичида бирини алоҳида таъкидлайди:

Неча бўлиб йўқликка маҳкум,

Тилдан, диндан бўлмаган маҳрум.

Синиб, сингиб кетмаган мардум –

Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Эркин Воҳидов ҳақидаги бир рисолада “у сўзни соққадай ўйнатади”, — деган мақтов ибора ишлатилган. Бу — асло муболаға эмас. Мана, шоирнинг икки сатри:

Қалбга гар истарсан ором, бўл ёмон сўздан йироқ,

Карвалол ичмоқ керакмас, кар ва лол бўлмоқ керак.

“Шахмат абадийдир, шеър ҳам абадий” мақоласида Навоийнинг “Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом этмиш, нетонг, Ростровлар арсадин гар чиқсалар руҳдек қироқ” мисраларини шундай теран таҳлил этиб, тагдор маъноларини чақиб берадики, бу мумтоз шеърият ва қадимий ўйиндан чуқур хабардор кишининггина қўлидан келади.

Бир неча йил муқаддам ўша кезлар Пушкин кўчасида жойлашган ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган йиғилишда Эркин Воҳидов бир ҳазил шеър ўқиганди. Нотиқ нашриётга раҳбарлик қийин, серғалва ишлиги, ҳамманинг ҳам кўнглини топиб бўлмаслигини айтиб шундай кулгили, беғараз сатрлар ўқиб берганди.

Ихтиёр Ризо,

Бахтиёр Ризо,

Москвалик Николай Доризо

Бари мендан норизо

Мен — директорман!

Ёки самолётда тўқилган ушбу тўртликни олинг:

Сафар чоғи тайёранинг дилбар келини

Кўк юзини барчамизга тахти сулаймон қилди.

Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини

Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.

Эркин Воҳидов табиатига хос юмор туйғуси ижодига ҳам кўчган. Майин, беозор кулги асарларини янада мароқли қилган (лоақал “Донишқишлоқ латифалари”ни ёхуд “кексалик гаштини сураётган” отахоннинг дил изҳорини эслайлик). Билса-ҳазил, билмаса-чин мақомидаги майин, беозор, бирда юмшоқ, бирда қаттиқ юмор шеър, ғазаллари, достонлари, драмалари, мақолалар аро сочилиб ётгандай туюлса ҳам аслида мақсадни, ғояни бирлаштириб, ёзувларни “елимлаб” туради.

Шоир буюк бобокалонимиз ижодини кенг, чуқур ўрганиш замони келганидан бениҳоя шод, хуррам, Навоий ғазалларига мухаммаслар басталайди, шарҳлар ёзади, ёш дўстларига насиҳат қилади, огоҳ этади:

Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,

Олтин бошнинг калла бўлгани шудир.

Бедил қолиб Демян Беднийни суйса,

Қора сочнинг малла бўлгани шудир.

Яйраб, ёйилиб, тўлиб ёзишга, дил тўрида, тил учида турган дард, муаммо, фикр-мулоҳазалар, орзу-армонлар, изланиш-кузатишларни бемалол ифодалашга кенг майдон очиб берадиган жанр илмий-бадиий публитсистикадирки, Эркин Воҳидов унинг имкониятларидан унумли фойдаланиб келмоқда. “Шоиру шеъру шуур”, “Изтироб” китоблари, матбуотдаги мақола, суҳбатлари, эфир, экран, учрашувлардаги чиқишлари бунинг далили. Ўтган аср саксонинчи йиллар адоғи, тилимиз тақдири, муаммолари ҳақида гаплар айни қизиган кезларда Эркин Воҳидов маънавиятимиз жонкуяри, моҳир публицист сифатида ҳам фаоллик кўрсатди.

Шоир Америка, Канадага сафарлари чоғида тақдир тақозоси билан узоқ замонлар у ёқларга бориб қолган ватандошларимиз ўз тилларини, урф-одатларимизни сақлаб қолганликлари, фарзандлари, набираларини ҳам шунга ўргатишгани, ёшларнинг аксарияти 5-6 тилда бемалол гаплашишларини кўриб хурсанд бўлади, ҳаваси келади, ўзимизнинг йигит-қизларимиз ҳам кўп тилларни эгаллашларини орзу қилади (истиқлол йиллари бу орзу амалга ошаётгани гувоҳимиз).

Шоирнинг Н.Каримов, У.Норматов, Н.Отахонов, Н.Муҳаммад, Қ.Очилов, Ш.Отабек, Ш.Жабборов ва бошқалар билан суҳбатлари, мақолалари, шеър, ғазаллари шарҳида ҳам тилга эътибор, сўз масъулиятига оид муҳим фикрлар ибратли мисоллар кўп учрайди. Муаллиф истиқлол йилларида “Она тилим”, “Тирик хазина”, “Сўз — забаржад…” номли салмоқли тадқиқотлар билан чиқди. Ардоқли шоиримизнинг замонавий “Муҳокамат ул-луғатайн”и ёхуд Навоий тадқиқотига насрий мухаммаси алоҳида мақола, рисола мавзусидир.

Сайди Умиров – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Манба: «Китоб дунёси» ва «Ҳуррият» газеталари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =