Ноширлар учун тенг имконият яратилади

Президентимизнинг 2020 йил 16 март куни имзоланган “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори биз, ноширлар учун узоқ кутилган, фаолиятимизни янги босқичларга олиб чиқишга хизмат қиладиган ҳужжат бўлди.
Рости, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни фақат баландпарвоз гаплар, чақириқлар билан оммалаштириб бўлмайди. Бунинг учун, энг аввало, ноширлик фаолиятига кенг имконият, эркинлик берилиши, комплекс инфратузилма яратилиши керак. Қарор ноширлик фаолиятида ана шундай инфратузилмани яратишга, соҳада рақобатни кучайтиришга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятга моликдир.

Масалан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархларни давлат томонидан тартибга солишни бекор қилиш кўзда тутилаяпти. Рости, бугун мамлакат иқтисодиёти учун принципиал аҳамиятга эга бўлган пахта, дон ва бошқа соҳаларда ҳам давлат буюртмаси бекор қилиниб, нархлар бозор талаблари асосида шакллантирилишига ўтилмоқда. Ноширлар мактаблар учун дарслик чоп этса, нархини ўзи мустақил белгилай олмас, соҳадаги ваколатли орган томонидан 15 фоизлик чеклов жорий қилинган эди. Энди бундан бу ёғига талабга, ишлаб чиқариш қуввати ҳамда бошқа имкониятларимиздан келиб чиқиб нархни ўзимиз, аниқроғи, бозор белгилайдиган бўлаяпти. Бинобарин, қарорда белгиланганидек, ноширлик ва матбаа корхоналари, шу жумладан, давлат буюртмасини бажарувчи корхоналар нархни шакллантириш сиёсатини бозор механизмлари асосида эркин шакллантиради.

Яна бир нарса. Таълим соҳаси учун бюджет ва махсус жамғармалар ҳисобидан китоблар чоп этилганда, давлат буюртмасини бажаришга ҳамма ҳам, масалан, норезидентлар қўйилмас эди. Яширмаймиз, мактаблар учун дарслик ва қўлланмаларни чоп этишда иштирок этиш ҳар бир ноширнинг орзуси. Аммо бу жабҳада жуда катта маблағ айланиши ортидан бизга ўхшаган ноширлар, ҳатто муаллифлар ҳам давлат буюртмасини бажаришга яқин кела олмасдик. Бундан ташқари, бундай буюртмаларни тўрт-бешта нашриёт, қўлидан келса-келмаса, автоматик равишда қўлга киритар, муддатида улгурмаса, икки оёғи битта этикка тиқилиб, ҳам буюртмачини, ҳам бошқа нашриётларни ҳалак қилар эди. Давлат раҳбари қарори билан бу жараённинг давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб қўйилгани шаффофлик учун ташланган катта қадамдир. Чунки буюртмага оид эълонлар ими-жимида эмас, балки очиқ, махсус веб-сайтда эълон қилинади, ноширлик соҳасида фаолият юритаётган барча тадбиркорлик субъектларига тенг имконият яратилади. Бундай тендер, танловларда норезидентларнинг иштирок этиши, гарчи бизга улар потенциал рақобатчи бўлса-да, Ўзбекистон ноширлигининг янги инфратузилмасини яратишга, бозоримизни ҳар томонлама сифатли ва арзон китоб маҳсулотлари билан тўлдиришга, ички бозорда ноинсоф тадбиркорлар пайининг қирқилишига замин яратади. Қолаверса, соҳадаги қатор давлат нашриётлари тўлиқ хусусийлаштирилиши бу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш имкониятини янада оширади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиблари бекор қилиниб, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор этиш тизими жорий қилиниши соҳада узоқ йиллар давомида шаклланган бюрократия, коррупция ҳамда яширин босимлар амалиётига кескин зарба беради. Бу ноширлар ва матбаачилар учун том маънодаги эркинлик, дейиш мумкин.

Биз ноширлар ушбу қарор яратиб берадиган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатда китобхонликни оммалаштиришга бутун ишбилармонлик қобилиятимиз, билимимиз ва саъй-ҳаракатларимизни сафарбар қилишимиз керак. Негаки, бугун ҳаракат қилмасак, эскича ўйлашдан воз кечмасак, имконият ва эркинликни суиистеъмол қилсак, бу бозорда бизга ўрин йўқ.

Нодир Сувонов,

“MASHHUR-PRESS” нашриёти директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 3 =