Майдон кенг, танлашда шошмаган ютади

Шу кунларда блогерлик ҳаракати оммалаша бошлади. Блог атамаси инглизча сўз бўлиб, “web log” — воқеа-ҳодисанинг интернет кундалик журнали маъносини беради. Унинг ҳар бир варағи қайдлар, матн, тасвир, мультимедиа билан тўлдирилади.

Албатта, интернетдаги атамалар блогларнинг иш юритиш тизимини англатади. Ҳатто давлат раҳбарлари, бош вазир ва вазирларнинг ҳам ўз твиттери борлиги, бу ҳаракатнинг кенг оммалашиб бораётганини билдиради. Аввал бош­­да блогерлик энг арзон ва қулай ахборот манбаи сифатида баҳоланган. Кейинчалик бу оқимнинг кучайиши интерактив жараёнда кузатиладиган горизонтал ахборот воситаларнинг самарадорлигини ошишига сабаб бўлди. Ижодкор шахс нуқтаи назари, ҳеч қандай чекловларсиз виртуал ҳаракати “интернет журналистикаси” иборасини фанга олиб кирди.

Бугунги кундаги блог — маълум маконда рўйхатдан ўтмаган, муаллифи, муҳаррири, ношири бир киши бўлган интернетдаги кўринишидир.

Истаймизми-йўқми, блогер журналистлар билан рақобатлаша олиши,   ахборот асрида кўпроқ аудиторияга эга бўлиши билан диққатга сазовор. Муаллифлик таркиби бўйича блоглар шахсий, гуруҳий, жамоавий бўлиши мумкин. Мазмунига қараб бирор мавзуга йўналтирилган ёки ижтимоий бўлади. Бундан ташқари, “Шахсий блог”, “Аноним блог”, “Жамоавий блог”лар қаторида “корпоратив блог”, яъни ташкилот ходимлари томонидан тузилган ёки “Реклама блоги” — пиар блог бўлиб, бирор компания, жисмоний шахс, ёки жамоалар манфаатига хизмат қилувчи рекламага йўналтирилган, турли маълумотлар етказувчи сайт­лар мавжуд.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, блогерлар икки аср аввал варақалар ёзиб тарқатувчи муаллифларга ўхшайди, уларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатлари қуйидагича:

— тезкорлик, субъектив фикр билдириш усули. Икки аср аввал ҳам бирон кишининг шахсий мулоҳазалари ёзилган варақалар, памфлетлар кўча-кўйда тарқатилган.   Блоглар эса интернет тармоғидан фойдаланади;

— ўша пайтдагидек ҳозирда ҳам анонимлик долзарб ҳисоб­ланади. Аммо маълум ҳурматга эришган блогерлар ҳақиқий исмларини яширмай, очиқ фаолият юритадилар;

Оламга танқидий кўз билан қараш, кесатиқ гаплар ёзиш блогерларга хос хусусият.

Интернет журналистикага хос белги — маълумотларнинг ҳаққонийлигига ишончсизлик тушунчасида.

Сиёсий блогларни машҳур сиёсатчилар олиб боришади. Бундан ташқари, интернетдаги “кундалик ҳаёт”, “саёҳатлар”, “таълим”, “мода”, “мусиқа” ҳамда “ахборот таҳлил” блоглар турлари фаолият юритади.

Замонавий мультимедиа технологияларнинг тараққий этиши блогларда ахборот алмашиш ва тарқатишда аудиовизуал имкониятларни кенгайтирди. Бу технологик имкониятларнинг тасвирий воситаларга кўра ихтисослашуви учун замин ҳозирлади.

Одатда телефонда ёки SМS хатда кўпроқ икки тарафлама мулоқот акс этса, блоглар   интерактив журналистиканинг турли тои­фалар билан аралаш ҳолдаги мулоқотини ифодалайди. Умуман олганда, блогерлик ҳаракати — интернет тармоғида оммавий коммуникациянинг акс этиши билан анъанавий журналистикага алоқаси йўқ, десак ҳам бўлади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, ижтимоий тармоқларда, яъниким блогда фаол бўлган кўплаб шахс­лар “бекорчи вақтларини ўтказиш” илинжида соатлаб, ҳатто кунлаб “латифа” сотади. Шундай экан, масъул шахс ҳисобланмаган, аммо тармоқда мавжуд блогерлардан ҳимояланишни ҳам билиш жуда зарур.

Юлдуз Ортиқова.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =