Уруш кўрган бобом ҳикмати

Хотира — инсон умрининг хотимасига қўйилган тамал тоши, ростгўй тарозибони. Инсоннинг ўтган умр йўли яхши ё ёмон, ёруғ ё булутли хотиралари билан келажак авлод шуурида яшайди. Энг муҳими, умр поёнида “ҳаётда бекорга яшамадим, умрим зое кетмади”, деб жасорат билан айта олиш ҳаммага насиб этсин…

Болалигимда, биз набиралар бобомнинг атрофларига йиғилиб, улардан уруш ҳақида сўрардик. Чуғурлашиб бобомни саволларга кўмиб ташлардик.

— Бобо, нега бир қўлингиз йўқ?..

— Урушда дарахтзорга ташлаб келганман болам…

Мен нигоҳларида армон муҳрланган бобомнинг ҳикояларини диққат қилиб тинглардим. Бобом бир ҳикояни кўп так­рорлар, ҳар гал айта-айта бир нуқтага тикилганча узоқ сукутга чўмар, хотиралар оғушида хўрсиниб қўярдилар.

Онамнинг оталари — бобом, Иккинчи жаҳон урушига ўн етти ёшида кетиб, бешафқат жангда ўнг қўлидан айрилиб қайтган. Айтишларича, ҳамқишлоғи Содиқ еттита қиздан кейин туғилган ўғил экан, кунларнинг бирида жанг майдонида уни яъни ҳамқиш­лоғи Содиқни учратиб қолади. Улар фронтнинг оловли нуқталарида бирга жанг қилишади. Уруш қурбонсиз бўлмайди дегани рост. Бобом ҳар гал урушни эсласа: “Афсус, Содиқ қайтмади-да”, деб қўярди…

Отамнинг хотирлашича, урушнинг сўнгги йиллари, мамлакатимизда очарчилик бошланган, эркакларнинг кўпи урушдан касалманд, ногирон қайтган, аёллар бошоқ териб оила тебратган паллаларда оналари дуо қиларкан: “Худойим, болаларимни соғ-омон кўкламгача етказ, у ёғига ердан қулоқ чиқарган кўкат еб, кун кўриб кетишар”…

Бир сафар халқаро тадбирга қўшни Афғонистондан ташриф буюрган ҳамкасбимизни пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштиришади. Эртанги тонгда нонушта устида меҳмондан: “Юртимиз сизга ёқдими?”, деб сўрашади. Меҳмон, бироз сукутдан сўнг:

— Балки мен айтадиган гапларимга ишонмассиз, аммо бу ҳақиқат. Мен бу тун мириқиб ухладим, гўё жаннат боғларида ҳис этдим ўзимни. Бу ҳаловатли, осуда уйқуни бизнинг халқимиз унутиб қўйган. Биз кунларни ҳадик билан ўтказамиз, тунларни хавотир билан қарши оламиз. Ҳар куни уйқуга ётиш олдидан оила аъзоларимиз билан рози-ризолашамиз. Чунки ҳар кеча қаердадир бомба портлаши ёки ўлим қуролидан отилган ўқ парчалаган қалбларнинг аламли дод-фарёди эшитилиб туради. Сизлар жаннатдасизлар, — деган экан…

Бобом мустақиллигимизнинг илк йилларида, унинг тинч-­осуда эпкинларини қалбдан ҳис этиб бу дунёни тарк этдилар.

Имом Тарабоний айтган эканлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйи­­да бир кунга егулик таоми бўлса, билсинки, унда дунёнинг барча неъматлари мужассам экан”…

Зилола Хўжаниёзова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + eighteen =