Қарор — лойиҳа, таклифлар бисёр

«Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ушбу қарор лойиҳаси айни кунларда ижтимоий тармоқларда, ахборот порталларида соҳа ходимлари томонидан кенг муҳокама этилмоқда. Ушбу қарор лойиҳасига самарқандлик журналистлар ҳам ўз таклифларини билдиришган.

Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири:

— Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жами 47 та газета-журналлар чоп этилмоқда, 1 та телевидение, 2 та радио фаолият кўрсатмоқда. Шундан 3 та вилоят, 16 та шаҳар ва туман ҳокимликлари газеталари, 19 та хусусий нашр, 4 таси тармоқ газетаси ва 5 таси илмий журналлардир.

Вилоятнинг шаҳар ва туманлари газеталари таҳририятларида 200 нафарга яқин ходим меҳнат қилади. Ижодий ходимлар 100 нафардан ортиқ бўлиб, уларнинг қарийб эллик фоизи олий маълумотли журналист ҳисобланади. Вилоят бўйича 500 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситаларида ишлаётган журналистлар бор.

Газеталарни ривожлантириш, газеталар мунтазамлигини таъминлаш бўйича уларга аниқ, манзилли ёрдам кўрсатилиши лозим. Ушбу қарор лойиҳасида бу масалага алоҳида тўхталинган. Аммо обуна уюштирувчи ташкилотлар узоқ йиллардан бери бизнинг асосий муаммомиз бўлиб келмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, «Зарафшон» газетаси Бош муҳаррири ўринбосари:

— Биринчи навбатда, қарорда фақат давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг нашрларигагина эмас, балки барча босма оммавий ахборот воситалари фао­лиятига оид бўлишини назарда тутиш керак.

Шунингдек, босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар белгиланиши конкрет кўрсатиб қўйилган бўлиши лозим.

Умуман, қайси орган томонидан маблағ ажратилса, ОАВ ўша орган фаолиятидаги камчилик ва нуқсонларини ёритиб бера олмайди. Шунинг учун маблағ ажратиш масаласида чуқур ўйлаб кўриш керак.

Ҳаким Жўраев, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги «Самарқанд» газетаси муҳаррири:

– Ушбу қарор фақат бир йўналишни қамраб олмай, оммавий ахборот воситаларининг бир нечта жабҳаларини ўз ичига олган ҳолда мавжуд муаммоларга ҳуқуқий ечим беришини истардим. Аввало, бюджетдан ташқари жамғармадан маблағ ажратилиши бу жуда ишончсиз ҳолат, назаримда. Ушбу жамғарманинг газета учун ажратиладиган маблағи аҳолининг маълум қатламининг бепул обунасига йўналтирилса мақсадлироқ бўларди, деб ўйлайман.

Оммавий ахборот воситалари ходимларининг мао­шини белгилаш, уларга гонорар тўлаш бўйича ҳозирга қадар мукаммал ҳуқуқий ҳужжат йўқ. Мазкур масала ҳам ечимга муҳтож бўлиб турибди. Босма нашрларга солиқ имтиёзлари бериш масаласи ҳам қарорга киритилиши лозим, деб ўйлайман. Холис ахборот тарқатишда кўп ҳолатларда босма нашрларда меҳнат қилаётган журналистлар тер тўкади-ю бу ахборотлар осонгина турли интернет сайтларида, на муаллифи, на манбаси кўрсатилган ҳолда тарқалиб кетади.

Айтмоқчиманки, холис ахборот тарқатишда ўша, кўпчилик бугун «мажбурий обуна ҳисобига кун кўрмоқда» дея рўкач қилинаётган журналистлар фаоллик кўрсатмоқда. Ахборотнинг холислиги бугунги глобаллашган жамиятнинг нечоғлик муҳимлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ахборот тарқатиш ва қабул қилиш эҳтиёжи ҳар қачонгидан кўра кучлироқ бўлган бугунги кунда кичик ҳудудларга тегишли матбуотни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш миллий журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшиш деганидир.

Исомиддин Пўлатов, Жомбой тумани «Жомбой тонги» газетаси муҳаррири:

— Маҳаллий давлат органларининг ўз муассислигида нашр этиладиган газеталарига маблағ ажратилиши бир жиҳатдан ўша газеталардаги эркинликни чеклаб қўйиши мумкин. Сабаби, барчамизга маълум, ўша машҳур ибора: пулини тўлагач, қўшиғини айтишга мажбурсан. Бу ҳол кўпчилик ҳамкасбларимни қийнаётган энг биринчи масалалардан биридир. Лекин яхшироқ ўйлаб қаралса, бугун аҳвол қандай? Бугун гарчи ҳокимлик ўз тизимидаги газеталарга пул ўтказмаса-да, аммо обунани ташкиллаштиришда қайсидир маънода ёрдам бераётганидан кўз юма олмаймиз.

Хўш, шундай ҳолатда ҳам бугун қуйи тизимдаги газеталар ўз муассисини танқид қила олаяптими? Афсуски, бу саволга тўлиқ тасдиқ жавобини бера олмаймиз. Сабаби бундай таҳририятлар сони саноқли. Саноқли деганим, умуман йўқ, дегани эмас. Айтмоқчиманки, журналистга, айниқса, туман, шаҳар газеталарига ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим. Лекин афсуски, бугун яхши ишлаётган газета ҳам, шунчаки, ҳисоботдан нарига ўтмайдиган мақолалар билан тўлдираётган нашрлар ҳам бир хил мавқеда ва бир хил моддий таъминланган. Мана шу ерда яхшироқ ишлайдиган таҳририятларни қўллаб-қувватлашга ким масъул бўлади, деган савол юзага келади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 8 =