Субсидия қандай имкониятлар беради?

Йилдан – йилга аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда. Талабга яраша таклиф деганларидек, республикамизнинг барча гўшасида турли хил намунадаги уйлар қад ростламоқда. Эндиликда мана шундай уйларни ипотека кредити асосида харид қилиш бирмунча енгиллашди. Президентимизнинг жорий йил 1 май куни имзолаган “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ипотека кредити асосида аҳолига уй-жой берилиши тизимида энг муҳим ҳужжатлардан бири, десак адашмаган бўламиз.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу қарор қабул қилинди. Қолаверса, мазкур ҳужжат пандемия даврида аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Ипотека тизимидаги янги қарорда халқ учун қандай енгилликлар бор? Хусусий пудрат ташкилотларига-чи? Аҳоли учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдори неча фоизгача бўлиши мумкин? Ушбу саволларга батафсил мутахассислардан жавоб олдик.

Аҳоли учун қандай енгилликлар бор?

Аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилга узайтирилди. Ипотека кредитлари муддатининг узайиши, асосий ва унга ҳисобланган ойлик фоиз тўловларининг камайишига, бу эса ўз навбатида, аҳолининг ойлик даромадларининг қолган қисмини бошқа зарурий кундалик эҳтиёж ва жамғармалар учун йўналтиришига хизмат қилади — дейди Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори Акмал Назаров. — Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий йил 1 декабрга қадар таж­риба тариқасида жисмоний шахсларга ажратилган ер участкаларида уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун ипотека кредитлари ажратилади. Бу эса аҳоли ўзлари учун мақбул бўлган жойларда уй-жой қуриш ва қайта қуришига молиявий томондан шароит яратишда муҳим қулайлик ҳисобланади.

Субсидия ўзи нима?

Субсидия — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бош­ланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағ.

Бошланғич бадал – бу бирламчи бозордаги (янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар – хил бўлади.

Субсидия, шунингдек, ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Субсидия неча фоизгача берилади?

— Шаҳарларда ва Тошкент шаҳрида ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидиялар тўланади. Шу билан бирга, қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан 2020-2021 йиллар давомида маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан мазкур ҳудудда субсидиялар сонини 1,3 бараварга ёки суммасини 40 фоизгача оширишга рухсат берилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ипотека бозорида тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларга бўлган талабнинг ортиб бориши тенден­цияси кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда пардоз ишлари амалга оширилмасдан қурилган уй-жойларга Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган ре­сурслари ҳисобидан ипотека кредити берилиши жорий этилди. Бу аҳолининг уй-жойларни ўзига қулай дизайн асосида пардозлашига шароит яратади, — дейди Акмал Назаров.

Ипотека кредитларининг миқдорлари қанча?

Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган квартираларни, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:

  • қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
  • шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача берилиши қарорда белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармонида келтирилганидек, Марказий банкнинг асосий ставкаси (қайта молиялаштириш ставкаси) пасайтирилган тақдирда, Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ва тижорат банкларининг ипотека кредитлари бўйича фоизлар мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Хусусий пудрат ташкилотларига қандай имтиёзлар берилади?

—      2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратилган кредитларнинг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилиши тартиби жорий этилмоқда. Шунингдек, жорий йил 31 декабрга қадар хусусий пуд­рат ташкилотларига Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 1,75 бараваридан ёки суммаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдордаги миллий валютада ажратилган кредитлар фоизининг асосий ставкадан ошган, лекин 10 фоизлик банддан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тўланади,— деб маълумот берди А.Назаров.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 4 =