Газетани ўзини таниган одам ўқийди

(Ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг бир мақоласидан таъсирланиб…)

Кеча   эрталаб   бир туш кўрдим: тонгги ғира-шира экан.Бир томон баланд девор. Девор таги ҳам хира ёруғ. Бир четда одам сояси кўринади. Унинг ёнида пешонасидан тортиб, то думигача аниқ икки хил рангда — бир томони қизил, иккинчи томони оқ от. От оёқларини кериб, бошини баланд кўтариб турибди. Шу пайт қаердандир катта ойболта пайдо бўлиб, отнинг пешонасидаги икки ранг ўртасига   чопилиб, бутун танани иккига бўлиб ташлади. Шу пайт мўъжиза рўй берди: иккига бўлиб ташланган от танаси бўлакларидан биттаси қизил, иккинчиси оқ от пайдо бўлиб, икки томонга юриб кетишди… Бу ҳолни кўриб, нималарнидир гапирдим, нималардир хаёлимдан ўтди. Эслолмадим. Уйғониб кетдим. Кун ёйилиб қолган экан. Кечгача кўрган тушимни нимага йўйишни билмай кўнглим ғаш бўлиб юрдим. Эскилар тушдаги от — мурод   дейишади. Мен кўрган от ҳалок бўлди… Аммо унинг нимталаридан бошқа иккита — оқ ва қизил отнинг вужудга келгани эса кўнг­лимни кўтарди.

Хаёлимдан кейинги беш ой мобайнида дунёни ларзага солаётган воқеалар кечди. Шу вақт оралиғида инсоният ўз тамаддуни давомида   кўрилмаган ҳодисага дуч келди. Оламни гўё Помпей зилзиласи титратди ва ҳамон титратиб турибди. Айрим кишилар дунё тарихи энди иккига: коронавирус пандемиясигача ва ундан кейинга даврга ажралади,деб башорат қилишмоқда. Бўлса бордир. Бундай “башоратлар”дан интернет сайтлари ёрилиб кетиш арафасида. Чунки интернет моддий энергия билан боғлиқ. Ўта қизиб кетса, ёрилиши тайин…Мен эса кўрган тушимни яхшиликка йўйиб, инсоният бугунги танг аҳволдан албатта чиқиб кетишига, бу ишда қўлловчи Аллоҳнинг қуд­рати буюклигига ишонган ҳолда ёзувчи устозим Шукур Холмирзаевнинг бир мақоласини ўқиб, таъсирланиб руҳий энергия манбаи бўлган газеталар ҳақида   баъзи ўйларимни битишни лозим топдим.

Очиғи, бугунги кўчага чиқиш тақиқланган бир даврда газета ўқиш ҳам қийин иш бўлиб қолди. Шундай экан, ихтиёримдаги коронавирусгача чоп этилган нашрларни кўздан кечириб, юқорида келтирганим, айрим кишиларнинг коронавирус тарихни иккига ажратади, деган “башоратлари” бизнинг газеталаримизга таъсир кўрсатмаса керак, деган ўйга бораман. Қани энди газеталаримиз коронавирус даф этилгач, эртаклардаги каби бир юмалаб… “ўқишли газитлар”га айланиб қолса! Шуларни ўйлаб, анчадан буён босма нашрларнинг инқирози ҳақида гап-сўз кўпайгани ёдимга тушди. Аслида ўзбекнинг газета ўқий бош­лаганига кўп бўлгани йўқ. Нари борса икки-уч аср бўлаяпти. Дунё халқларининг илғорлари эса бу матоҳни гўё алмисоқдан қолган деб билишади. Шу боис бўлса керак, уларнинг аксарияти газетани, яъни доимий ном билан мунтазам чоп этиладиган икки ёки ўнлаб саҳифалардан иборат бўлган босма нашрга катта ҳурмат ва эътибор билан қарашади.

Хўш, ватанимиз Туркистонда газета қачон пайдо бўлди? Бу ҳақда маълумотлар кенг тарқалган. Жумладан, профессор Бегали Қосимовга кўра, Туркистонда даврий матбуот аслида жадидлардан илгарироқ, 1870 йилда пайдо бўлиб, Русия ҳукуматининг истилочилик сиёсатига хизмат қилган. Мазкур газета “Туркестанс­кие ведомости” эди. Шу йилнинг ўзида, яъни рус тилидаги “Туркестанские ведомости” чиқарилгандан икки ой ўтиб, газетанинг ўзбек тилидаги иловаси ҳам чоп этила бошлайди. “Газета, — деб ёзади Б.Қосимов, — табиийки, расмий хабарларга, чунончи, оқподшоҳнинг фармо­йишлари, вазирларнинг фаолияти, Русия ички ҳаётига катта эътибор берди, ўрни билан Туркистон тарихи, маданияти, ҳозирги турмушига оид мақолалар уюштирди”. Шу ўринда Бегали домла қизиқ бир маълумотни келтиради: “Масалан, газетанинг 1911 йил, 45-сони (19 июнь)да босилган “15 июня 1911г. в Ташкенте” (аҳамиятига кўра муҳим мақолалар русча номланган) мақоласини олайлик. Мақола Тошкентнинг руслар томонидан босиб олиниш санасига   бағишланган. Бу сана ҳар йили тантанали нишонланган. Шу куни Тошкентнинг руслар яшайдиган Янги шаҳар қисмидан   Эски шаҳардаги босқин пайтида   ўлдирилган русларнинг қабри жойлашган Камолонгача бўлган кўчалар обдон тозаланиб, сувлар сепилиб, ҳар икки тарафига байроқлар осилиб безатилган. Минглаб маҳаллий халқ кўчага чиқарилиб, катта байрам уюштирилган… Газета байрам шодиёналарини ҳикоя қилар экан, истилода қатнашган “уруш фахрийлари”нинг маҳаллий халқ билан “учрашув”ларига кенг ўрин беради. Халқнинг “илгарироқ душман кўзи билан қараган бўлсалар”, “Энди ушбу одамларга дўст ва биродарлик кўзи билан қарамоқлари” лозимлигини таъкидлайди. Чунки улар “Сизларни(нг) ободлик ва тараққийда бўлмоғингизга сабаб бўлган” деб кўрсатади…”

Бегали домла (у кишининг охиратлари обод бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз)дан иқтибос келтирганимизнинг сабаби бор. Бу ҳақда кейинроқ. Ҳозир эса ўзбек матбуотига   жадидларнинг ва Русия мусулмонларининг кўрсатган таъсири хусусида қисқача тўхталамиз. Тарихчиларга кўра, газета аслида туркий халқлар ҳаётига ўн тўққизинчи асрнинг 30-йилларида Тур­кияда “Тақвими вақое” (“Воқеалар календари”)нинг чоп этилиши билан кириб келганлиги айтилади. Ношир Исмоил Гаспиралининг “Таржумон”ига қадар Туркия ва Озарбайжонда бир қатор газеталар чоп этилди, аммо уларнинг ҳеч бири Россия мустамлакаси бўлган Қримнинг Боғчасаройида дунё юзини кўрган “Таржумон”чалик машҳур бўлмади. Гапни чўзмай, мазкур газетанинг   турк оламига кўрсатган таъсири хусусида икки оғиз сўз келтирамиз холос. “Туркис­тон макотиби жадидининг лисони истиқболияси ёинки прўғрам лисониясидан бир қоч (неча) сатр ёзалим, — дейди Беҳбудий. — Умумрусия мусулмонларинда, Туркистони Русий ва Самарқандда усули савтия китоблари   туркча ўлароқ вужудга чиқди. Жумла муаллим ва устозлар, муовинлар туркий “Таржумон” тили соясинда матлаб ва маълумотлара ноил ўлдилар. Турк тили ва адабиёти Русия мусулмонларини сайд этажакдир. Матбуот бунга шоҳиддир”.

Шу ўринда юқорида Бегали домланинг “Туркестанские ведомости” газетасидан келтирганимиз иқтибоси хусусида ҳам фикр юритиш жоиз. Бунинг учун домланинг ўзи ёзган “Миллий уйғониш” китобидан яна иқтибос келтирамиз: “1906 йилда ғайрируслар маорифи масаласи жиддий тус олади, — деб ёзади Бегали домла. — Маориф вазирлигидаги корчалонлар Русия мусулмонлари учун очилган рус-татар, рус-тузем мактабларида она тилини рус алифбосида ўқитиш масаласини кўтарадилар. Шунда “Таржимон” “Фойдасиз хизмат”(122-сон) деган мақола босади. “Эй ғўспўда”лар, ақл(г)га мурожаат этинг. Бизим ўз алифбомиз вор, ҳам динийдур, ҳам дунёвийдур. Русча ва французча ўқуруз, лекин ўз алифбомизни ҳеч бир вақт, ҳеч бир ўринда тарк этма(й)миз”, деб ёзилган эди мазкур мақолада. Мақола муаллифи Исмоил Гаспирали эди”.

Шундай қилиб, “Туркестанские ведомости” газетаси маҳаллий халқни “Сизларни(нг) ободлик ва тараққийда бўлмоғингизга сабаб бўлган” кишиларни (чор Русияси босқинчиларини) ҳурмат қилишга мажбур этса, Исмоил Гаспринскийнинг “Таржумон” газетаси ўша халқни ёт алифбога ўтказмоқчи бўлганларга “Русча ва французча ўқуруз(ўқиймиз), лекин ўз алифбомизни ҳеч бир вақт, ҳеч бир ўринда тарк этма(й)миз”,дея туркийларнинг, жумладан, ўзбек халқининг ҳам минг йиллар мобайнида тарих яратиб келган ёзувини ҳимоя қилади. Назаримда ушбу манзилда сўзамолликка ҳожат йўқ. Икки хил ниятда ташкил бўлган газеталардан келтирилган иқтибосларнинг ўзи кимнинг ким эканини кўрсатиб турибди.

Шу нуқтада бир жиҳатга эътибор қаратишингизни истар эдим. “Таржумон” хусусий газета эди. “Туркестанские ведомости” газетаси эса чор ҳукуматининг ҳарбий вазирлиги органи бўлган. Қаранг, икки аср нарида чоп этилган газетадан тортиб бугунгача   мавжуд нашрларнинг жилови ҳамон у ёки бу расмий ташкилотнинг қўлида эканини кўрамиз. Совет даврини қўятурайлик, мустақилликка эришганимиздан сўнг қачон бир хусусий ёки акциядор газетага эга бўлдик? Газеталаримиз албатта қайсидир бир ташкилотнинг пинжида туриб “жон сақлайди”. Ўша ташкилотларнинг ўзлари ҳам бошқа бир каттароқ ташкилотнинг пинжида ўтирган бўлади. Ваҳоланки, дунё матбуоти бундай тажрибадан аллақачон юз ўгирган. Масалан, Европа, Англия ва борингки ана Россияда ҳам юзлаб газета-журналлар чоп этилади. Улар орасида бутунжаҳонга машҳур газеталар борки, бу нашрларнинг аксарияти хусусий ёки акционер гуруҳларга қарайди. «Таймс» ва «Гардиан» газеталари либерал газеталар ҳисобланиб, юксак савиядаги ахборот воситаси саналади. Майли, Анг­лия биздан ҳар жиҳатдан олис, шундоқ кечаги “оғамиз” Россияда чоп этиладиган газеталарни олайлик. Уларда ҳам айрим “Правда”га ўхшаган газеталарни айтмаса, “орган-порган”лар қолмади. “Аргументы и факты” газетасининг умумий адади қайта қуриш йилларида беш миллиондан ошарди. Ҳозирда бир ярим миллион атрофида. Бундан анча йиллар нарида Россия газеталаридан “Труд” ва яна “Литературная газета”лар жуда машҳур эди. Сирасини айтганда, ўша республикалар ўртасидаги иқтисодиий ва маънавий алоқалар узилиб қолган 90-йилларда, айниқса, “Труд” нашрининг аҳамияти катта бўлган. Бу ҳақда устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев: “мазкур газетада эълон қилинган мақолалар ўзининг ишонч­лилиги, салмоқли фикрлари билан ўқувчиларни ўзига жалб этади. Газета бировнинг ноғарасига ўйнамаган. Айтайлик, бир пайтлар “ўзбек мафияси” ҳақида афсоналар тўқиш совет матбуоти учун урф бўлиб, ҳаттоки, айрим мақолаларда бутун халқ жиноятчига   чиқариб қўйилган эди. Яқинда (1994й.) ўша йилларда чоп этилган   газеталарни варақлаб чиқдим. “Труд” халқимиз шаънига бўҳтон уюштирмаган экан.

Зотан, газета ўқ­отар қуроли бўлмаса-да, нишонга олган жо­йида бир ўзгариш ясаш қудратига эга ахборот воситасидир. Унинг асосий нишони эса инсон ақли ва қалбидир. Ўшандай газеталарнинг нуфуси ҳам бугунга келиб пасайишга турмоқда. Ҳа, тўғри, таъбир жоиз бўлса, жамиятда барометр ролини авваллари газеталар бажарган бўлса, бугун улар ўрнини телевидение ва ижтимоий тармоқлар эгаллай бошлади, деса бўлади. Аммо бу ҳали босма нашрлар энди тугади, дегани эмас.

Бугунги газеталаримиз ўзларининг “сегмент”ларига — ўқувчиларига эгами? Ўша ўқувчилар ўзлари ёқтирган нашрларни қўлдан қўймай ўқийдиларми? Бундан ўттиз беш йиллар наридаги Ўзбекис­тонни эслайман. Одамлар эрта тонгдан нон дўконида эмас, газета киоскаларида навбатда турарди.

Бугун мамлакатимизда кенгқамровли ислоҳотлар кетмаяптими? Бугун Президентимиз раҳбарлигида халқимиз Янги Ўзбекистонни   қураяпти. Бизнинг метроларимизда, автобус, поездларимизда қанча одам газета ўқиб йўлни қисқартиради? Масалан, Истанбул, Москва, Лондон каби шаҳарларда эрталаблари метрога чиқсангиз ўриндиқлар устида, вагонларнинг ойна четларида турли газеталарни кўриш мумкин. Йўловчилар поездга ўтираётиб уларни варақлашади. Ўқигани ўқийди, ўқимагани кўз югуртириб, ўтирган жойига ташлаб кетаверади. Бошқача айтганда, камхарж талаба мет­рога тушиш учун пул топса бўлди, манзилига етгунча бугунги янгиликлардан бемалол хабардор бўлиши мумкин. Бизда ҳам метро бор. Бизда ҳам газеталар бор. Аммо метроларимизда газета ҳам, газетхон ҳам йўқ. Бунга ким айбдор? Ўқишли газета чиқармаётган таҳририятларми ёки эркин сўзни айтишдан чўчийдиган муҳаррирларми? Бизнинг метроларимиздаги йўловчиларнинг қўлларида газета ёки журнални эмас, оғир-оғир халталарни кўрасиз. Уларнинг кўзлари ким нима кийгани-ю, халтасида нима ортмоқлаб бораётганида бўлади… Ҳар ҳолда коронавирус тарқалгунча шундай эди.

Шубҳасиз, газета қизиқарли бўлиши керак. Демак, газета ўз ўқувчисининг табиатига мойил мақолалар чоп этишга мажбур. Албатта, бу дегани айрим чет эл нашрлари каби ёки оппонентларимиз оғиз кўпиртириб мақтаётган ўзимизнинг интернет сайтларидаги бе­ҳаёликни тарғиб этувчи мақолалар ва расмларни чоп этиш керак, деганимас. Биз алҳамдулиллоҳ, мусулмон фарзандлари эканимизни унутмаслигимиз керак. Баъзан, бирон материални ўқиш ёки қидириб топиш учун интернетга киришга юрагинг   безиллайди. Қидирган нарсангни энди топдим , деганингда нимадир бўлади-ю, экранга бир беҳаёнинг сурати “лоп” этиб чиқади-қўяди. Каловланиб қолади одам. Сиз-ку, “Астағфуруллоҳ”ни айтганча ҳалиги беҳаёни кўздан йўқотасиз, аммо ёшларнинг тилига ўша онда   юқоридаги тавба калимаси келармикан?! Ана шундай пайтларда интернет ҳаётимизга қанчалик қулайликлар олиб кирган бўлмасин, юқоридаги каби “ахлоқсизлиги” билан олиб келган барча яхшиликларини ҳабата қилиб юбориши ҳақида ўйлаб қоласан киши. Аммо бургага аччиқ қилиб кўрпани ўтга ташлаш гумроҳлик бўлганидек, интернетнинг бундай “юзсизлигини” деб ундан юз ўгириш яна эски чориққа қайтиш бўлади. Айб интернетда эмас, айб ўша интернетнинг қулоғини бураётган, унга беҳаё суратларни, оғизга олиб бўлмайдиган сўзларни, ёлғон-ёшиқ бўҳтонларни қуяётган одамда. Демак, ўзимизда…Ўзимизга инсоф берсин!

Яқинда бир газетанинг бош муҳаррири билан суҳбатлашиб қолдим. Мамлакатимизда китоб тарғиботи яхши бўляпти, аммо “Ҳар бир хонадонга бир газета” деган шиор ўртага ташланса, балки одамлар янада кўпроқ китоб ўқиган бўлармиди, деган гапни айтиб қолди ўша муҳаррир. Маъқул таклиф.Чунки газета ўқимайдиган одамнинг китоб ўқишига шахсан мен ишонмайман. Бир устозимиз: “Газетани ўзини таниган одам ўқийди”, деб тўғри айтган эди. Аммо яна бир муаммо шундаки, бизнинг кўпгина газеталаримиз ўша “ўзини таниганларни” ҳам ҳафсалаларини пир қиладиган даражада саёз эканини тан олишимиз керак. Аслида жамиятда интеллектуал фикрни газета-журналлар шакллантиради. Агар ёлғон маълумот берса суд олдиди жавоб берсин. Бўлмаса, кўнглидагини айт­син… Бугун нима учун газеталаримизнинг ададлари пасайиб кетган. Чунки газетхонни қизиқтирадиган, муштарий бош кўтармай ўқийдиган мавзулар, ахборотлар, суҳбатлар, мақолалар жуда кам.

Ижтимоий тармоқлардаги битикларга келганда шуни айтиш керакки, улар истаса-истамаса тарихни босма нашрлар дарж этади. 1916 йилнинг 9 авгус­тида Тошкентга келган “Вақт” газетасининг мухбири Шоҳид Муҳаммадёров: “Мардикорлик ари уясига чўп суққандек бўлди.Туркистонда бамисли ер ларзага келди. Халқ бош кўтариб, ён-ат­рофга қаради. Бу Туркистон учун чинакам 1905 йил бўлди…Туркистон бирдан ўн саккизинчи асрдан йигирманчи асрга кирди, десак, янглишмаймиз”, — деб ёзган эди. “Вақт” газетаси Туркистоннинг энг фожиали кунларини тарихда қолдирганини эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Шундай экан, ўзбегимнинг кунингдан бир кун қолгунча ош е, дейдиган кишилари қаторида кунидан бир кун қолгунча қўлида газета ушлаб яшашни истовчилари ҳали бор.

Ўтган асрнинг 90-йилларида бўлса керак, устоз ёзувчимиз Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” деган катта мақола ёзган эди. Унда адибимиз адабиётнинг туб масалалари ҳақида фикр юритиб, кейинги вақтда матбуотда ҳам, радио ва ҳатто бундай мишмиш Ғарбнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам йўқ эмаслигини ёзганди. Ва ўшандай шароит­­да ҳам ўша Ғарбу Шарқда баъзан-баъзан яхши асарлар чоп этилаётгани, аммо “Ўзимизда – бу «бозор» сари илдам кириб бораётган жамиятимизда эса ўшандай асарлар яратилмаётгани кундек равшан”, деб қайғурган эди. Шукур аканинг юқоридаги фикр­ларини бугунги кунда ҳам тўласинча газетачилик соҳасига-да татбиқ этилса, ҳеч хато бўлмайди. Айни пайтда “адабий мухбирларнинг” ҳам роса пўстагини қоққан эди, ўша мақоласида гўринг нурга тўлгур Шукур ака. Газетани эса адабий мухбирлар эмас, ҳақиқий журналистлар яратади. Ҳа, яратади. Газетанинг ҳар бир сони ўқувчининг қалбини ишғол қила оладиган ўзига хос бир қудратга эга асар бўлиши керак. Агар шунга эришолсак, Газета ўлмайди.

Ёқубжон Хўжамбердиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 13 =