Адабиёт — халқнинг юраги

Президентимизнинг Миллий боғ ҳудудида янгитдан таъмирланиб барпо этилган Адиблар хиёбонига ташрифидан кейинги ўйлар…

Сирожиддин Саййид,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Ўзбекистон халқ шоири.

Мир Алишер Навоий бобомиз “Мажолис ун-нафоис” асарининг мухтасар муқаддимасида ният ва муддаони маълум қиларкан, шундай сўзларни битадилар: “… Бу жиҳатдин Султон Соҳибқироннинг ҳумоюн валодатлари замонидин рўзафзун давлатлари даврониғачаким, қиёматғача барқарор ва олам инқирозиғача пойдор бўлғай, улча фақир эшитибмен, аммо хизматларға етмаймен ва улча хизматлариға етибмен, аммо ҳоло бу фано дорил-ғуруридин бақо дорис-суруриға интиқол қилибдурлар ва улча ҳоло бу фарруҳ замонда намояндадурлар ва ул ҳазрат зоти малакий сифотиға мадҳ сарояндадурлар, жамъ қилилғай ва ҳар қайсининг натойижи табъдин бирор нима нишона йўсунлуқ ёзилғай. Чун бу мақсудға етилди, они секкиз қисм этилди ва ҳар қисми нафис бир мажлисға мавсум бўлди ва мажмуаға “Мажолис ун-нафоис “ от қўюлди…”

Муқаддиманинг муқаддимаси Яратганга назмий ҳамд ва мақтов сатрлари билан бош­ланади:

Юз ҳамд ангаким ясаб жаҳон бўстони,

Айлаб юзу зулфини гулу райҳони.

Қилди ясағоч бу боғи руҳафзони,

Назм аҳлин анинг булбули хуш илҳони…

… Боғи Руҳафзо. Боғи Дилкушо. Самарқандда – Боғи Шамол. Тошкентда – Адиб­лар хиёбони, яъни Адабиёт боғи. Адабиёт – адаб ва ёд янглиғ, Абадий ёд, Абадий ҳаёт мисол жаранглайди. “Чун адам саҳросидин келдим вужуд айвониға” дейдилар ҳазрат Навоий. Бу сатр­нинг давоми, аниқроғи, бардавом ва барҳаётлигини, шу пайтга қадар Олий Мажлисгоҳнинг муҳташам биноси томон серсукут ва ўйчан ҳолда боқиб турган бобомизнинг янги давру замонамизда шарафли рутбаларига муносиб қибла томонга қарата қўйилган сиймоларию, ул беназир зотнинг мақомларига яраша юртимизнинг энг баланд айвонидан баланд номларига лойиқ ҳурмат-эҳтиромлари жойига тушганлиги – улуғ бобокалонимиз Абадият айвонидан мангуликка қадар сафарлари давом этаётганидан далолат бермайдими?..

Адиблар хиёбони. Адабиёт боғи. Абадият боғи.

Мамлакат Президенти муҳташам ёдгорлик пойига гул қўйиб,  ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаркан, бунда йиғилган адабиёт ва маърифат аҳли – шоир  ва ёзувчилар билан жиддий суҳбатлашиб, жиддий саволларни ўртага ташлади.

– Адабиёт халқнинг юраги, – деди Президент, – элнинг маънавияти кўзгуси. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, бой маънавиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни ҳозирлаймиз.

Ўйлаб кўрилса агар, Давлат раҳбари ке­йинги икки-уч йил давомида энг кўп қадам ранжида қилган маскан Миллий боғ ҳудудидаги Адиблар хиёбони экан. Суҳбат асносида буни Президентнинг ўзи ҳам эътироф этди. Яқин тарих саналарига назар ташланса агар, бу борадаги илк ташриф 2017 йилнинг 3 февралига тўғри келаркан. Ўша йилнинг 18 апрелида Давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилинди. Бўлажак Адиблар хиёбонининг меъморий-ғоявий лойиҳаси тайёрланди.

Ҳали ҳам эсимизда: бу маъвода, ён-ат­роф ҳудудда ҳозирги Тошкент тарихи (ўшанда Кўргазмалар зали)дан бўлак бош­­қа бирор-бир бинонинг ному нишони ҳам йўқ эди. Қиш изғиринидан дийдираб турган боғаро сувқоғоздан тикланган омонат чодир ичида Давлат раҳбари илк маротаба бу мас­канда Ёзувчилар уюшмаси учун янги иморат ва адиблар хиёбони барпо этиш тўғрисида сўз бошлагани асносида худди орзу ва ниятнинг оқлигини тасдиқлагандай паға-паға лайлак қор ёға бошлаган эди…

Ҳақиқатан ҳам, ниятлар оқ экан, мана, бугунга келиб, орадан ҳеч қанча муддат ўтмай, ўша манзилу маконда жаннатмонанд, фирдавсмақом Адиблар хиёбони бунёд этилдики,  адабиёт ва адаб аҳлига бағишланган бундай кўркам маъво бошқа мамлакатларда топилмаслиги муқаррар. Бу хулосамизга хиёбоннинг яхлит меъморий мажмуасию дид ва фаросат   билан бунёд этилгани, гуллар ва дарахтлар, йўлаклар ва чироқларнинг бир-бирига уйғун ва мутаносиблигигача гувоҳлик бериб турибди.

Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг бундан уч йил аввал, 2017 йилнинг 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасидан муҳим бир иқтибосни келтирмоқ жоиз: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз   бор, ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”.

Бу даъваткор ва тарихий сўзлар айтилганига ҳали ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлса-да, мана бугун – тарих 2020 йил 20 май санаси куни олам аҳли ҳавас қилса арзийдиган бинойидай Адиблар хиёбони ҳам тап-тайёр бўлиб турибди!

Ҳеч қандай истиҳоласиз очиқ айтиш мумкинки, Президент Адиблар хиёбонини ўзгача завқу шавқ, ҳайрат ва ҳаяжон билан кезиб чиқди, кўздан кечирди. Давлат раҳбарининг изидан шоир-ёзувчилар қанча илдамланмасин, у кишига бақамти қадам ташлашга улгурмай қолди. Шоирлардан кимдир енгил мутойиба қилди: Адабиёт замондан орқада қолмаслиги керак!..

Устоз Эркин Воҳидовнинг серсукут сиймосига қарар экан, Президент бирпас ўйга толгандек бўлди. Беихтиёр бундан икки-уч йил аввал айтган, бугун ҳам суҳбат чоғи бир эслаб ўтган “Менинг ҳам армонларим бор…” деган гаплари кўнглимиздан кечди. Шу ўринда устозимизнинг салкам ўттиз йил аввал битган сатрларини эсладик:

Агарчи исмим Эркин,

Эрки йўқ банди кишан бўлдим,

Кўзим боғлиқ, дилим доғлиқ,

Тилим йўқ, бесухан бўлдим…

Чекибдур Бобуру Фурқат

Ватан ҳажрида афғонлар,

Мен эрсам, ваҳ, не ғурбатким,

Ватанда беватан бўлдим.

Ишончим бор, Ватан, бир кун

Келар чун нурли давронинг,

Дегайман шунда чин Эркин,

Чин инсон қайтадан бўлдим.

Ушбу шеърнинг аввали билан охирги сатрлари оралиғидаги масофа йигирма тўққиз йил! Йигирма тўққиз йилдан кейин –Давлат раҳбарининг сидқидил эътиборию бу ҳурмат-эҳтиромнинг амалий ифодаси  бўлмиш Адиблар хиёбони тимсолида рўёбга чиққан орзу, ушалмас армонлар муборак бўлсин, азиз устозлар!..

Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бердақ, Огаҳий, Муқимий ва Фурқат. Бир томонда миллатпарвар жадид боболаримиз: Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий.

Устоз Ҳамид Олимжон “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” дебон ҳозир ёнингизга тушиб келадигандай. Елкалари узра қалдирғочлар чарх уриб турибди. Зулфия опа ўтирган ҳолатда “Эъзозлар, ҳурматлар учун ташаккур” деб турибдилар. Гарчанд хиёбонда оралари унча узоқ бўлмаса-да, ўртада неча-неча умрлик дарду фироқ, муҳаббат ва садоқат манзиллари турганини юрак-юракдан ҳис этасиз…

Муҳташам қорақалпоқ адабиётининг азамат намояндалари Ўзбекистон Қаҳрамонлари Ибройим оға, Тўлепберган боболар – халқ-Ватан олдидаги қарзини сўз билан тўлаб берган боболар. Абдулла Қаҳҳор, Ойбек домла, Ғафур Ғулом муаллим, Саид Аҳмад домла, Саида Зуннунова… Домла Озод Шарафиддинов. Ва албатта, Александр Файнберг, Муҳаммад Юсуф…

Ҳозирча ушбу мажлисда Мақсуд Шайхзода муаллим иштирок этмаяптилар. Бир замонлар “Хиёбон” китобини ёзиб, таъна-маломатлардан биёбонга айланган Шайх домланинг муборак сиймолари ўрнатилиш арафасида…

Ва ушбу анжумандаги барча соҳибкалом ва соҳибқаламларга донишмандона қараб турган устоз Абдулла Орипов…

Қийин замонларда, оғир даврларда ижод қилган, халқ ва миллат дардини куйлаган азиз ва қадрли устозлар, муаллимлар. Улар сўзга, адабиётга хиёнат қилмадилар. Сўзни ерга урмадилар. Сўзни, шеърни Ватандек, Ватанни юксак сўз ва шеър сингари қадрладилар.  Адабиётни Ватан деб, Ватанни Адабиёт деб билдилар. Шу садоқат ва матонатлари боис ҳалоллик ва поклик билан миллатнинг улуғ адиблари мақомига эришдилар.

Ҳар қисматга ҳар кимнинг даврони сабаб бўлгай,

Шеър ун чекса шоирнинг армони сабаб бўлгай,

Мен фахр этсам, умримнинг ҳар они сабаб бўлгай,

Топган тож-тахтим менинг жонажоним шеърият,

Энг олий бахтим менинг онажоним шеърият.

Адиблар хиёбони. Адабиёт боғи. Абадият боғи.

— Мен  сизларга мавзу бердим, —деди Президент, — энди буни назарий, амалий жиҳатдан тўлиқ юзага чиқариш — Сиздан…

Мавзу жиддий, вазифа жиддий, масъулият бениҳоят жиддий.

Адиблар хиёбони биргина адибларнинг эмас, бутун халқники, миллатники, миллат келажаги бўлган ёшларники. Адабиёт, китобхонлик ўрнини интернетга бой бериб қўймаслик керак. Адабиёт ва китоб ўзининг азалий ўрни ва мақомини қайта забт этмоғи учун ҳам бу ишга олий ўқув юртлари кенг жалб этилиши лозим. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳайкал – мажмуа биттадан олий ўқув юртига бириктирилди. Адабиёт, барча олий ўқув юртлари – институтлар, университетлар орқали мушоиралар танловлар воситасида тинимсиз ўқитилиши, тинимсиз тарғиб қилиниши шарт ва зарур дейилдики, бу ишлар, бу ҳаракатлар вилоятлар миқёсида ҳам кенг амалга оширилиши керак…

Адиблар хиёбони. Адабиёт боғи. Абадият боғи.

Бу шунчаки боғ эмас, шунчаки ёзувчилар хиёбони эмас. Хиёбонга жон киритиш керак, ёдгорликлар жонли тилда сўзлаши, гапириши, таълим ва тарбия, дид ва фаросатга, билим ва маърифатга хизмат қилиши керак.

Бундаги Тошкент тарихи музейи, бу ердан чиқиб бориб кўрганимиз, барча ижодкорларни  том маънода ҳайрат ва ҳаяжонларга солган энг замонавий “Болалар миллий тиббиёт маркази”даги ҳайратомуз манзаралар – янги Ўзбекис­тонимизнинг ёрқин ва порлоқ саҳифалари янглиғ тарих зарварақларига нақш этиб қолдирмоқ қалам аҳли зиммасидаги бурч ва масъулиятдир. Сабаби, давру замон ўз Йўлбошчиси тимсолида бу муҳташам иншоотларни Ватан ва халқ манфаати йўлида кўз ўнгимизда бунёд этди. Ҳеч нимарса осмондан ўзи тушмайди. Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бино бўлмайди. Бунинг маънавий-маърифий аҳамияти беқиёслигини англаган ҳолда, сўзимизни Давлатимиз раҳбари Адиблар хиёбонида номини бир неча марта юксак эҳтиром билан тилга олган Муҳаммад Ризо Огаҳий бобомизнинг бугунги кунларни башорат қилиб битган сатрлари билан якунламоқни лозим топдик:

Ҳар ким ўқуса, дуо била ёд этгай,

Руҳимни бу ёд этмак ила шод этгай.

То Тангри анинг бу карами борасида

Жойини икки жаҳонда обод этгай.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + twelve =