Машрабшунос муаллим

Дунё ташвишлардан холи, бекорчи дамларга кўз юмиб, қоғоз билан китобга кўмилиб, маънавиятни юксалтириш, илм конидан хазина излаш билан машғул бўлган инсонлар борлигидан азалий маънавиятимиз сарчашмалари тинмаслигини, нурли йўллар ҳали ойдин эканлигини англаб яшайсан. Жалолиддин Юсуфий ҳам ана шундай феномен шахслардан бири эди…

Бобораҳим Машраб ўзбек мумтоз адабиётида ўзига хос мавқе ва мартабани забт этган улуғ шоир. Инсониятнинг борар манзили фақатгина Аллоҳ ҳузури эканлигини Машраб ижодидан бохабар инсонлар кўксига тугиб яшайди. Муаллим Жалолиддин Юсуфий ана шу синоатни китобхонга етказиш, билдириш мақсадида қўлига қалам олди, мумтоз шоир ижодида илм қилди.

Ж.Юсуфий 1945 йилнинг 4 ноябрь куни Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги Михчагарон қишлоғида туғилди. “Ҳаётини адабиётга, Машраб ижодига бағишлаган Жалолиддин ака суврати ва сийрати билан рутбали, камтарин инсон эди”, дейишди маҳалладошлари.

Юсуфий домла узоқ йиллар давомида тумандаги 78-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, кейинчалик мактаб директори бўлиб ишлаган. Ғазал жанрини, унинг таҳмил, мажоз ва бошқа санъатларини биладиган олимлар суҳбатида бўлиб, асарнинг асл моҳиятини излаб, топиб, баҳоли қудрат тиклаб, камини тўлдириб тад­қиқ қиларди.

Таниқли адабиётшунос олим, таржима назарияси билимдони, тасаввуф таълимотидан илм қилган Ғайбулла ас-Салом домла Жалолиддин Юсуфийнинг катта устози эди. Юсуфийга: “Каттақўр­ғондан бир соҳиби девон ўтган, шу кишининг девонини топиб, халқимизга таништиринг. Зеро, девон тартиб берган, унинг уддасидан чиққанлар юртимизда саноқли”, дейди. Шундан сўнг Юсуфий домла Каттақўрғон туманига бориб, шоир Саййидмуҳаммад Халифа Йўлдош ибн Давлат ҳақида ҳам қимматли маълумотлар тўплайди. У кишининг ғазалларини тўплаб, тад­қиқ қилади. Бироздан сўнг “Соғлом авлод” журналининг 2008 йил, июнь сонида “Қалам бўлди манга ҳамдам” сарлавҳаси билан катта бир тадқиқот мақолани эълон қилади.

Мақолада ибн Давлат Самарқанд вилояти Каттақўр­ғон туманининг Жизмонсой қишлоғида яшаб, бизга маълум бўлгани, 25 та китоб ёзгани, ўзбек адабиёти яна бир ижодкор билан бойигани ҳақида етарлича маълумотлар бор эди. Таассуфлар билан айтиш мумкинки, Юсуфий устоз вафотидан сўнг ибн Давлат “Девон”ини тўлиқ ўрганиш, ижодини тадқиқ этиш адабиётшунослигимизнинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб келмоқда.

Жалолиддин Юсуфийнинг асосий илмий иши Машраб ижоди билан боғлиқ эди. Шу кунгача кўплаб олим ва илм қилаётганлар томонидан қатор докторлик, номзодлик ишлари ёқланди. Аммо янги авлод вакиллири ҳамон Жалолиддин Юсуфийнинг таҳлилий асарларига эҳтиёж сезади. Қимматли маълумотларидан муҳим ҳужжат сифатида фойдаланади. Устоз асарларида тасаввуф ва эски ўзбек тилига оид мураккаб масалалар содда ва халқона тилда, тушунарли қилиб юксак дид билан очиб берилган.

Йиллар давомида қилинган изланишлари самараси ўла­роқ, 1990 йилда “Меҳрибоним, қайдасан” номи билан Бобораҳим Машраб ғазаллари тўплам ҳолида нашр­дан чиқди. Бу адабиётимизда катта ҳодиса эди. Биздаги маълумотларга кўра, тўплам билан бирга Машраб ғазаллари таҳлилига бағишланган илмий монография ҳам наш­риётга топширилган. Афсуски, илмий иш нашриётда йўқолади. Оқибатда Жалолиддин Юсуфий номзодлик ишини ёқлай олмайди.

Жалолиддин Юсуфий 2017 йилнинг 9 декабрида вафот этди. Адабиёт ва маънавият оламини ҳаётининг мазмуни деб яшаган, шеърият ихлосмандларининг кўнглидан чуқур жой эгаллаган устоз эл эъзозида бўлишига шубҳа йўқ. Зеро, инсон учун бундан ортиқ мартаба ҳам бўлмайди.

Абдулазиз Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 3 =