Қайта тирилган жангчи қиссаси

(Эссе)

Унинг номини отаси яхши ният билан Иззатилло деб қўйди. У Бойсуннинг кунчиқар томонида, тоғ этакларигача узалиб кетган Газа қишлоғида ўсди. Унинг болалик пайтида яқин-орада дуруст бир мактаб ҳам йўқ эди. Ўқишнинг имкони бўлмади. Болалиги отасига ёрдам бериш, боққа, тўрт-беш ушоқ молга қараш билан ўтди. Ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмади. У 1914 йилнинг 2 февралида дунёга келганди, Шарқу ўарбни Биринчи жаҳон уруши қистовга олган бир пайтда. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Иззатилло Тўрақуловни фронтга олиб кетишди. У аввал “қишки жанг” деб ном олган Фин урушида қатнашди. Сўнг у Бессарабия-Молдавияда (ҳозирги Молдова) хизматни давом эттирди.

Франция, Польша, Чехославакия, Венгрия, Албания, Болгария ва бош­қа Европа давлатларини Германия бирин-кетин забт этиб келаётганди. “Халқлар даҳоси” билан икки мамлакат бир-бирига ҳужум қилмаслик тўғрисида тузилган сулҳдан кейин Совет Иттифоқига кутилмаганда, ғафлатга қолдириб бостириб киришни режалаштираётган фашизм хавфи яқинлашаётган бир пайт эди.

У хизмат қилган қисм урушнинг биринчи кунларидаёқ фашист артилерияси ва самолётлари ёғдирган бомбалар остида ҳалок бўлди. Иззатилло қуролдошларидан ҳеч кимни тополмади. Уни бошқа ҳарбий қисмга ўтказишди. У Дунай бўйларида, Молдованинг Ясси, Бельци шаҳарларида румин — немис қўшинларига қарши олиб борилган жангларда ўқчи-дивизияси сафида иштирок этди. Уруш азоблари, алам-ситамларини тортди.

Бойсунга қора хат келди. Отаси Султон бобо Тўрақулов ва онаси Ўғлон момо қон йиғладилар. Худо­йисини бердилар, азасини тутдилар…

Фронтда эса ярасиниг енгиллиги уни фашист автоматидан қутқариб қолди. Оғир ярадорларни отиб, ўзи оёғи билан юрадиганларини немислар лагерга ҳайдаб кетишди. Асирлик пайтида қаерларда бўлмади, нима ишларни қилмади Иззатилло? Аввал Польшада ҳарбий асирлар лагерида, сўнг Финляндияда, кейин Германия, Канада…

Польша лагеридан икки маротаба қочди. Белорусь ўрмонларида партизанлар борлигини лагердаги ҳарбий асирлардан эшитиб, уларга бориб қўшилиш умидида бўлди. Лекин фронт линиясига йўл тополмади.

“Маҳаллий халқ қочоқларга ёрдам қилишдан, уларга йўл кўрсатишдан қўрқар, иложи бўлса, немисларга хабар берарди. Шундай қилиб ўз жонларини сақлаб қолардилар, чунки немислар қочоқларга ёрдам берганларни улар билан қўшиб отар ва бир чуқурга кўмарди. Шунинг учун маҳаллий халқни ҳам тушунса бўларди. Бу урушдан кейин ишланган киноларда битта-ярим ўзидан кечганлар асирларга ёрдам беришади. Ҳаётда эса бу жуда кам учрайдиган ҳол эди”, — дейди отасининг гапини такрорлаб Андрей Тўрақулов, — Икки маротаба ҳам ижобий натижа бўлмайди. Бирга лагердан қочганларнинг кўплари Польша ўрмонларида очдан ўлиб кетишди. Иззатиллони бир пол­як аёл ўлимдан сақлаб қолди, уйига киритмаса-да, нон бериб турди. Эски-туски кийимлар берди. Аммо барибир уни топиб яна ҳарбий лагер жазохоналарига тиқишди…

Михаил Шолоховнинг “Инсон тақдири” асаридаги жангчи Андрей Соколов эсингизга келаяптими? Балки Иззатилло кенжасининг исмини бекорга Андрей қўймагандир, балки тасодифий ўхшашликдир? Қайдам… Бу ҳақда унинг ўзи билан гаплашиш насиб қилмади. Гарчи, Бойсунда бир неча маротаба учрашган бўлсак-да.

Шундай қилиб, 1945 йилнинг 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етди. Бу пайтда Иззатилло ва у билан бирга ҳарбий лагерда бўлганлар Германиянинг Иттифоқчилар, аниқроғи Америка Қўшма Штатлари босиб олган ҳудудда эдилар. Уларни кемага ўтирғизиб, Канадага жўнатишди. У ерда асирлар бир йил ишлагач, Совет Иттифоқидан бир офицер келади. Улар билан учрашиб, ким ўз ватанига қайтишни хоҳласа, қатордан бир қадам олдинга чиқсин, дейди.

“Отам Ўзбекистонга қайтишни жуда-жуда хоҳлаган, уни қаттиқ соғинган. Бу хабардан хурсанд бўлиб, биринчилар қатори ватанига қайтиш истагини билдирган, — дейди Андрей. — Иккиланганлар қайтмаган. Улар ишонмай тўғри қилишган, чунки офицер алдаган экан”.

Асирлар Москвага олиб келингач, уларни бир муддат қамаб қўйдилар. Терговлардан сўнг “ватан хоини” деб, кўпини ўлим жазосига ҳукм қилдилар.

“Отамнинг айтишича, уни бир тожик миллатига мансуб киши тергов қилган: ватанига қайтармаса-да, ўлимдан қутқариб қолган. 8 йилга Узоқ Шарққа дарахт кесишга жўнатган. Шундай қилиб, отам Хабаровск ўлкасига келиб қолади ва онам билан шу ерда танишиб, оила қурадилар”, — қўшимча қилади Андрей. — Иззатилло доимо Ўзбекистонга қайтишни орзу қилиб яшарди. 1955 йил сургун муҳлати тугади. У хотини немис фарзанди Марияни ва болларини олиб “Қайдасан, она юрт”, дея Хабаровскдан жўнайди. Бир неча кун поездда юриб, ниҳоят Термизга, сўнг Бойсунга, ота-онаси бағрига етиб келади. 1964 йилгача, қарийб ўн йил Бойсун шаҳар электр тармоғида ишлайди. Элга қўшилиб, киришиб кетади. Эли, юрти борлигини ҳис қилиб яшайди. Аёли, болалари ўзбекча, тожикча гапира бошлайди. Яна фар­занд­лар дунёга келади. Аммо аччиқ кунларини баҳам кўрган, оғир дамларида кўнглини кўтарган аёли юрак касалига мубтало бўлади, об-ҳавони ўзгартиришга тўғри келади. Шу туфайли 1964 йил Иззатилло хотини, болалари билан яна Узоқ Шарққа, Хабаровск ўлкасига йўл олишади.

60-йилларда И.Тўрақулов ўз полкини, бирга хизмат қилган қуролдошларини топиш ва улар билан боғланишга ҳаракат қилди. Бойсун ҳарбий комиссариатидан ўзи хизмат қилган қисмни сўраб билди, Москвага хатлар ёзди. Аммо барча хатларига бир хил жавоб келаверди: И.Турақулов хизмат қилган ҳарбий қисм аскарлари жангда ҳалок бўлган, ҳужжатлари ҳам йўқолган.

Шундан сўнг у оқланиш умидидан воз кечди. Бирор ҳужжат бўлмаса, “қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар” рўйхатида турса-да, икки йил қир­ғинбаротда, тўрт йил асирда, 8 йил сургунда юрган бўлса, унга биров ишонмаса, нима ҳам қиларди? Ахир, ватанни сотганлар немиснинг ёғли консервасини пеш билиб, легионлар сафида ўз юртдошларига қарши ўт очиб юргани ҳаммага аён эди-ку!

Иззатиллонинг фақирона ҳаёти давом этарди.

Мамлакатни қайта қуриш даври бошланди. “80-йилларда уйимизга туман ҳарбий комиссариатидан кишилар келиб, отамга унинг тўлиқ оқлангани ҳақида ҳужжат келтиришди, унга “Уруш қатнашчиси” медалини топширмоқчи бўлишганда, отам уларга аччиқ-аччиқ гапирганди (ўзим бунга гувоҳ бўлганман): “Мен сизлардан ёрдам кутиб, мурожаат қилганимда, мени “Ватан хоини” деб, эшикларингдан киритмаган эдиларинг. Энди менга ҳеч нарса керак эмас. Кетинглар”. Шундан сўнг ҳарбийлар медални стол устида қолдириб кетишганди” — деди Андрей.

Қайда бўлмасин, у Ватан соғинчи билан яшади. У Бойсунга таътил пайт­лари бир-икки фарзандини эргаштириб келар, ҳафта, ой туриб, сўнг яна Хабаровскка қайтарди.

90-йил бир ўзи Бойсунга келди. Отасидан қолган ҳовлида сингиллари, укаси Мавлон Тўрақулов ва бош­қа қариндошларининг меҳридан тўйиб, икки-уч ой яшади. Ким билади, бир ҳовуч тупроғи ватанида, ота-онаси қабри ёнида қолишини истадими ёки бошқа сабабданми, хотини-ю ўғил-қизларининг у ёқдан юборган телеграммаларига “қайтаман, бироз сабр қилинглар” дея жавоб берар, ўзи эса ҳар куни туман марказидаги деҳқон бозори дарвозаси ёнидаги қариялар чойхонасида тенгқурларидан бирортасини топиб, гурунглашиб ўтирар, кўк чой ичиб, ўтган кунларини эслашарди.

Бир куни Газада, болалиги кечган ҳовлида, қадрдон гужум соясида ёнбошлаб ўйга чўмди: ота-онасини, хешу таборини, Бойсунини, унинг ҳар саҳардан унга боқиб турадиган баланд тоғларини ўйлади: “Буларни ташлаб кетиб бўл­майди! Аммо мен бу ерда қолсам, шу ер­да кў­мил­сам, болаларим нима қилади? Невараларим қабримни қаердан излашади?..

Шундан сўнг у Хабаровскка жўнаш тараддудини кўрди. Кейин барча билан қучоқлашиб, йиғлаб хайрлашди.

Ўша йил 28 ноябрда Иззатилло Тўрақулов Хабаровскда қазо қилди. Кўкрак қафасида 48 йил кўтариб юрган ўқ парчасини ҳам олиб кетди…

Бозор Илёс ал-Амин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 2 =