Тараққийпарварга урилган етмиш беш дарра

ёки ёзувчи «Эсдаликлар»ини эслаб…

Садриддин Айний – ўзбек ва тожик адабиётининг йирик намояндаси, ёзувчи, олим ва жамоат арбоби. У 1878 йилда Бухоро вилояти, Ғиждувонда туғилган, олдин эски мактабда, кейин Бухоро мадрасаларида таълим олган. Садриддин Айний маърифатпарвар жадидлар йўлидан бориб оммани илммаърифатга чорловчи шеърлар, мақолалар ёзган, янги усулдаги мактаблар очган. У Бухорода ўтган асрнинг йигирманчи йилларида вужудга келган тараққийпарварЁш бухороликлар” ҳаракатида фаол қатнашгани учун Бухоро амири томонидан жазоланади.

Садриддин Айний кейинчалик журналист, ёзувчи сифатида танилади. У йигирманчи йилларда Самарқандда “Машраб” ҳажвий журналини ташкил этади ва унда эскилик, жаҳолатни қораловчи қатор шеърлари, мақолалари билан қатнашади. Сўнг адабий ижод билан шуғулланади ва “Одина” “Дохунда”,   “Қуллар”, “Эсдаликлар” ва бошқа қатор бадиий асарлар ижод қилади. Садриддин Айний ижтимоий ва адабий тарих бўйича ҳам муҳим асарлар яратган. У филология фанлари доктори, профессор, фан арбоби, Ўзбекистон ва Тожикистон Фанлар академияларининг ҳақиқий аъзоси эди.

Садриддин Айний 1954 йилда вафот этган.

“1915 йилнинг августида ўз қишлоғимдан Бухорога қайтишим билан мени қушбеги чақиртирди. Мен унинг ҳузурига бориб салом бердим. Қушбеги менга қараб:

— Сиз газета ўқир экансиз… — деди.

— Газета ўқишим тўғри, — дедим мен.

— Нега газета ўқийсиз? — деб сўради қушбеги.

— Газета ман қилинган нарса эмас, уни ўқиш жиноят ҳам эмас, газетани ўзим нашр этиб ўқиётганим йўқ, махфий нашр этилган газеталарни ҳам ўқиётганим йўқ, — дедим мен. — Мен Россия ҳукумати рухсат   берган ва ҳукумат почтаси газетхонларга етказадиган газеталарни ўқийман, ундай газеталарни минглаб кишилар ўқийди, мен ҳам ўшалар қатори. Бунинг нимаси жиноят?

— Сиз мулласиз, шоир ва фозилсиз, сиз Қуръон ўқинг, китоб ўқинг, газета ўқиш сизга муносиб эмас.

— Мен бир кун ҳам газета ўқимасам туролмайман, — дедим мен.

— Жуда яхши, унда “ўқимайман” денг-да, кетаверинг, — деди қушбеги.

— Мен ёлғон сўзлашга одатланмаганман, — дедим”.

Машҳур тараққийпарвар Садриддин Айний билан Бухоро амирлигининг бош вазири — қушбеги ўртасида ана шундай савол-жавоб бўлиб ўтади ва маърифатгўй адиб мутаассиб амалдорга ўзининг илғор қарашларини шу тарзда очиқ-ойдин баён этади. Аммо бир неча йил ўтгач, мустабид ҳукумат бошқа тараққийпарварлар қаторида Айнийдан ҳам қонли ўч олади. Бунга сабаб эса — Бухорода жадидлар ҳурриятни улуғловчи намойиш ўтказмоқчи бўлганликлари эди, гарчи Садриддин Айний бу намойишда иштирок этмаса-да, у таъқиб остига олинади ва ушланиб калтакланиб зиндонга ташланади. Бу ҳақда адиб шундай деб ёзади:

“Тунни қўлга тушиш хавфи билан ўтказдим. Тонг ёришишидан олдин ювиниб олиб, ҳужрамни ичкаридан бойлаб қўйдим. Ҳали қуёш чиқмаган эди, мадраса ичида этик товушлари эшитилди. Келаётган кишилар менинг ҳужрамнинг олдида тўхтаб, эшикни қаттиқ қоқа бошладилар. Мен овоз чиқармадим. Ҳужра қўшним бўлган бир наманганлик мулла, у ҳожи ҳам эди, ҳужрасидан чиқиб, менинг ҳужрада эканимни айтди ва “кечаси билан мажлис қилиб, жаноб олийга қарши қарорлар қабул қилишди”, деган ёлғонни ҳам қўшиб қўйди. Ваҳоланки, менинг ҳужрамга кечаси ҳеч ким келмаган эди.

Келган кишилар ҳужра эшиги олдига қоровул қўйиб, қолганлари дераза томонга келишди, деразани синдириб, мени судраб кўчага тортиб туширишди. Дераза кўчадан бир одам бўйи баланд эди, мен пастга йиқилдим.

Кўчага йиқилиб тушган жойимдаёқ мени этиклари билан тепа бошлашди, кейин фойтунга ўтқазишди. Қаршимда ва ёнимда биттадан икки нафар қушбеги одамлари ўтиришар эди. Уларнинг бир қўлида тўппонча бўлиб, иккинчи қўллари билан афт-башарамга мушт туширишарди.

Бирининг мушти бурнимни қонатди, уларнинг шоҳи чопонларига қон сачраб доғ қилди. Улар “нега бизнинг чопонларимизни қон қилдинг”, деб яна қаттиқроқ ура бошладилар.

Мени Регистонга олиб бориб фойтундан туширишди, Регистонда амирнинг пиёда сарбозлари икки тарафда саф тортиб туришар эди. Мени сарбозлар сафи ўртасидан ўтказиб аркка олиб киришди. Арк йўлагидан тортиб масжиди жомега қадар амир амалдорлари расмий кийимларда саф тортиб туришарди. Уларнинг олдидан олиб ўтар эканлар, кўпи менга яқин келиб бир мушт туширар эди. Мен батамом ҳолдан кетган эдим. Аммо қушбегининг одамлари қоп судрагандек мени судрашар эди. Амирнинг сайис­хонасидан Султон деган жиловдор чиқиб, бошимга чунонам бир мушт туширдики, ўзимни билмай қолдим. Кўзимни очиб қарсам, қушбегининг қаршисидаман.

Қушбеги бирон нарса сўрамай мени қамоқ қилишга буйруқ берди. Унинг олдидан олиб чиқиб яна аркнинг йўлаги томон “обхона” деган қамоқхонага йўл олишди. Қушбегининг ҳовлиси олдида рўпарамиздан Тўрақул удайчи чиқди, у қушбеги одамларига “уриб-уриб олиб боринг”, деб буюрди. Зотан қушбеги одамлари бусиз ҳам мени “бекаму кўст” урмоқда эдилар. Бу буйруқдан кейин улар янада қаттиқроқ ура бошладилар.

Мени обхонага ташлашди. Бирмунча вақтдан кейин обхонадан олиб чиқишди. Эгнимда бир кўйлагимни қолдиришган эди, холос. Арк йўлагидан дарвоза ёғоч кўприкка қадар амирнинг амалдорлари ва катта муллалар лиқ тўла эди. Қушбеги — Мирзанасрулло росмана кийимлари билан арк дарвозаси остонаси устида турар эди. Унинг қўлида бир хат бор эди. У мени кўриши биланоқ хатга қаради-да, амалдорлардан:

— Айний шуми? — деб сўради.

— Айний шу! — деб амалдорлар ва муллалар ҳаммаси бирдан бўкиришди.

Тахта кўприк устида мени бир тўладан келган одамнинг орқасига мингаштиришди, у энгашди. Қўлларимни унинг бўйнидан оша тушириб, бир киши маҳкам ушлаб турди. Кўйлагимни чирмаб бошимга оширишди. У ерда бир ярим аршинли эллик-олтмиш бута калтак турар эди, ҳар бирининг йўғонлиги оёқнинг бошмолдоғидай.

Қушбегининг ишорати билан икки мирғазаб биттадан калтак олиб, икки ёнимга ўтишди. Кўзим қушбегининг кўзига тушди, мен унга тиғдай тикилиб қарадим. У менинг бундай тикилишимга тоб бермай, кўзини қочирди.

Мирғазаблар “бир, икки” деб икки томондан савалай бошладилар, улар темирчилар навбатма-навбат темирга болға ургандек бири калтагини кўтарганда иккинчиси калтаги билан урар эди. Шу зайл бўйнимдан тортиб белимнинг пастига қадар калтак билан савалашар эди. Баданимдан қон сачрар, узилган гўшт ва тери парчалари турли томонга отилар эди. Оғриққа чидаб бўлмас эди. Бироқ, ўшанда менда чунон куч ва чидам пайдо бўлдики, у золим ваҳший палидлар олдида додлаш ва йиғлашдан номус қилар эдим, мардоналик билан амалдорларга тик боқар эдим.

Калтаклаётганларида яқинроқ турган мулла ва амалдорлар бошимга, бетимга мушт туширишар эди.

Бир вақт мирғазаблардан бирининг “етмиш беш” деган овози эшитилди. Бу сон амирнинг калтак жазосидаги энг катта ва сўнгги сон эди. Қушбегининг ишорати билан мирғазаблар калтаклашни тўхтатдилар. Мени у кишининг орқасидан туширишди. Тик туриш ва оёқ босишга мажолим йўқ эди, зиндонбонлар кўтариб олиб қайтишди. Яна мени “обхона”га ташлашди”.

Машҳур адиб Садриддин Айний ўз “Эсдаликлар”ида тасвирлаган бу воқеа Бухорода Саид Олимхон ҳукм­ронлиги пайтида тараққийпарварларга қарши амалга оширилган муд­ҳиш жазо эди. Аёвсиз таёқлар зарбидан орқаси тилка-пора бўлган, ўлар ҳолатга етган адибни дўстлари Бухородан яширинча олиб чиқиб кетадилар ва у Самарқандда даволаниб ҳаётга қайтади.

Ҳа, йигирманчи аср эрксеварларининг кўрмаган даҳшатлари-ю мус­таҳиқ этилмаган жазолари қолмаган эди…

Мухтор Худойқулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + ten =