Хатар ўчоғидан севинч қучоғигача…

“Hurriyat” мухбирлари карантин зонасида бўлиб қайтишди

Дунёда коронавирус пандемияси бошланганига олти ой бўлди. Лекин бу олти ой бир неча йилларга сабоқ чиқарадиган ишларни инсоният ўтмишига муҳрламоқда. Қўрқув, хатар, бесаранжомлик, ўз тана аъзоларинг билан ўзгача мулоқот – булар ҳаммаси коронавирус сабаб юзага чиққан ҳолатлар, ҳислар, кечинмалар.

 Бугун олам аҳли коронавирус вакцинаси кашфиёти ҳақидаги хабарни  жон  қулоғи билан эшитишга шай турибди. Бироқ на ирқ, на миллат, на бой, на камбағал, на ёшу қари танламайдиган ушбу ёв ҳар бир инсонни огоҳликка чорламоқда.  Кузатувчи бўлиб ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Вирусга чалинмасликни ҳамма хоҳлайди, бироқ у бизнинг хоҳишларимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Шу боис ҳар биримиз, ҳар дақиқа вирусга қарши курашга маҳкуммиз.

Огоҳ бўлишимиз шарт. Аввало ўзимизни, яқинларимизни бу хавф -хатардан муносиб ҳимоя қилолсак, шифокорлар неча ойки қулоғимизга қуяётган, деярли ёд бўлиб кетган тозалик, озодалик ва гигие­ник талабларни бекам-у кўст адо этсаккина бу дардни енгишимиз мумкин.

Сўнги маълумотларга қараганда, ер юзи аҳолисининг 5 520 000 (беш миллион беш юз йигирма) мингдан ортиқ нафари ушбу касалликка чалинган. Жорий йилнинг 15 мартида республикамизда COVID-19 вирусига чалинган илк бемор аниқланган эди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида тезкор чора ва тадбир кўрилди. Бу эса  ён-қўшниларимиз ва бошқа давлатларга нисбатан, Ўзбекистонда касалланиш даражаси юқори бўлмаслигини таъминлади. Ўлим кўрсаткичи кескин кам эканлиги бошқа мамлакатлар қаршисида, Ўзбекистон ҳукумати, ўзбек тиббиёти нимага қодирлигини намойиш этди, кўз тегмасин!.

Мамлакатда карантин чораларини қатъий тартибда жорий этиш, ҳар бир фуқаро гигиена қои­даларига бекаму кўст амал қилиши, агар амал қилмаган тақдирда жаримага тортилиши белгиланиши ҳақидаги Ҳайъат қарорлари  аҳоли саломатлигини сақлаш, вирусга Ўзбекистон дарвозаларини ланг очиб бермаслик учун муҳим омил бўлди.

Айтиш керакки, халқимиз маданиятли, маърифатли миллат вакиллари эканини яна бир бор намойиш этишди (атайлаб карантин ҳолатига қарши борган баъзи “сэлфи”чилар, “шов-шув”чилар — улар кўча болалари, ўттиз уч миллиондан ортиқ аҳолиси бор мамлакатдан тўрт-бешта чиқади-да). Муҳими, халқимиз истаса жипслаша оладиган, тартиб-интизомли, уйда ўзини яккалаб яқинларини, қариндош-уруғларининг хавфсизлигини таъминлаб, мустаҳкам миллат эканини кўрсатмоқда.

Ҳукуматимиз қатъий чора-тадбирлар кўриб, қисқа вақт ичида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ўзида 20 800 кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси қурилиши бошланди. Ҳозирги кунда ушбу зонада 12 314 нафар фуқаро карантинда сақланмоқда.

Карантин зонасига кирар эканмиз, бир километрлар чамаси узоқликда жойлашган 12 ИИБ постида илк текширувдан ўтдик. Мақсадимиз олий ва ўрта тиббиёт ходимлари, Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари вакиллари ҳамда давлат хавфсизлик хизмати гуруҳининг халқимиз саломатлиги йўлида қилаётган фидокорона хизматини газетамиз саҳифасида ёритиш эканини айтганимиздан сўнг, пост­дагилар зонада фаолият олиб бораётган Республика штаб-квартираси билан боғланишди. Бир зумда барча хавфсизлик чоралари кўрилган, махсус дезинфекцияланган “Дамас” автоуловида Юқори Чирчиқдаги карантин зонаси Республика штаб-квартираси бошлиғининг ўринбосари Низомиддин Ғаффоров етиб келди.

Асосий постда машинадан тушдик. Обдон текширувдан, яъни назоратдан ўтдик. Ҳатто автоуловнинг ғилдирак­лари оралиғигача махсус ускуналарда кузатувдан ўтказилди. Сўнг карантин бўлинмасига киришга рухсат берилди.

Карантин зонасида ҳар бир блок ораларидаги йўл ва йўлаклар дезинфекцияланган, атроф тоза ва озода эканлиги эътиборни тортади.    У 15 блокдан иборат. Бу ерда хориждан чартер рейсда олиб келинган фуқаролар, улар билан мулоқотда бўлганлар, мамлакатимиз ҳудудида коронавирусга чалинган беморларнинг яқинлари ва ҳамсуҳбат бўлган аҳоли вакиллари  вақтинча сақланади. Улар доимий равишда тиббиёт ходимлари назоратида бўлишади. Вақтинча карантинга олинганлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Блок­ларда профилактик муолажа учун махсус хоналар мавжуд бўлиб, ҳар бир хонада тўртта каравот, стол-стул, кондиционер, музлатгич ва чой қайнатиш учун “Тефаль” чойнаги, шунинг­дек, ювиниш хонаси мунтазам ишлаб турибди. Ҳар бир хонадан чиқиндилар учун қувурлар туйнуги олиб ўтилган.

Махсус ошхонада эса пойтахтимиздаги “Версаль” ва “Наврўз” ресторанлари ошпазлари уч маҳал таом тайёрлашади. Шунинг ўзидаёқ шарт-шароит қай даражада эканлигини тасаввур қилиш мумкин. Таомлар тиббий профилактик чоралар кўрилган махсус идиш­ларда барча хоналарга етказилади.

Бундай чора-тадбирларнинг бош мақсади, биринчи навбатда аҳолининг тинчлиги, саломатлигини сақлаш, ушбу синовдан ортиқча талафотларсиз, эсон-омон ўтиб олишдир. Шундай экан, карантинга олинган ҳар бир фуқародан 14 кун сабр қилиш орқали белгиланган кўрикдан ўтиб, ўз оила-аъзоларини, қариндошларини, қўни-қўшнисини, қолаверса, бутун халқимизни мудҳиш хавфдан асраб қолишда кўмак кўрсатиши талаб этилади.

— Ушбу зонада карантиндагилар сони доимий ўзгариб туради, чунки ҳозирда коронавирус пандемиясига чалинганлардан кўра соғайганлар сони кун сайин ошиб бораяпти, — деди штаб-квартира жойлашган хонага бораётганимизда Юқори Чирчиқдаги карантин зонаси Республика штаб-квартираси бошлиғининг ўринбосари Низомиддин Ғаффоров. —Бўлимда 5 нафар врач, 10 нафар ўрта тиббиёт ҳамшираси, 5 нафар буюртмачи, 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, дезинфекцияловчилар ва умумий ишчилар хизмат қилади. Улар карантиндагилар учун кечаси-ю кундузи хизматда. Карантиндагиларнинг ҳарорати кунига икки марта ўлчанади ва ҳар беш кунда коронавирус тестидан ўтказилади.

Вирус тарқалишининг кичик эҳтимолини ҳам бартараф этиш учун озиқ-овқатлар фақат бир марталик идишларда берилади. Ҳар бир хонанинг олдида ҳовли бор, ундан тоза ҳаводан нафас олиш, спорт билан шуғулланиш учун фойдаланилади. Бу ерда ишлайдиган ҳар бир ходим коронавирус инфекциясини юқтириш хавфининг бирламчи босқичида туради. Чунки, ҳар бир дақиқада биз маълум маънода карантиндаги одамлар билан алоқада бўламиз, уларнинг айримларида афсуски, коронавирус аниқланмоқда.

Вазифамиз ўз бурчимизда қатъий туриб, одамларга яқиндан ёрдам бериш, уларга ғамхўрлик кўрсатишдир. Энг муҳими, шифокор эҳтиёткор бўлиши ва қўрқмаслиги лозим, — дейди Н. Ғаффоров.

* * *

Карантин зонасида Республика штаб-квартираси хонасига борганимизда биз штаб бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Камолхўжа Эшназаров билан учрашдик. Суҳбатимиз карантин зонасида яратилган шароитлар ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бўлди.

 — Коронавирус пандемияси манаман деган давлатларнинг ҳам қўл-оёғини боғлаб қўйди. Олдинга интилиш учун ортга қарашга мажбур бўлишмоқда. Мамлакат  раҳбари томонидан олиб борилган амалий ишлар натижасида Юқори Чирчиқ карантин зонаси барпо этилди. Зонанинг имкониятлари, биздаги шароитларнинг афзалликлари ҳақида гапириб берсангиз?

— Ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракати билан коронавирус пандемиясига қарши кенг кўламли ишлар амалга  оширилмоқда. Дунё давлатлари касалликни даволашда вакцина яратиш ишларини бошлаганда, бизнинг давлат ўзгача йўл тутди, яъни касалликнинг олдини олиш чораларини кўрди. Мен буни болани она қорнидаёқ тарбиялаш яхши натижа беришига ўхшатаман. Карантин ҳудуди ташкил қилиниши оқилона иш бўлди. Дейлик, Буюк Британия ҳукумати энди хориждан олиб келинадиган фуқароларини 14 кунлик карантинда сақлаш ҳақида қарор чиқарди. Бизнинг давлатимиз илк бор касаллик аниқланган кундаёқ бу ишни бошлаган эди.

— Айтинг-чи, нега айнан Юқори Чирчиқ карантин зонаси барпо этиш учун танланди?

 — Юртбошимиз барча кўрилаётган чора-тадбирларга бош-қош бўлмоқда. Карантин зонасидагилар, аввало, ўзларида касаллик бор-йўқлигини аниқлаб олиш баробарида ҳавоси тоза бўлган ҳудудда яшайди. Тоғнинг ён-бағрида, адирликда жойлашган карантин зонаси, гувоҳи бўлганингиздек, ҳавоси тоза ва сўлим. Бундай ҳаводан нафас олган ҳар қандай бемор ҳам, албатта шифо топади.

Бундан ташқари, энг ривожланган Европа  давлатлари ҳам вақтида касалликка етарлича баҳо беришмаганлиги оқибатида қийин аҳволга тушиб қолишгани маълум. Уларда махсус зоналар қурилмаганидан мавжуд стадионлар, меҳмонхоналар, бош майдонлар касалхонага айлантирилди. Ҳатто кўпчилик қудратли деб биладиган Америка Қўшма Штатлари ҳам касалликка чалинган беморларни шу кунгача фаолият юритиб келаётган шифохоналарга сиғдиролмай қолди. Алалоқибат, барча давлатлар карантин зоналари барпо этишга мажбур бўлмоқда.

Давлатимизнинг карантин зонасини қуришдан асосий мақсади  ҳам коронавирус пандемиясининг олдини олиш, мамлакат миқёсида кенг тарқаб кетмаслиги чораларини кўришдан иборатдир.

— Бизга маълумки, хориждан келган тиббиёт ходимлари ҳам бу ҳудудда бўлишган эди?

— Хитой   халқ республикасидан келган тиббиёт вакиллари карантин ҳудудида бўлишди ва аҳоли учун яратилган имкониятларни юқори баҳолашди. Ҳатто Хитойда ҳам бундай шароит яратилмаганини тан олишди.

Ҳамма шароит етарли. Айни пайт­­да 21 та блок ишга тушган. Ҳар битта блокда 7-9 тагача қатор бор. Ҳозирда 16 минг аҳолини сиғдириш имкониятига эга, аввало, Худо кўрсатмасин, лекин эҳтиёт шарт, агар касалликнинг «иккинчи тўлқини» бизга ҳам таъсир этса, блокларнинг сиғимини янада ошириш, 20 минг нафардан ортиқ карантинга олинган аҳолини жойлаштиришга имкон етарли. Олдиндан чора кўриш мақсадида қурилиш ишлари тўхтаб қолгани йўқ.

— Блоклардаги хоналар нечта одамга мўлжалланган?

— Гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш мақсадида ҳамда карантин даврида уларнинг ёлғизланиб қолишининг олдини олиш учун ҳар битта хонага 4 нафар одам жойлаштирилган.

Аҳолини карантин ҳудудига жойлаштиришдан олдин  лаборатория таҳлиллари ўтказилади. Касаллик белгилари бўлмаган инсонларгина жойлаштирилади ва кимдаки, коронавирус белгилари аниқланса, дарҳол алоҳида изоляторга олинади. Келганига 14 кун бўлган фуқароларни уйга жавоб беришдан олдин яна бир бор таҳлиллардан ўтказамиз. Турли вазиятлар бўлиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда карантин ҳудудида кечаю­-кундуз “Тез ёрдам” тиббий машинаси шай туради.

Карантинда сақланаётганлар орасида коронавирус аниқланса, ўша заҳоти махсус шифохоналарга етказилади. Бугун бу ерда шифокорлардан ташқари, Миллий гвардия, Ички ишлар, ДХХ, Транспорт вазирликларининг ҳамда  Тошкент шаҳар ҳоки­мияти томонидан  бириктирилган кўп­лаб юртдошларимиз тунни кунга улаб хизмат қилмоқда.

— Айни пайтда қанча одам карантинда сақланмоқда?

— Ушбу ҳудудда  (22 май кунги маълумот) 12 минг 314 нафар фуқаро бор, шунингдек, Туркия давлатидан cамолётда чартер рейс билан олиб келинган фуқароларимизни текширувдан ўтказиб, жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу рақамлар ҳар куни ўзгаради. Бир дақиқа бўлса ҳам иш фаолияти тўхтамайди. Уларнинг соғлигига, тинчлигига, хавфсизлигига жавобгар  тиббиёт ходимлари доимо сергак, тиббий дори-дармонлар билан қуролланган ҳолатда шай туришади.

Яна шуни таъкидлашни истардикки, бизнинг давлатимиз карантинда вақтинчалик назоратдаги инсонларнинг икки ҳафта давомида сақланиши, еб-ичиши, тиббий хизматлар  кўрсатиш, ҳамда коронавирусга чалинган беморларни бепул даволамоқда. Ўзингизга маълум, жуда кўп давлатларда даволаш ишлари пуллик, суғурта қилинганлар даволаниш учун белгиланган сумманинг ярим баҳосини тўлашса, суғурта қилинмаганлар юз фоиз пулини тўлаб, сўнг муолажа қилинмоқда.

Айтиш керак, карантин зонасини фуқароларимиз илк бор кўриб, билиб туришибди. Кўникиши бироз қийин кечаётгани рост, аммо яратилган шарт-шароитлар билан танишгач, Президентимизга раҳмат айтишмоқда.

Одамлар автобусдан туширилиши билан  шифокорлар дарҳол ўз вазифаларини бажариш учун уларга юзланади. Улар орасида, албатта, аллақачон вирус юқтирганлари ҳам бўлади. Гарчи ҳимоя воситаларида бўлса ҳам, бемор билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш осон эмас. Шифокорлар ҳам тирик жон. Бугунги фаолия­тим давомида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, шифокорларимиз фидойи, ўз касбини севиш билан биргаликда, жасоратли инсонлар эканлигини амалда намойиш этишди. Президентимиз ҳам ўз нутқида соҳа ходимларини: “Бугунги кун қаҳрамонлари”, дея таърифлаганининг ўзиёқ касбимизга бўлган чуқур ҳурмат белгисидир.

— Юқорида айтилганидек, мамлакатимизда вирусга чалинган илк бемор аниқланган кунданоқ унинг олдини олиш чоралари кўрилганди. Барчани ҳушёр бўлишга чақирилди. Сиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бош­қармаси бошлиғи сифатида, айтинг-чи, бунга тиббиёт ходимларининг муносабати қандай бўлганди?

— Коронавирус пандемияси аниқланганданоқ, Президентимиз топшириғи билан ушбу касалликнинг олдини олиш ва ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш мақсадида ўта муҳим фармон ва қарорлар имзоланди. Ҳамма ишлар босқичма-босқич бажарилди. Биринчи навбатда, касаллик аҳоли орасида кенг ёйилиб кетишининг олди олинди.

Бугун шифокорларимиз нафақат ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан, балки инсонийлик фазилатларидан келиб чиқиб ҳам меҳнат қилмоқда. Ҳар бир касб эгасининг ватанга бўлган муҳаббати синовли кунларда билинади, албатта. Шифокорларимизнинг аксарияти “бориб ишлашга мажбурсан” деган сўзни кутиб ўтиргани йўқ. Ўз  ташаббуси билан ишлаш истагини билдиришган.

* * *

Албатта, биз журналистларга хос “касаллик” шуки, қайси жойга бормайлик, кўпроқ маълумот олишни, одамлар билан янада кўпроқ суҳбатлашишни истаймиз. Мавзунинг, масаланинг ичига чуқурроқ киришни хоҳлаймиз. Шу боис, биз ҳам карантин зонасидаги, айниқса, узоқ юртлардан чартер рейслари орқали олиб келинган юртдошлар билан гарчи бу хавфли эканлигини билсак-да, суҳбатлашишни истадик.

Аммо … карантин зонаси раҳба­рияти бунга рухсат беришмади. Қатъий тартиб, интизом шуни тақозо этишини билдиришди.

— Биз сиз журналистлар соғлиғини хатарга қўйишни истамаймиз, де­йишди ҳазил-чин тарзда. Чин дилдан ташаккур билдирдик уларга!

Биз безовталик, хавф-хатар масканидан чиқар эканмиз, бу ердаги ҳар бир юртдошимиз хатар ўчоғидан оиласи қучоғига эсон-омон қайтишини астойдил тиладик. Чунончи, ҳар биримиз, яхши ниятлар билан дунёда яшаб юрибмиз. Эртани ҳар биримиз соғиниб ва севиниб кутишга ҳақлимиз. Зеро, инсон деган матлабни оқлаб яшаш учун биз соғлом ва омон бўлишимиз шарт.

Юсуф Жўраев,

Феруза Раҳимова,

«Hurriyat» мухбирлари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =