«Газеталар шарҳи» қайта тикланса…

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси эътиборига

Эслайсизми, бир пайтлар Ўзбекистон телевидениесида эрта тонгдан эфирга узатиладиган “Газеталар шарҳи” деб номланган кўрсатув бўларди. Уни нафақат матбуот соҳасига қизиққанлар, балки ёши, касби-коридан қатъи назар барча бирдек меҳр билан томоша қиларди. Ушбу кўрсатувнинг илк бошловчилари юртимизнинг таниқли журналистлари Аҳмаджон Мелибоев, Шуҳрат Жабборов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳрор Аҳмедов, Камол Матёқубов сингари устоз журналистлар эди.
“Газеталар шарҳи” кўрсатуви гарчи бундан 20 йиллар аввал ташкил этилган ва у эфирга чиқмаётганига ҳам 15 йиллар бўлганига қарамай, нега у ҳамон кўпчиликнинг эсида? Чунки, унда мамлакатимизнинг турли нашрларида эълон қилинган энг долзарб мақола ва хабарлар ўша куниёқ шарҳланар эди. Бутун халқимиз ҳар куни мамлакат матбуотида чоп этилган мақолалардан тезкор воқиф бўларди.

— 1997 йилда “Газеталар шарҳи” кўрсатувида эфирга чиққанман. Олдимизга қўйилган вазифа — газеталарда чоп этилган жиддий танқидий-таҳлилий мақолаларни имкон даражасида кенгроқ аудиторияга етказиш эди. Кўрсатувга 15 дақиқа вақт ажратилганди, биринчи беш дақиқада мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар шарҳланса, қолган вақтда асосан танқид ва таҳлилга эътибор қаратардик”, — дейди “Адолат” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамро. — Бизнингча, кўрсатув, албатта, ўзини оқлаганди. Агар оқламаганда бугун “ёпилиб” кетганига анча йиллар ўтган бўлса-да, ушбу кўрсатувни эсга олармидик?! Ўзингизга маълум, эфирдан олиниб, шу кунгача ҳеч ким эсламаётган кўрсатувлар сонини тўпласа борми, бутун бошли битта китоб бўлади.
Дарҳақиқат, ўша йилларда ЎзТВда “Газеталар шарҳи”дан бошқа “жонли эфир” бўлмаган ҳисоб. Ҳар куни эрталабки “Ахборот”дан сўнг “Ўзбекистон” каналида жонли эфирда “Газеталар шарҳи” берилган. Шубҳасизки, барча мухлислар қатори, катта-кичик амалдорлар ҳам ушбу кўрсатувни томоша қилишган. Унинг тонг­­ги дастурга қўйилгани эса катта ютуқ бўлган, негаки, ҳаммага “Газеталар шарҳи”ни кўриши учун қулай вақт. Ўз-ўзи­дан равшанки, “Шарҳ”да тилга олинган яхши, долзарб мақолаларни топиб ўқишга ҳаракат қилинган.
Ижтимоий мавзуга оид танқидий-таҳлилий мақолалар “Шарҳ”да тилга олиниб, муаммоларга тезкор ечим топилган. Бу ҳукуматга анча кенг имконият яратгани ҳам бор гап.
Хўш, шунча яхши, зўр экан, ушбу кўрсатув нега ёпилган?
Эҳтимол, кўрсатув ўша пайтда кимларгадир ёқмагандир ёки бошқа сабаб бўлгандир. Бугун бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими, нима бўлган тақдирда ҳам, у яна экранга қайтса, савобли иш бўлур эди.
— Ўтган йили “Маданият ва Маърифат” телеканали “Газеталар шарҳи”ни яна эфирга қайтарамиз, деб лойиҳа бошлашди. Ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш учун мени чақиришди. Бир нечта кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатдик. Лекин, негадир кўрсатув яна тўхтаб қолди.
Яхши ҳаракат бош­ланганди, нима бўлганда ҳам тўхтатмаслик керак эди, — дейди Ислом Ҳамро.
Республика нашрларининг бирида вилоят мухбири бўлиб ишлаган, бугунги кунда устоз журналистлардан бири бўлган ҳамкасбимиз шундай дейди: “2000 йилларда ҳатто ўзим ишлаган “Ўзбекистон овози”да қандай мақолам эълон қилинганини дастлаб, “Газеталар шарҳи”дан билиб олардим. Вилоятларда ҳам ушбу кўрсатувнинг обрўси баланд эди”. — Кўриниб турганидек, одамлар вилоятга газеталар ҳали етиб бормасидан олдинроқ уларда қандай мақолалар эълон қилинганидан хабардор бўлишган. Бу кўрсатувга қизиқиш шу қадар кучли бўлганки, одамлар ҳар тонг соат 08.00 бўлишини кутиб ўтиришарди. Аввал “Газеталар шарҳини” кўриб, сўнг ишга боришарди. Телевидениенинг катта ютуғи ҳам “Ўзбекистон” каналида ана шундай долзарб кўрсатувлар борлигида эди, — дейди устоз журналист Қурбон Эшматов.
Ўтган даврда ошкоралик, шаффофлик йўқлиги сабаб, одамларда хадик кучли эди. Айт­моқчи бўлган гапини аввал ўйлаб олиб, танишларидан фикр сўраб, шунда ҳам “қоғозга ўраб” айтарди. Бугун Президентимиз очиқлик, ошкоралик, эркин фикр­лаш ғоясини илгари сураяпти. Нега ОАВлари ҳалигача бу имкониятдан фойдаланишмаяпти?
Бунинг устига аксарият хусусий телеканаллар аскиябозликка ўтиб кетишгани ачинарли. Туну кун эфирда беўхшов қилиқлар, сифатсиз қўшиқлар, на ғарбча, на шарқча рақслар бериб борилади. Айниқса, қизиқчиларнинг кўча ҳазиллари, умуман, шунга ўхшаш сафсатабоз кўрсатувлар кўпчиликнинг бадига урди. Ҳозирда кўпчилик Ўзбекистондаги айрим хусусий каналларни кўрмай қў­йишгани ҳам бежиз эмас. Чунки, бу кўрсатувлар кўчада ялло қилиб юрадиган “селфи”чиларга мўлжалланган. “Ҳа-ҳа, ҳо-ҳо”дан бошқа нарса эмас.
— Истардикки, Ўзбекистон Миллий телевидениесида “Газеталар шарҳи” яна эфирга қайтса, қайта тикланса, телевидениемизнинг мавқеи янада ошарди. Жиддий, таҳлилий кўрсатувлар жамиятдаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда муҳим манба бўлиб қоларди. Назаримизда, айрим мутасаддилар бугун босма ОАВ “яшаб қоладими, йўқми”, деб фол очиб ўтиргандан кўра, барча имкониятларни ишга солиб, ТВдан фойдаланиши шарт ва зарур, деб ўйлайман, — дейди таниқли публицистлардан бири Ёқубжон Хўжамбердиев биз билан суҳбатда.
Ҳозирги кунда “Ўзбекистон-24” радиоканалида газеталар шарҳи бериб борилаяпти. Бу қувонарли, албатта. Радионинг ҳам тингловчилари жуда кўп. Аммо телевидениенинг ўрни барибир бўлак.
Энди ўйлаб қарасам, мени ҳам матбуот соҳасига қизиқтирган, қўлимга қалам олишга ундаган асли “Газеталар шарҳи” кўрсатуви бўлган экан. Мамлакатимиздаги муаммоларни ёритувчи журналистлар жасоратига ҳавас уйғотган, улардек халқ корига яраш иштиёқини пайдо қилган. Мана, бугун баҳоли қудрат етук журналистлар сафида фаолият юритаяпман. Ҳар ҳафтада бўлмаса-да, кам деганда ҳар ойда бир-иккита кўпчиликнинг қизиқишини уйғотадиган, ўзимга ҳам маъқул бўлаётган мақолаларим, очеркларим эълон қилинмоқда.
Аммо ТВда “Газеталар шарҳи” йўқ…
Қолаверса, 15-20 йиллар олдинги вақтга солиштирганда адади анча-мунча камайиб кетган, аммо варақлаб кўрсангиз, ҳамон жуда долзарб, ҳаётий мавзуларни дадил кўтариб чиқаётган “Халқ сўзи”, “XXI аср”, “Ишонч”, “Жамият”, “Hurriyat”, “Оила даврасида”, “Миллий тикланиш” сингари нашрларни ТВ каналлари орқали шарҳлашни даврнинг ўзи тақозо этмаяптимикин?!
Қачонки, почта ва бошқа матбуот етказувчи ташкилотлар нашрларни узоқ вилоят, шаҳар ва туманларга ҳафтада ҳам етказиб бермаётган, коронавирус пандемияси туфайли бу аҳвол янада мураккаблашган пайтда, бу кўрсатув ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб, савобли иш қайта тикланган бўлар эди.

Феруза Раҳимова,
“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 16 =