Юз йиллик орзу

(ёзувчи Исажон Султон ва Хондамир Қодирий суҳбати)

Биз миллат ҳақида, миллий қадриятлар ҳақида гапирганда ўз-ўзидан Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий ва Фитратларни эсга оламиз. Чунки, улар миллатни асл кўриш, адл кўриш учун куюнганлар. Шу миллатнинг тили, адабиёти учун ва унинг таг-замиридаги мазлумият ва маҳрумиятлари борасида қайғурганлар. Улар софлиги учун курашган тилда биз гапирамиз, жадидларимиз очган мактабларда бизнинг ота-боболаримиз илм олишган, улар келтирган озодликни юракларимизда кўтариб юрибмиз.
Қуйида ёзувчи Исажон Султон ва Қодирий шажарасининг давомчиларидан бири Хондамир Қодирий қурган суҳбатни сиз муштарийларимизга илинар эканмиз, асрий жумбоқларнинг асл жавобини топгандек бўламиз.
Исажон Султон: — Хондамир ака, сиз билан улуғ адибимиз Абдулла Қодирий асарлари, қаҳрамонларининг феъл-атвори, у зот яшаган муҳит, шунинг­дек, улуғ адиб ёдининг тикланиши, уй-музейи очилиши каби мавзуларда ўзаро кўп гаплашганмиз. Шукрки, мамлакатимиз Президентининг юксак эътибори билан Қодирий хотирасини абадийлаштириш ҳақида қарор имзоланди, адиб уй-музейи, у кишининг номидаги боғ ва ижод мактаби очилди. Авваллари шу мавзуда бир суҳбат қилайлик десам, ҳали эрта дер эдингиз. Энди суҳбатлашсак бўладими?

Хондамир Қодирий: – Ҳа, энди мавриди келди. Уй-музей масаласи адиб оқланганидан, яъни 1956 йилдан буён давом этиб келган масала. Отам, яъни Абдулла Қодирий бобомнинг фарзанди Ҳабибулла Қодирий ҳам, амаким Масъуд Қодирий ҳам шу орзуга етолмай дунёдан ўтишди. Бу иш йилдан-йилга сурила-сурила, ниҳоят, 2019 йилда насиб қилди. Авваллари суҳбатга эрта деганим… Ҳақиқатан тушунарсиз ҳолат эмасми: Абдулла Қодирий хотираси ҳар йили эсланади, роман ва ҳикоялари мактабларда ўқитилади, олимлару тадқиқотчилар илмий ишларга мавзу қилиб олишади, диссертациялар ёқланади, асарларидаги ҳикматли сўзлар, шахслар, қаҳрамонлар мисол қилиб келтирилади, бироқ у киши яшаган уйни зиёратгоҳга айлантириш, у муҳитни ўз кўзи билан кўриб, юрагида ҳис қилишни истаган қанча кишиларнинг истаги рўёбга чиқмай тураверарди. Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол… Бир нима дей десангиз, яна ноқулай эди-да.
Очиғи, ҳукумат қарори чиққанидан кейин ҳам ҳадиксираб юрдим, аввалгидай лоп этиб тўхтаб қолса-я, деб. Аммо елкамдан икки қанот ўсиб чиққандек эди. Бир халқнинг гултожи бўлмиш ёзувчи оиласи кўп йиллар азият чекканига нимаям дея олардим? Ўзингиз ҳам гувоҳсиз, уй-музей очилиши тантанали тўй бўлиб кетди! Қараб кўзларимга ишонмайман. Мен танийдиган ҳукумат аъзолари, атоқли олимлар, зиёлилар, адиблар қаторида турли ҳудудлардан келган тумонат кишиларни кўриб, тўлқинланганимдан титрайман денг.

Исажон Султон: — Сизнингча, музей очилиши нега бунча чўзилиб кетди?

Хондамир Қодирий: — Бунинг оғир, изтиробли сабаблари бор. Лекин шуни айтиб қўйишим керак: у сабабларнинг ҳукуматга ёки айрим кишиларга сира алоқаси йўқ. Биз ўзингиз билганингиздай камсуқум оиламиз, эл қатори яшаб юрибмиз. Уй-музейни ўз ҳолимизча ўн йилда ҳам тиклай олмасдик, албатта. Лекин шуни айтаманки, турли сабабларга кўра орқага сурилиб келаётган бу иш рўёбга чиқиши учун кўп елиб-югурдик. Ҳар сафар энди битди деганимизда лоп этиб бир нима чиқиб қолар, яна иш мавҳумлигича қолиб кетаверарди. Ҳафсаламиз пир бўлиб, шаштимиз сўниб қайтар, анчадан кейин яна ўзимизда куч топиб, яна бош уришларда давом этардик. Эндиликда бизнинг елиб-югурганларимизнинг, нималар қилганимизнинг аҳамияти йўқ, чунки у кунлар ўтди-кетди, орзулар рўёбга чиқди.
Бу ишларнинг амалга ошишида, аввало, Президентимиздан, Бош вазиримиздан, адиб ҳамда Президентимиз маслаҳатчиси Хайриддин Султоновдан, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиддан, “Маънавият ва маърифат”маркази раҳбари, ажойиб шоир Минҳожиддин Мирзо ҳамда Маданият вазирлиги мас­ъулларидан, кўплаб олим ва зиёлиларимиздан миннатдорман. Уларга оиламиз номидан раҳмат айтаман. Изтиробга тушиб юрган пайтларимизда “Тушкунликка тушманг, сабр қилинг, ҳаммаси яхши бўлади” деб таскин бериб, кўнг­лимни кўтаришган пайтлари кўп бўлган. Уй-музей ва бобомиз номидаги боғ таъмирланишида Бош вазиримиз ўзлари бош-қош бўлиб, ҳар бир тафсилотларигача муҳокама қилиб, таклифлар берди. Масалан, 1937 йилнинг охирги куни, ярим кечаси шу хонадонга НКВДчилар кириб келиб, Қодирийни оила бағридан юлиб олишган тун. У кишининг ўша пайтдаги хонасини, жиҳозларини аслидагидек қолдириш ҳақида гап бўлди. Қурилганига яқин юз йил бўлган бинони таъмирлаб, эски кўринишга келтириш осонми? Энди кирсангиз, бирданига тасаввур уйғониб кетади. Отам Ҳабибулла Қодирий у пайтда йигирма яшар бўлиб, эсини таниганидан бери оила қисматига оид жамики катта-кичик воқеа-ҳодисалардан хабардор эди. Булар отамнинг “Қодирийнинг сўнгги кунлари” асарида батафсил баён қилиб берилган.
Уй-музей очилишига қаршилик бўлмаган-у, бироқ фикрлар бир жойдан чиқмагани ҳақиқатга яқин. Лекин баъзилар тихирлик қилишганида, мен юқорида тилга олиб ўтган ва номлари дафъатан бу рўйхатга кирмаган яхши кишилар “Қодирий сизга керак бўлмаса, ўзбек халқига керак” деб қатъий туриб олишганига гувоҳман. Яна бир жиҳати, ҳовлимизда анча-мунча оила тиқилишиб қолган эди. Муаммолар ҳал бўлди, барчанинг кўнглига қараб, нима зарур бўлса муҳайё қилиб берилди. Ҳақ қарор топди. Ўйлайманки, Қодирийнинг руҳи шод бўлди, келувчи-кетгувчиларнинг охири кўринмайдиган шу кунларда уларнинг дуолари бобомиз руҳига етиб турганига ишонаман.
Қодирийнинг сўнгги суратини эслайсизми? Унинг юз-кўзидаги оғир изтироб турма машаққати туфайлигина эмас эди, деб ўйлайман. Она юрт мустамлака зулматига чўмар экан, милтираб турган ёлғиз умид – соф она тилимиз бағридаги мусаффо ўзбек руҳиятини сақлаб қолиш дардида ёнганини, мабодо у барҳаёт умид чироғи сўнса нима бўлишини ўйлаганмикин? Армонга айланган миллат орзуси, эл-юрт қайғуси — барчаси шу нигоҳда жам.
Буларнинг барчаси эл-юрти, дину диёнати учун шаҳид кетган адибини эслатиб турадиган, у зот руҳига кўпдан-кўп хайру саховатлар ва дуолар етиб туриши учун сабаблардир. Мен ўзим улуғларимиз мақбараси қошида “Қара-я, орадан шунча асрлар ўтганига қарамай, бу зиё­ратгоҳлар атрофидан одам аримайди, ҳаққига дуолар тинмайди” деб ҳавас қилардим. Шундай хайрли қисмат Қодирий бобомизга ҳам насиб этганидан хурсанд­ман.

Исажон Султон: — Қодирий ёдининг тикланиши маънавиятимиз юксалиши учун қилинаётган кенг миқёсли ишларнинг муҳим бир қисми аслида. Чунки, улуғ адиб шу элнинг, шу маънавиятнинг хизматкори эди. Яқинда эса “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ўзбек халқининг нураб бораётган ўзак устуни тиклаб қўйилди. Бу – Қодирий ва унинг сафдошларининг, мухлисларининг, боягина тилга олиб ўтганимиз ота-боболаримизнинг, жувонмарг кетган юзлаб зиёлиларнинг орзуси эди-ку?

Хондамир Қодирий: — Тил софлиги деганда унинг руҳини ҳам назарда тутиш керак менимча. Шундай ҳолатлар ҳам борки, қарасангиз, гўё ўзбекча, аммо руҳи тамоман бегона. Бошқа тиллардан ўзбекчага ўгирилган матнларда бу ҳолат кўп учрайди. Айни муаммолар ҳақида Қодирий дўсти Ғози Юнусга юборган мактуб­ларида куюниб ёзган. Тил қуёши ботса миллат қуёши ҳам ботади дейишган. Бу гапни терсига ўгириб кўрсак, тил қуёши порласа, миллат қуёши ҳам порлайди деган мазмун чиқади.
Гап биргина Абдулла Қодирий эмас, барча зиёлилару адибларга бирдай тегишли мавзуда, яъни дунёга дарс берган қадимий маданият, оламдаги тамал тиллардан бири бўлмиш она тилимиз учун жон куйдириш ҳақида кетмоқда. Яна бир мисол келтирай: 1918 йилда ўзбек тили Туркистон мухториятининг расмий давлат тили деб эълон қилинади, бироқ, бу қарор қоғозда қолиб кетаверади. Бир йилдан сўнг, 1919 йилда “Иштирокиюн” газетасида Кабир Бакирнинг тил ҳақидаги “Шоёни табрик бир одим” мақоласи эълон қилинади. Ўқисангиз, ёқа ушлайсиз: “Туркистонда турк тилининг давлат лисони этилуб эълон қилинурина йилға яқин вақт ўзуб кетган бўлса-да, воқеада бу иш ҳеч бир тариқа амалга қўйилғани йўқ эди. Бошқа ҳукуматлар бир тарафда турсин, миллий ишлар комиссарлиғи каби Туркистондаги маҳаллий халқға энг яқин бўлурға тегишли бир маҳкамада била шу кунга қадар на бир прўтўкўл ва на-да комиссариатнинг бошқа ишлари ёзилмас эди…” деб ёзади у.

Исажон Султон: — Ҳа, юз йиллик орзу энди рўёбга чиқди, деган фикрингизга мен ҳам қўшиламан. Тилимизни қадимий деганингизга ўринли бир мисол келтирсам. Ўрхун-Энасой ёзувларидан хабарингиз бор. Улар бундан тахминан икки минг йил аввал ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидан чиқиб, шимолга қараб юрган ва кўктурклар давлатини қурган туркий улуслар қаҳрамонликларидан ҳикоя қилади. Бобомиз Абдурауф Фитрат “Ўзбек адабиёти намуналари” тўпламига кирган мақолаларидан бирида шуларни ҳикоя қилади. Мен у битикларнинг бугунги алифбога ўгирилгани шаклини, шунингдек, турли тилларга таржималарини солиштириб чиқдим. Баъзи сўзларни кўриб ёмби топгандек хурсанд бўлиб кетдим. Тошларга Йўллуқ Тегин буйруғига кўра ўйиб ёзилган у битиклар бошқа туркий тиллар орасида ўзбекчага энг яқин эканига гувоҳ бўлдим. Мисол учун, “борсамиз”, “қилсамиз” каби сўзларга дуч келасиз. Бу асосан, пойтахт шевасига хос, лекин ҳамма жойда ҳам эмас, мавзеларнинг айрим жойлардагина сақланиб қолган…

Хондамир Қодирий: — Тўғри, қадимийлигига мисоллар жуда кўп, бироқ уларни фарзандларимизга оддий, тушунарли қилиб етказиб бериш зарур. Мен ҳам халқимиз тарихига жуда қизиқаман, қўлимдан келганича ўқиб-ўрганиб юраман. Сиз айтган мақолани мен ҳам ўқидим. “Бу даврнинг бизга эсон-омон келган энг бурунғи намунаси Ўрхун ва Энасойда топилган тош­битиклардирким, энг муҳимлари милодий олтинчи асрда улуғ бир давлат қурған Тукйу туркларнинг саккизинчи асрдаги хонлари Билга хоқон билан унинг иниси Қултегин ёдномаларидир” дей­ди у. Қодирий яқин тарихга мурожаат қилиб, ўлмас асарлар яратди. Балки яшаб қолганида, олис тарихга ҳам мурожаат қилган бўлармиди? Чунки, Фитрат бобонинг мақоласи 1928 йилда ёзилганига қараганда, бу маълумотлар ўша маҳалда барчани тўлқинлантирган чоғи. Албатта, сиз айтган маълумотлар, халқнинг турли лаҳжалари, урф-одатлари тадқиқ қилиниши зарур бўлган жуда катта ишнинг бир қисми, насиб қилса, ҳаммаси ўз ўрнига қўйилиб, халқимизга, айниқса, фарзандларимизга тўла таълим берилса, ажабмас.

Исажон Султон: — Тошбитикларда туркий элдан ажралиб чиқиб, Чин хоқони ҳашамларига учган яна бир тўда ҳақида ҳам сўз боради. Улар табғачлардир. Бу аслида туркий сўз бўлиб, “уруғ, ҳурматли” маъносини ифодалайди. Чин улусига яқинлашиб, шунчалар киришиб кетишганки, элидан-тилидан воз кечиб, Чин номини олишгач, ўз қондошлари устига юриш қилиб, қулликка солишган. Буни Йўллуқ Тегин отаси Билга хоқоннинг ўз халқига айтган “Қаттиқ ўғилларинг қул бўлди, сулув қизларинг чўри бўлди” сўзлари билан таърифлайди.

Хондамир Қодирий: — Қаранг-а, эл-улусидан тониб кетган тоифа ўша маҳалларда ҳам бўлган экан-да! Мажозан айтсак, таб­ғачлар ҳозир ҳам яшаб келмоқда. Тарих ибрат учундир. Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиманки, собиқ империя ўтмиш устига ташлаган ёлғон ёпинчиғининг йиртиқлари орасидан ҳақиқат ёғдуси барибир кўринди. Халқимизнинг улуғ тарихи чалкаштирилиб, атай бузиб кўрсатилган бўлса-да, бузғунчилар ниятларига эриша олишмади. Бизга ҳаққоний, холис, ибратли тарих керак. Олис тарихни қўйинг, жадид боболаримизни безовта қилган ғоялар, ўй-мулоҳазалар ҳам бузиб талқин қилинганига барчамиз гувоҳмиз.
Исажон Султон: — Демак, кимлардир шунча қудратига қарамай, тарихимиздан ҳайиқишган экан-да?

Хондамир Қодирий: — Ҳайиқмай нима қилсин? “Куч – кучда эмас, маънавиятда” деган гапнинг нақадар ҳаққонийлигини кўряпсизми? Биз айтиб ўтган гаплар ўзбек халқи ва туркийлар тарихининг ўрта қисмига тегишли, асл тарихимиз янада олисларга бориб тақалади. Ҳар ҳолда, шуни билатуриб, ўзларидан қўрққан бўлса керакки, устунлик истаб бузиб юборишган. Қодирий яқин тарихга мурожаат қилганидаёқ типирчилаб, адибни қатл қилишгача боришган.

Исажон Султон: — Сиз боя иззатга сазовор бўлган кишилар ҳаққига қилинаётган дуолардан гапирдингиз. Ҳақиқатан ҳам, инсон дунёдан ўтгач, шунча кишидан дуо етиб турса, бу катта бахт.

Хондамир Қодирий: — Баъзи кишилар ўзларидан из қолдиришмайди. Қодирийни эса халқ мудом иззатлади. Ҳалигача юз минглаб мухлислари асарларини севиб ўқишади. Асар ҳақида сўз кетганида, мен уни бир таълим даргоҳига ўхшатган бўлардим. Мисол учун, кишилар ўзларига савоб етиб туришини истаб мад­расалар, кўприклар, йўллар қуришади. Асар ҳам шундай, фарқи шундаки, у бениҳоя узоқ йиллар яшаши мумкин. Мад­раса маълум фанларни ўргатса, асар фидойилик, инсонийлик, миллатсеварлик, ҳақиқат, имон ва диёнатнинг ҳаётий дарсларидан сабоқ беради. Шу маънода улуғ аждодларимиз ёди қатори, адиб Абдулла Қодирий хотирасининг тикланиши ҳам рамзий маъно касб этади. Қодирий ва унинг сафдошлари халқ хизматкори эди, дедик. Мен ҳам шу улуғ хизматга кичик бир ҳиссам қўшилиб қолишини орзу қиламан. Шу кунларда у кишининг қўлёзмаларини тартиблаш, нусхаларини тўп­лаш, таққослаш, замона воқеаларини солиштириш каби ишлар билан машғулман.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =